|
|
Оврўпо Иттифоқи ҳайъати Тошкентда инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақида гаплашиш истакларини билдирганлар |
Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволини муҳокама этиш мақсадида Оврўпо Иттифоқининг ҳайъати Тошкентда
бўлиб турган пайтда инсон ҳақлари фаоллари дўппосланган.
Ҳозирги
пайтда Чехия Оврўпо Иттифоқига раислик қилмоқда, шу муносабат билан
ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Тошкентдаги Чехия элчихонаси
олдида акция уюштиришга қарор қилганларини Би-би-сига маълум этишди.
"Аммо
элчихонага етмасдан инсон ҳуқуқлари фаоллари Элнур Абдулов ва Анатолий
Волковни фуқаро кийимидаги одамлар ушлаб, уларга тан жароҳати
етказишди. Татьяна Давлатова ва Олег Сарапулов қўлга олинди. Уларни
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани милиция идорасига олиб кетишди", деб
айтди норасмий "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси" фаоли Елена
Урлаева.
Елена
Урлаеванинг айтишича, тинч норозилик амалиётида Ўзбекистонда инсон
ҳуқуқларини ҳокимият вакиллари томонидан поймол этиш ҳоллари ҳамон
тўхтамаётгани ҳақидаги ариза ва бу ҳолатлар ўз тасдиғини топган
ҳужжатларни Чехия элчилигига тақдим этиш мақсадида бўлганлар.
Бунга қаршилик қилинганидан кейин фаоллар ҳужжатларни Тошкентдаги Швейцария элчихонасига топширмоқчи бўлганлари, бунга ҳам
ўзларига имкон берилмаганини айтдилар.
"Ҳеч биримиз бирон эчлиликка етиб бора олмайдик. Ҳукуматимиз инсон ҳақлари фаоллари мамлакатдаги афтодаҳол аҳволни Оврўпо
иттифоқи вакилларига етказишини истамайди", деди Елена Урлаева.
Ўзбек
расмийлари билан учрашувлардан илгари Оврўпо Иттифоқи делегациясининг
аъзолари Тошкентда инсон хуқуқлари фаоллари, адвокатлар, мустақил
журналистлар ва ноҳукумат ташкилотлар вакиллари билан учрашиб, уларнинг
Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ахволи тўғрисидаги маърузаларига қулоқ
тутганлар.
Учрашувда
қатнашган инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов ўз маърузасида
мамлакатдаги вазиятни қаттиқ танқид қилган, унга кўра ўзбекистонда
қийноқлар қўлланиши давом этмоқда, ўнлаб фаоллар ё қочиб кетган ё руҳий
шифохонага ташланган, маҳкама тизими эса бир томоша.
Human Rights Watchнинг ўзбек ҳукуматига босим талаби
Ўзбекистон
2005 йил 13 майидаги Андижон хунрезликлари юзасидан мустақил текширув
ўтказиш талабларини рад этиши ортидан Оврўпо Иттифоқи жазо чораларини
киритган, ўзбек расмийларининг иттифоққа аъзо мамлакатларга сафар
қилиши ва Ўзбекистон билан қурол-яроғ савдоси тақиқланган.
Халқаро
инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини
кучайтириш талабларини тўхтатмадилар, бироқ Оврўпо Иттифоқи расмийлари
Ўзбекистон билан мулоқот юритиш воситасида мамлакатдаги вазиятни
яхшилаш ниятида эканларини айтиб, ўтган йили кузида виза тақиқловини
бекор қилдилар.
Тошкентда Оврўпо Иттифоқининг Чехия раислигидаги вакиллик гуруҳи Ўзбекистон расмийлари билан учрашар экан, халқаро Human Rights
Watch ташкилоти иттифоқдан Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга чақирган.
"Ўзбекистонда
мустақил инсон ҳуқуқлари фаолларини таҳқирлаш ва уларга ҳужум қилиш
ҳоллари давом этмоқда. Биз Оврўпо Иттифоқи вакилларидан айнан мана шу
масалалар бўйича Ўзбекистон ҳукумати мулозимларидан изоҳ талаб қилишни
ва Ўзбек расмийларидан инсон ҳуқуқлари фаоллари хавфсизлигини
кафолатлашни сўрадик. Биз Оврўпо Иттифоқидан Ўзбекистон ҳукуматидан
кўплаб соҳаларда аниқ ўзгаришлар ясашни талаб қилишда давом этишини
хоҳлаган бўлардик", деб айтди Human Rights Watch вакиласи Алисон Гилл
|