|
|
Аҳмад Болтаев Алмати шаҳридаги эски-туски буюмлар бозорида қўлга олинган |
Қозоғистондаги ўзбекистонлик қочқинлар гуруҳи сурхондарёлик Аҳмад Болтаевнинг Ўзбекистонга топширилиш эҳтимолидан хавотир
изҳор этганлар.
Асосан диний эътиқоди туфайли қочқинга айланган ўзбекистонликлар тарқатган мурожаатга кўра, бир неча кун илгари Аҳмад Болтаев
Алматидаги бозорда Қозоғистон хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган.
Қозоғистон расмийлари унга нисбатан Ўзбекистон тарафидан қидирув берилганини айтишган.
Аҳмад Болтаев кейинчалик қўйиб юборилган эса-да, бироқ унинг келажакдаги хавфсизлиги сафдошларини хавотирга солмоқда.
Москвадаги "Мемориал" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Аҳмад Болтаев ҳодисасини ўрганган.
Би-би-си "Мемориал" ташкилоти директори Виталий Пономарёв билан боғланиб, ҳодиса тафсилотлари ҳақида сўради.
Виталий Пономарёв:
Аҳмад Болтаев 2 июн куни Алматидаги эски-туски моллар сотиладиган
бозорда ушланган. Қўлига кишан солиб, Алмати шаҳар Миллий Хавфсизлик
қўмитасига олиб кетишган. Хавфсизлик ходимлари Болтаевга нисбатан
Ўзбекистон ҳукумати қидирув эълон қилганини ва унга конституцион
тузумга тажовуз қилиш ва жиноий гуруҳга аъзолик каби айбловлар
қўйилганини айтганлар. Болтаевни шафқатсиз сўроқ қилишган ва
калтаклашган. Уни Ўзбекистонга топшириб юбориш билан таҳдид қилишган.
Сўроқ жараёнида асосан ундан Ўзбекистонда қўйилган жиноий айблов
тафсилотлари сўралган. Болтаев терговчиларга ўзига Қозоғистондаги
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар агентлиги томонидан
берилган "муҳожирлик мақомини изловчи" ҳужжатини кўрсатган, улардан
турмуш ўртоғи ва БМТ Қочқинлар Агентлигининг Алматидаги бўлимига
телефон қилишга изн беришларини талаб қилган. Аммо унинг бу талабларини
улар рад этишган. Сўроқ кечгача давом этган ва кечқурун уни Алматидаги
милиция бўлинмаларидан биридаги изоляторга қамаб қўйишган. Эртаси куни
эса гўёки шахсини аниқлаштириш учун уни муваққат ушлаб туриш идорасига
жўнатишган. Ундан барча ҳужжатлари тортиб олинган. У ҳали ҳам ўз
ҳужжатларини қайтариб ололгани йўқ.
Савол: Болтаевнинг ўзи қаерда ҳозир?
Виталий Пономарёв:
Болтаевни машинада муваққат ушлаб туриш идорасига олиб кетаётганларида,
у ўз хотинига у билан бирга олиб кетилаётганлардан бирининг қўл
телефони орқали қўнғироқ қилишга ва вазиятни тушунтиришга улгуради.
Телефон суҳбати милиция томонидан тўхтатилади. Натижада БМТ Қочқинлар
агентлиги ишга аралашишади ва Қозоғистон ҳукуматидан уни озод
этишларини сўрайди. Шундай қилиб, Болтаев 4 июнь куни кечқурун қўйиб
юборилади. Ҳозирда унинг Алматида экани айтилади. Аммо ҳозирга қадар у
на пулини, на қўл телефони ва на ҳужжатларини ололди.
Савол: Нега Қозоғистон хавфсизлик ходимлари бирданига қочқинлар изига тушиб қолди? Сўнги пайтларда ўзбек қочқинларига босимлар
йўқ эди шекилли...
Виталий Пономарёв:
Охирги ҳодисадан махсус хизматлар Андижон вилоятида юз берган
зўравонликлардан кейин анча фаоллашган бўлишлари мумкин, дея тахмин
билдириш мумкин. Афтидан, Болтаевнинг ҳибсга олиниши сиёсий даражадаги
эмас, балки хавфсизлик органларининг ўзаро ҳамкорлиги натижасидир.
Хавфсизлик ходимларининг ҳаммаси ҳам халқаро масъулиятларни тушунишади,
деб ўйламайман.
|