Би-би-си меҳмони Умида Ниёзова Андижон, ўзгариш ва Дон Кихот
ҳақида
Умида
Ниёзова хоним Экстремал
Журналистика Маркази, Озодлик радиоси, Фридом Хаус инсон ҳуқуқлари ташкилоти,
Халқаро Инқироз Гуруҳи, Хюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотида фаолият
олиб борган.
Аббосжон
Assalomu Alaykum
xonim,shu knlarda bbcuzbek.comda Andijon voqealari tug`risida mavzular yana
kutarilyapti,sizningcha O`zbekistonda xaqiqtdan xam qirg`in bo`lganmi,begunox
bolalar va ayollar o`ldirilgani va bu ish bo`yicha aybdorlar jazolanishiga
ishonasizmi,yoki yopiq qozon yopiqligicha qoladimi?
Ниёзова: Яқинда Андижонда намойишчилар
отилганига 4 йил тўлди.
Андижон фожеасига 4 йил тўлган кунда
Европадаги андижонлик қочқинлар ҳукумат билан келишган ҳолда 4 йил жим
ўтирганликларини ошкора қилишди. Лекин бу қирғинга оид материаллар йиғилган. Ман
ишлаган Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти 2005 йил Қирғизистондаги қочқинлар лагерида
элликтадан ортиқ одам билан суҳбат ўтказган эди. Бу суҳбатлардан келиб чиқадиган
хулоса - ҳукумат кучлари халққа қарата ўқ отган.
Бу асосда "Қўрғошин ëмғири" деган ҳисобот
ëзилди ва айнан шу доклад менинг лаптопимдан топилгани ҳукумат назарида жиноят
бўлиб кўринди.
Ҳукумат Андижон воқеалари изларини яшириш
ва тарихни қайта ëзиш учун барча ишни қилди. Сизнинг саволингиз ҳам
Ўзбекистондаги информацион ваакум мевасидир. Ҳукумат халқ билмасин деб ахборот
майдонини мутлақо торайтириб ташлади ва бу йил 13 май куни воқеаларни эслагани
ҳам йўқ. Андижондаги оммавий қирғин халқаро ҳамжамият учун ҳам кўринмас бўлиб
қолди.
Масалан, бундан 20 йил олдин Хитойнинг
Тянаньмень майдонида талабалар отиб ўлдирилганини Ғарб яхши билади. Андижондаги
қирғин ўз кўлами жиҳатдан бундан қолишмайди, аммо у ҳақда фақат инсон
ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар гапирмоқда, холос.
Андижондаги қирғин айбдорларини жазолаш
масаласига келсак, буни биздан, яъни ўзбек халқидан бошқа ҳеч ким қилмайди.
Андижон қирғинини ўз кўзи билан кўрган минглаб гувоҳлар бор. Улар энди соқов
бўлиб турмасдан тилга киришлари керак.
Тарихда мисоллар бор, узоқ йиллар ўтиб ҳам
ўз халқини қирғин қилганларни жазолаш мумкин. Масалан Пиночет қари бўлишига
қарамасдан жазога тортилган эди.
Дилдора Нишонова,
Канада
Assalomu alaekum umida
opa biz hammamiz muhojirlikda yashaemiz yuragimiz qandaydir oksik bari-bir
tugilgan yurtingiz boshqa mana yaqinda andijon-adolat tiklanish degan
germaniyada tashkilot oshildi biz bundan juda hursand buldik sizning
nazaringizda bu tashkilotga qandae qarasiz siz ham andijonda qon tukilganini
guvohi bulganmiz bizning eshiyishimizcna karimov insul bulganmish degan shov
shuvli gap nam yuribdi sizning bunga fikringiz
Ниёзова: Андижонликларнинг ташкилот
тузиши ўз ўзидан жуда яхши факт. Айнан улар фожеанинг гувоҳларидир. Айнан улар
ўқлардан қочиб келишди. Ва айнан улар дунëга қирғин масштаби ҳақида айтишлари
лозим.
Улар буни қила оладими ë йўқми буни ҳали
кўрамиз.
Мен Андижонга 13 майдан кейин отишмадан
сўнг бордим, гувоҳлар билан, врачлар билан гаплашганмиз. 15 андижонлик суд
қилинган маҳкамада бевосита ҳар куни иштирок этган эдим. Улар устидан ўқилган
айблов хулосаси билан танишган эдим.
Бу жуда катта бир ҳужжатда прокуратура
воқеаларнинг фантастик версиясини келтиради. Бу ҳужжатда қандайдир Америка ва
Ғарб ташкилотлари "акромийлар"га ëрдам бергани ва халкаро журналистларниг бир
кун олдин Андижондаги терактлардан ҳабардор бўлгани иддао қилинади.
Ҳукумат назарида Андижон воқеаси Ғарб
ташкилотлари, журналистлар ва акромийларнинг қўшма тадбири
бўлган.
Каримовнинг инсультга чалингани ҳақида ҳеч
нарса билмайман. Каримовнинг саломатлиги давлат сири бўлса керак. Миш-мишларга
ишонишни истамас эдим.
Донат,
АҚШ
Hurmatli Umidahon siz
Huquq faolisiz va siz Uzbekistonda uz ish faoliyatingiz uchun bir qancha muddat
qamoqda utidingiz va butun dunyo jamoatchiligi bosimi orqalik ozodlikka
chiqdingiz. Hozirda ayrim Huquq faollari chet elga vatanni tark etib chiqib
ketishga majbur buldilar va ularga Uzbekiston Ichki ishlar va MHH organlari juda
ogir ayblovlar va terorizmda ayblamoqda sizning fikrizcha ularga rostdan ham
yuqoridagi ayblovlar tugrimi?
Ниёзова: Бир неча ўнлаб ўзбек қочқинлар
СНБ тарафидан терроризмда айбланмоқда ва гўёки қидирувга берилган. Улар ўрмонга
қочиб яшириниб юрганлари йўқ. Улар ғарб мамлакатларида қочқинлар бўйича
конвенция ҳимоясида яшамоқда.
Агар Ўзбекистон суд тизимига ишонч
бўлганида, (халқаро ташкилотлар) бу шаҳсларни уларга берар эди.
Мен ўзим Ўзбекистон судлов тизими қўлида
бўлганман... Бу тизим паралич ҳолатида. Уни на мустақил, на адолатли деб айтишга
тилим ҳам бормайди. Бу тизим ҳукумат жазо машинасининг бир бўлагига
айлантирилган, у фақат буйруқ асосида ишлайди. Буни ëш бола ҳам билади.
Дебора
Кинг
Salom Umida. Meni
savolim shundan ibboratki agar esingizda bulsa, siz 2006 yil yangiyullik
namozhonlarni mahkamu sudida ishtirok etgandingiz, ana ushanda Sudya
sudlanuvchilarga Shartli ravishda jazoasi belgilagan edi, nega usha sudya buncha
kam muddat jazo belgilagan, bu sizlarning harakatlaringiz tufaylimi yoki
Sudlanuvchilar aybiga iqror bulmaganliklaridamidi? Yoki sudya yosh tajribasiz
bulganmidi? oldindan rahmat.
Ниёзова: Мен бу маҳкамани яҳши эслайман.
2006 йил баҳорида янгийўллик 8 йигитни суд қилиб диний экстремизмда, яъни
ваҳобийликда айблашди. Уларни айблаш учун келтирилган исботлар ҳатто Ўзбекистон
судлов тизими учун ҳам ўта ночор ва кулгили эди. Прокурор аргументлари - "намоз
ўқилган пайтда қўллари очилиб ўқилибди, шунинг учун ваҳобийсан" дейишди уларга.
Бу ҳақда СНБга ёзиб берган чақимчи
йигитнинг ўзи эса ўғирликда айбланиб қўлга олинган эди. Ўғри йигит диндор
мусулмонни нотўғри тарзда намоз ўқиганликда айблаяпти.
Айбланувчилар судга тергов давомида уларни
қандай қийнаганларини¸ калтаклаганларини айтиб беришди. Айбланувчининг бирининг
отаси, кекса ўқитувчи ëнимда ўтирар ва жимгина йиғлар эди.
Гаров эвазига озодликда қолдирилган
иккитаси бошқаларга нисбатан айблов кўрсатмаси бериши керак эди. Шунақа келишув
бўлгандек кўринган. Аммо, бу йигитлар судда бошқаларга қарши кўрсатма беришмади.
Бу улар учун жуда қийин бўлди. Ҳатто бир йигитнинг гапираëтиб судда тутқаноғи
тутиб қолди.
Бўлаётган ноҳакликларни кўп инсон
ҳуқуқлари фаолари, дипломатлар кузатди, ва шу сабабли улар шартли жазо олиб суд
залидан чиқиб кетишди.
Мана, ўшанда ҳали судларни кузатиш имкони
бор эди. Кейинчалик бизни суд залига киритишмади. Мана судлар очиқ деб элон
қилинган бўлса ҳам амалда бу ëпиқ судлар эди. Судда қатнашиш учун суд раисидан
рухсат олиш лозим эди. Сиздан 30 кун олдин ëзма мурожаат талаб қилишади. Жавоб
ола олмаслигингиз эса олдиндан малум.
Бу чекловлар инобатга олинса,
Ўзбекистондаги судлар - ëпиқ жараëн.
Бобур Бобуров,
Ўзбекистон
ASSALOMU ALAYKUM, UMIDA
OPA NIMA DEB O'YLAYSIZ UZBEKSTON HUKUMATI TASHQARIDA YURGAN TALABLAR YOKI
MUHOJIRDAGI ODAMLARNI, UYLARIGA TELFON QILISHLARINI KUZATADIMI YOKI TASHAQARIDAN
TURIB UZ DUSTALRIGA HAT YOZIGANLARNICHI? HULLAS BIZDA FILTRLASH BORMI?
TASHQARIDAN KELYATGAN ALOQANI? AGAR SHU HAQIDA MA\LUMOTLARIZ BULSA AYTSIZ,
CHUNKI BA\ZI BIR DUSTLARIMIZ TASHQARIDAN UYLARIGA QURQUV SABAB KELA
OLISHMAYAPTI? 2-SAVOL ANDIJON VOQEALARI YUZASIDAN BIRON BIR UZGARISH BULADIMI
INSON HUQUQLARI TASHKILOTIDA? ANDIJONLIK MASHHUR OLIM AVDUVALI QORI TAQDIRI
HAQIDA NIMALAR MALUM?
Ниёзова: Манимча, 27 миллион одамни
назорат қилиш учун ресурслар йўқ. Демак ҳар бир ташқаридан келаётган қўнғироқ
ёки хат текширилмаса керак. Назорат кўзга кўринган мухолифат, дин арбоблари ва
инсон ҳуқуқчиларга нисбатан тотал тарзда олиб борилади. Бу интернет алоқасига
ҳам тегишли, электрон ёзишмалар ҳам фильтрация бўлиши мумкин. Билишимча,
фильтрация калит сўзларга асосланган. Масалан, Каримовлар оиласи, терроризм,
инсон ҳуқуқлари ва шунга ўхшаган сўзлар мавжуд хатлар йўлда ўқилиши мумкин.
Лекин, манимча, қанча қўрқув кам бўлса шунча яхши.
Андижон борасида гапириб
ўтдим...
Абдували қори Мирзаев 1995 йил Москвага
кетаётганида аэропортда регистрация қилиб залга кириб кетган, лекин самолёт
ичида уни кўришмаган. Унинг ўғли Абдулқуддус Мирзаев 2006 йил Арабистонда
автоҳалокатда ўлган. Ўлимидан олдин отасини топиш учун роса ҳаракат қилган.
Ўзбекистон СНБси тарафидан Абдували Мирзаев ўғирлаб кетилган деган собит фикр
бор. Ҳали ҳам, ҳозирги суд ҳукмларида Абдували қори Ўзбекистондаги ваҳобийлик
асосчиларидан бири деб айтилади, лекин ҳукумат шу пайтгача уни ўғирланганлигини
инкор қилади. Ўтган йилларда иккита манба Абдували қори тириклиги ҳақида
гапирган эди. Биринчиси - у билан ўтирган собиқ маҳбус, иккинчиси - собиқ СНБ
ходими Икром Ёқубов.
Умида,
Тошкент
Умида, не кажется ли
вам, что действия многиз правозащитников, оказавшихся теперь за пределами
страны, также как и вы, похожи на действия известного Дон Кихота, боровшегося с
ветрянными мельницами? У него тоже были благородные цели, но эти цели не
оправдывали затраченные на них средства? а средствами в данной ситуации являются
невозможность жить на родине, видеться с близкими, (так часто как этого бы
хотелось), в обмен на свободу говорить правду? Вы бы хотели, всё вернуть на
несколько лет назад, когда вы только начались заниматься правозащитной
деятельностью, лишь чтобы не пережить того, что вам пришлось из-за этого?И если
бы вам судьба предоставила такой шанс, стали бы вновь этим
заниматься?
(Умида, сизга ўхшаб
хорижда яшаётган кўплаб инсон ҳуқуқлари фаолларининг фаолияти шамол тегирмонлари
билан олишган Дон Кихотнинг ҳаракатларига ўхшайди деб ўйламайсизми? Унинг ҳам
мақсадлари олийжаноб эди, бироқ бу мақсадлар унинг йўлида сарфланган заҳираларни
оқламаган. Айни вазиятда заҳиралар деганда, ҳақиқатни гапириш эркинлиги эвазига
ватанда яшаш, яқинлар билан кўришишнинг имконсизлиги назарда тутилади.
Бошингиздан ўтганларни яна кўрмаслик учун эндигина инсон ҳуқуқлари фаолияти
билан шуғулланишни бошлаган йилларингизни ортга қайтаришни истармидингиз? Агар
тақдир имкон берса, яна шу иш билан шуғулланармидингиз?)
Ниёзова: Билмадим, қамоқда бўлганимда
икки ёшар ўғлимни эслаб, етти йиллик ҳукмни эшитиб қийналганларимда, бу ишга, бу
фаолиятимга қўл урмасам, бунақа қийналмасдим, деб ўйлардим. Лекин, ундан сўнг
қанча дўстларимиз, ҳамкасбларимиз ҳибсга олинди: мухолифатчи Аъзам Турғунов,
инсон ҳуқуқлари фаоли Норбой Ҳолжигитов, шоир Юсуф Жума. Улар ҳар куни қийналиб,
турмада ўтиришибди. Алишер Соипов ўлдирилди. Буларни билиб туриб, ҳеч нарса
қилмасдан тинч ўтириш қийин экан. Балки қилаётган ишимиз Дон Кихот ишига ўхшаб
кетар, балки самарасиз кўринар, лекин ман позитив ўйлагим келади, чунки биз
адолат учун курашаяпмиз.
Пушаймон қилган вақтларим ҳам бўлади,
албатта. Қамоқда ўтирганимда, ўйдагиларни соғиниб уйимга бора олмаганимда,
шундай пайтлар ҳам бўлади.
Маъсума
Umidahon yaqinda
eronlik jurnalist Ruhshona Sobiriy qamoqdan ozod boldi. Uni taqdiri siznikiga
uhshab ketadi desa buladimi?
Ниёзова: Қанақадир тарзда ўхшаб кетса
керак. Чунки Рухсона ҳам чет эл оммавий ахборот воситалари билан ишлагани учун
қамоққа олинган ва унга ҳам оғир ҳукм ўқилинган. У қаттиқ халқаро босим туфайли
озодликка чиққан. Шу жиҳатларидан менинг ишимга ўхшаб кетади.
Фикриё Жумаева,
Миср
Umida opa sizga savolim
ozbekistonda uzgarishlar buladimi?
Ниёзова: 2007 йил 22 январь куни биз
раҳматли Алишер Соипов билан Ўшда учрашиб Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида
берилиб гаплашгандик. Орадан 5 соат ўтиб ман чегарада ҳибсга олиндим. Орадан бир
ярим йил утиб Алишер ўлдирилди.
Афсуски, ҳозир Ўзбекистондаги амалдорларни
мавжуд ҳолат қониқтиради. Улар учун коррупциянинг бўлгани маъқул. Эркин оммавий
ахборот воситаларининг бўлмагани ҳам уларга ëқади. Чунки ҳеч ким уларнинг
нотўғри ишларига назар ташламайди. Ноқулай саволлар бермайди.
Улар учун мухолифатнинг бўлмагани маъқул.
Улар ҳокимиятда умрбод ўтирмоқчи. Бу маъмурий машина давлат ресурсларидан,
халққа тегишли бойликдан чекловсиз фойдаланади.
Бечора фермер эса ўз оиласини зўрға
боқади. Пахта нархининг жаҳон бозоридаги нархини билмайди ҳам. Пахтадан келган
пул қаерга кетди деб сўрамайди ҳам. Оддий одамлар давлат бюджети кимлар қўлида
экани, нега бу бойликдан халқ манфаат кўрмагани ҳақида ўйламайди ҳам.
Шунинг учун ҳам ўзгаришлар ҳақидаги гап ва
орзунинг ўзи ҳам йўқ.
Мана сизга кейинги 20 йилнинг
манзараси.
Ўзбекистон эркинлик йўқлиги, сиëсий
маҳбуслар сони бўйича, коррупция тарқалганлиги бўйича ҳам барча мамлакатлар
орасида биринчилар қаторида.
Ўзбекистон трансформацияси ҳақида турли
таҳминлар бор ва уларни барчаси умидсиз. Ҳозирги шаклда агар юқори раҳбарлар
орасида ўзгариш бўлса ҳам режим узоқ вақт ўзгаришсиз қолиши мумкин.
Аммо, ўз вақтида Совет Иттифоқи ҳақида
худди шундай дейилган эди. 20 йил аввал қўшиқчи Виктор Цой "Мы ждем перемен"
(Биз ўзгариш кутяпмиз) деганида миллионлаб одамлар у билан бу гапни такрорлаган
эди. Сал ўтмай ўзгаришлар бўлувди ўшанда. Демак, биз ўзгаришлар кутмоқдамиз. Цой
айтганидек, "мы ждем перемен".
|