Ҳасрато ўтмоқда умрим охиратни ўйламай
Сўрсаким Раббим нечун қилмай ҳаё этдинг гуноҳ,
Ёшуруб элдин ани тутдинг нечун сен эгри роҳ.
Бетайин бўлгач жавобим юз қаро бўлган куни,
Ким манга ҳолим сўраб, илким тутиб, бергай паноҳ.
Ҳасрато ўтмоқда умрим охиратни ўйламай,
Ҳеч кишида йўқ бақолик менга бўлгандек мубоҳ.
Шарбатин тутса қўлимга ногаҳон аччиқ ажал,
Ким ҳимоя айлаб андан, тутқазар қўлга силоҳ.
Сўрсаларким, айт амалниким, сенга бергай нажот,
Не дегайман, солмадим-ку динима лойиқ нигоҳ.
Ҳашру Жамъу Дин дебон келгач Қиёмат номлари,
Ҳам ўлимнинг жарчиси солганда жар мен чекмай оҳ.
Во дариғо, тингламай қолдимми Ҳақ Қуръонини,
Ёсину Қоф сурасидин олмадимму интибоҳ.
Тавба айлаб эшигинг қоқдим қаро юз бирла мен,
Мағфиратли Раб эрурсан, Сендан ўзга йўқ илоҳ.
Бор умидим Сен Ўзинг, кийдир Муқимжон бошига,
Меҳру шафқат, марҳамат ҳам мағфиратдин бир кулоҳ
Муқим Махмуд
|