Ўзбек-қирғиз чегарасида яна бир кўнгилсиз ҳодиса
|
|
Сўнги пайтларда ўзбек-қирғиз чегарасида можаролар кўпайиб бормоқда |
Ўзбек-қирғиз
чегарасида яна ўқотар қурол ишга солинган. Қирғиз расмийлари ва ҳодиса
гувоҳларига кўра, Ўзбекистон чегарачилари ўзбек томонига таъқиқланган
жойдан ўтган Қирғизистон фуқароси, 29 ёшли Улуғбек Жўрахоновни нишонга
олишган.
Шоҳидларга кўра, ҳодиса жойида йиқилган Қирғизистон фуқаросини чегарачилар Ўзбекистон ҳудудига олиб кетганлар.
Улуғбек Жўрахоновнинг яқинлари ўзбек расмийларига мурожаат этишганини, бироқ унинг тирик ёки тирик эмаслиги борасида ҳеч қандай
ахборот олишмаганини айтганлар.
Би-би-сининг Қирғиз хизмати мухбири Ойбек Абдилдаевга кўра, ҳодиса 7-июнь куни, маҳаллий вақт билан эрталабки 6лар чамасида
Қирғизистон билан Ўзбекистон чегарасида жойлашган Суратош қишлоғи яқинида юз берган.
Жўрахоновни манзилга олиб борган такси ҳайдовчисига кўра, у машинани тўхтатган ва чегаранинг ўтиш ноқонуний бўлган жойидан
Ўзбекистон тарафга ўта бошлаган.
Ҳайдовчи кутилмаганда қандайдир шовқин ва "Тўхта!" деган буйруқни эшитганини айтган. Маълум вақт ўтиб, ўқ овози эшитилган.
Такси ҳайдовчиси йигитни Ўзбекистон ичкарисига олиб кетганларини кўрган. Унинг фикрига кўра, йигит ўзи юра олмаган.
Айни пайтда Миллий хавфсизлик хизмати ва Қорасув туман прокуротураси ходимлари ҳамкорлигида ушбу можаро тафсилотларини аниқлаш
юзасидан текширув ишлари олиб борилаётгани хабар берилади.
Дастлабки хабарларда Улуғбек Жўрахонов Дўстлик назорат нуқтаси жойлашган ҳудуддаги шифохонага олиб борилгани ва реанимация
бўлимида олган жароҳатидан ҳаётдан кўз юмгани айтилганди.
Билдирилишича, Ўш чегара бўлинмаси командири ҳодиса сабабларини аниқлаш учун учрашув ўтказишни талаб қилган, аммо ўзбек тарафи
бу талабга рад жавобини берган.
Ўзбек-қирғиз
чегарасида вазият узоқ вақтдан бери таранг бўлиб келади. Айрим
маълумотларга кўра, ўзбек чегарачилари Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан
чегарадош Жалолобод вилояти Чек қишлоғига киришга шлагбаум ўрнатишган.
У ердаги муаммо ўтган апрел ойида ўзбек чегарачилари
қирғизистонликларнинг уйларида тинтув ўтказишлари ортидан келиб
чиққанди.
26-майдан сўнг Ўзбекистоннинг Хонобод чегара нуқтаси ёпилиб, ўтган ҳафтанинг охирларида очилганди
|