Элчи Норланд: 'Президент Каримов ҳам, АҚШ ҳам ўзаро яқинлашишга иштиёқ борлигини намойиш қилишди'
|
|
Элчи Ричард Норланд: 'бир-бирини иҳоталашдан ва мулоқот йўлини узишдан ҳеч ким фойда кўрмайди' |
Ўзбекистон АҚШ Президенти Барак Обаманинг Қоҳирадаги мусулмон дунёсига
қаратилган нутқини олқишлаб чиқди. Ўзбек ҳукуматининг "Жаҳон" ахборот
агентлиги Президент Обама нутқи, айниқса, демократияни тарқатиш бобида
ҳушёр, аниқ ва прагматик эди, деб тасвирлайди.
Сўнгги
йилларда Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон алоқалари совуқлашган.
2005 йилги Андижон ҳодисаларининг Ўзбекистон ҳукумати тарафидан
бостирилишини Вашингтон танқид қилиши ортидан, Ўзбекистон ўз ҳудудидан
АҚШ ҳарбий базасини чиқариб юборганди. Айни пайтда Америка раҳбарияти
Ўзбекистонга ўзининг ҳарбий базасини жойлаштиришни сўраб, мурожаат
этгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Би-би-си АҚШнинг Ўзбекистондаги
элчиси Ричард Норланд билан боғланди ва аввало Ўзбекистон баёнотига
муносабатини сўради.
Ричард Норланд:
Бутун дунёдаги Америка элчиларидан бу нутққа қандай муносабат
билдирилаётганини ўрганиш сўралган, чунки бу глобал аҳамиятга эга воқеа
эди. Ўзбекистонда ҳам расмийлар ва оддий аҳолининг муносабатини билишга
уриниб келаётгандик. Ўзбек ҳукумати чоп қилган баёнотдан мамнунмиз. Мен
ҳозиргина АҚШ элчихонасига инглиз тилини ўрганиш учун келадиган бир
неча ёшлар билан учрашдим, биз уларга Президент Барак Обаманинг
мурожаатини эшиттирдик, уларнинг муносабати ҳам жуда яхши бўлди.
Би-би-си: Ўзбекистон баёнотини Ғарб ва АҚШ билан алоқаларни яхшилаш йўлидаги ҳаракати деб талқин қилаяпсизми?
Ричард Норланд:
Мен ўзбек баёнотини қандай бўлса шундайлигича қабул қилаяпман. Менимча
муҳим жиҳати шуки, Президент Обаманинг мурожаати кўзлаган мақсадига
етиб борди. У янгича алоқаларни, янгича бошланишни истайди, у барчамиз
юз тутаётган Афғонистон, демократия ва аёллар ҳуқуқлари каби
муаммоларни ечишга интилади. Биз бу муаммоларни шериклик орқали ечишни
истаймиз ва ўз қадриятларимиз ва давлат тизими турларини бировга куч
билан ўтказаётгандек намоён бўлишни хоҳлаймаймиз. Халқнинг
хоҳиш-истагини акс эттирадиган ҳукуматларни қўллаб-қувватлашда давом
этамиз. Шундай экан, ўзбек баёнотидан мамнун бўлаётганимга сабаб шуки,
Президент Обаманинг мурожаати кўзланган мақсадга етиб борган кўринади.
Би-би-си: Сиз яқинда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашдингиз. Бу каби баёнот ортидан сиз нималарга умид қилаяпсиз?
Ричард Норланд:
Мен бу учрашувни таҳлил қилиб ўтирмаган бўлардим. Президент Каримов
ҳам, АҚШ ҳам охирги икки йил ичида босқичма-босқич ўзаро яқинлашишга
иштиёқ борлигини, ишончни қайта тиклаш ва ҳамкорликни исташларини
намойиш қилишди. Ҳисобга олиниши керак бўлган барқарорлик ва
фаровонликка доир мавзулар жуда кўп, бир-бирини иҳоталашдан ва мулоқот
йўлини узишдан ҳеч ким фойда кўрмайди. Охирги бир неча йил ичида гувоҳи
бўлаётганимиз АҚШ ва Ўзбекистон барқарор тарзда алоқаларни тиклаб
бораяпти. Турлича қарашлар ва ёндашувлар ҳар доим ҳам мавжуд бўлиб
қолади, ҳар қандай соҳада келишувларимиз аъло даражада деб ҳеч ким
айтмаяпти. Бироқ, президент Обама айтганидек, бировнинг бошқариш
усулини бошқаларга босим билан ўтказишдан кўра ўзаро ишлаш йўлларини
ўрганиш керак.
Сиз
Афғонистонни тилга олдингиз. У ердаги аскарларга ёрдам етказиш йўлида
Ўзбекистонда АҚШ базасини яна очиш муҳокама қилинаяптими-йўқми?
Ричард Норланд:
Ҳозирда муҳокама қилинаётгани ва келишилгани шуки, Афғонистондаги
аскарларимизга Ўзбекистондаги асосан автомобил йўли ва темирйўл орқали
фуқаровий ва ноҳарбий маҳсулотлар етказиб берилади. Баъзи маҳсулотлар
Навоийдаги марказга етказиб берилади, сўнгра юк автомобилларида
Афғонистонга ташилади. Базалар ҳақида ҳозирча гапириш ўринли эмас, деб
ўйлайман. Минтақадаги ҳар бир мамлакат Афғонистондаги вазият
ривожланиши учун АҚШ билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор.
|