|
|
Расмий Тошкент билан музокаралар ошкора тус олаётгани айтилади |
'Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот бор, аммо мушкулликлар йўқ эмас'
Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотларнинг учинчи босқичини ўтказиш учун келган Оврўпо Иттифоқи мулозимлари чоршанба
куни ташрифга якун ясашар экан, мавжуд қийинчиликларга қарамай музокараларда олға силжиш борлигини айтган.
Бироқ бу "олға силжишнинг" амалдаги натижаси ҳали маълум бўлмасада, учрашувларнинг тобора ошкора ва очиқ руҳда ўтаётганининг
ўзи ривожланиш сифатида кўрилмоқда.
Делегация
аъзоси, Оврўпо Комиссиясининг инсон ҳуқуқлари бўйича бўлими раҳбари
Роиф Тиманс ўзбек расмийлари билан учрашув якунларидан Тошкентдаги ОИ
мамлакатлари дипломатлари ва халқаро ташкилотлар вакилларини хабардор
қилган.
"Инсон ҳуқуқлари бўйича музокара ўтказиш қийин масала, айниқса бу вазиятда ва бу ерда ўта қийин,"-деган у.
Мулоқот учинчи марта ўтказилаётганини айтган Роиф жаноблари ҳар сафар мулоқотлар тобора конструктив ва ошкора тус олаётганини
таъкидлади.
"Шу боис бизнинг назаримизда бўлиб ўтган музокараларни олға силжиш деса бўлади," деган Роиф жаноблари.
Иттифоқ мулозимига кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутувчи қонуний ҳужжатларни тайёрлашга катта
эътибор бермоқда.
Бироқ "бизнинг назаримизда энг муҳими бу қонуний ҳужжатларнинг амалдаги ижросини таъминлашдир," деган у.
Томонлар келгуси мулоқотни 2010 йили Белгия пойтахти Брюсселда ўтказишга келишиб олганларини маълум қилган.
Делегация таркибида Оврўпо Иттифоқига раислик қилаётган Чехия ва тез орада раисликни қўлига оладиган Швеция мулозимлари ҳам
бўлган
|