'Манас' фаолияти тўхтатилмаслиги мумкин'
|
|
'Манас' ҳаво базасини ёпиш учун августгача муҳлат берилганди |
Қирғизистоннинг
юқори мартабали мулозими Америка бошчилигидаги коалициянинг
Қиризистондаги базадан фойдаланишда давом этишига рухсат берилиши
мумкинлигини айтган. Қирғизистон Президенти девонининг ташқи алоқалар
департаменти бошлиғи Ойбек Молдогазиев Афғонистон Президенти Ҳомид
Карзай базадан фойдаланишда давом этишга рухсат берилишини сўраб
мурожаат этгани ва айни масала келаси ҳафта қирғиз ва афғон
президентларининг Москвадаги учрашуви чоғида муҳокама қилинишини
билдирган. Шу йил бошида расмий Бишкек молиявий товон тўланмаётгани
важидан Манас ҳаво базасини ёпиш учун августга қадар муҳлат берган эди.
Хўш, Қирғизистон эндиликда ўз қарорини қайта кўриб чиқмоқчими? Би-би-си
ушбу саволни Москвалик шарҳловчи Санобар Шерматовага берган:
Санобар Шерматова:
Менимча, буни шу йилнинг 3-февралида Президент Қурмонбек Бакиевнинг
Америка базасини ёпиш ҳақидаги баёноти билан бошланган ўйин поёнига
етмоқда, деб тушунтириш мумкин. Эътибор беринг, Президент Карзайнинг
мактуби ҳақида Президент Бакиев маъмуриятининг мулозими матбуотга
яширинча ахборот бераяпти. Бундан қирғиз томонининг жавоби ижобий
бўлишини аввалдан башорат қилиш мумкин. Президент Карзайнинг шахсий
илтимоси, менимча, қирғиз томонининг ўз юзини сақлаб қолиш усули, деб
ўйлайман. Чунки, нима қилган тақдирда ҳам, Президент Бакиев "базани
ёпамиз" деб айтди, қирғиз парламенти буни тасдиқлади, энди эса,
вазиятдан чиқиш керак. Менимча, Ҳомид Карзай аслида қирғиз томонининг
илтимоси билан ҳаракат қилаяпти бу ерда.
Би-би-си: Яъни, Сиз қиргиз томони ўз қарорини қайта кўриб чиқишига шубҳа қилмайсиз, шундайми?
Санобар Шерматова:
Ҳа, мен бунга ишонаман. Чунки 3-февралдан кейин юз берган воқеаларнинг
шарҳи шундай хулосага етаклаяпти. Қаранг, бир томондан қирғиз
парламенти базани ёпиш ҳақидаги қонунни маъқуллаяпти, бунинг ҳуқуқий
асослари ишлаб чиқаяпти, иккинчи томонда эса, қирғиз мулозимлари "биз
базанинг тақдири юзасидан музокараларга тайёрмиз", деган баёнотларни
беришаяпти... Бундай музокаралар, ҳақиқатан ҳам бўлиб ўтган. Гарчи
қирғизлар "йўқ, музокаралар бўлмаяпти", деб туришган бўлса ҳам, биз
бундай мулоқотлар бўлаётганини билардик, нафакат икки томонлама, балки
уч- Россиянинг ҳам иштирокида ўтаётган эди бу музокаралар. Бу ҳақда
америкаликлар ҳам айтишган...
Би-би-си: Қиргизистондаги АҚШ базасининг тақдири аввал-бошдан Россиянинг Қирғизистонга кўп миллиард долларлик ёрдами билан боғланган.
Қирғиз томонининг ўз қарорини ўзгартириши бу ёрдамга таъсир қиладими?
Санобар Шерматова:
Аслида бу икки эмас, балки уч ҳамкорнинг ўйинлари эди. Яъни,
Қиргизистон, Россия ва Вашингтон. Агар Американинг, Афғонистон
манзарасида Москва билан муносабатларига кенгроқ қараладиган бўлса, бир
нарса ойдин бўлади. Охирги йилларда, 2001-йилда америкаликлар
Афгонистондаги ҳужумни бошлаганларидан сўнг, Москвани унутишганди.
Марказий Осиёдаги базалари ишлаб турганди. Гуржистондаги урушдан сўнг
эса, Москва ҳамда Вашингтон ўртасидаги бутун ҳарбий мулоқотлар
музлатилди. Бу вақт давомида Россия Америкага "биз сизга Афғонистонда
керакмиз, бизсиз муаммони ечолмайсиз" деб айтиб келишди. Февралдан
кейин эса, вазият ўзгарди. Америкаликлар Россиянинг ёрдамини сўраб,
мурожаат қила бошладилар. Яъни, Россия жараёнга қўшилди. Москва ўз
мақсадига эришди. Чунки, Америка Марказий Осиёдаги базалар билан боғлиқ
музокараларда Россиянинг ролини тан олди. Бу аввалдан режалаштирилган
бир ўйин эди ва бундан Қирғизистон ҳам, Россия ҳам ютди. Қиргизистон
Россиянинг ёрдамини олмоқда ва олишда давом этади. Базанинг қолдирилиши
бу ёрдамга таъсир қилмайди.
|