Қозилар кимлигин ойлардан сўранг,
Бечора камбағал, бойлардан сўранг,
Тупроғи тиллоли жойлардан сўранг,
Номингиз нимадир ўзингиз айтинг,
Ноҳақлик йўлидан орқага қайтинг.
Қозилар кимлигин тутқундан сўранг,
Кулларга кўмилган учқундан сўранг,
Қирғоққа қамалган тўлқиндан сўранг,
Номингиз нимадир ўзингиз айтинг,
Ноҳақлик йўлидан орқага қайтинг.
Қозилар кимлигин сўранг осмондан,
Танаси топталган жони омондан,
Ўнгдану-сўлдану тўртта томондан,
Номингиз нимадир ўзингиз айтинг,
Ноҳақлик йўлидан орқага қайтинг.
Қозилар кимлигин ўзидан сўранг,
Қолипга тушмаган сўзидан сўранг,
Юзидан, қошидан, кўзидан сўранг,
Номингиз нимадир ўзингиз айтинг,
Ноҳақлик йўлидан орқага қайтинг.
Итни қутуртирар унинг эгаси,
Зулмнинг албатта мавжуд чегараси,
Синганни бутламас сира чегаси,
Осмонни устидан тушингиз аста,
Қарғишга қоқилиб бўлмангиз хаста.
Ишонманг амалнинг қисқа васлига,
Инсон бўйсунмасми йилнинг фаслига,
Ҳамма қайтар оқибат ўзин аслига,
Номингиз нимадир ўзингиз айтинг,
Ноҳақлик йўлидан орқага қайтинг.
Руҳиддин Комилов
25 ноябрь 2014 йил