'Мажбурий меҳнат қилаётган болалар сони ортмоқда'
|
|
Ўзбекистонда болаларни мажбурий меҳнатга ундайдиган омиллардан бири бу-қашшоқлик |
Глобал иқтисодий инқироз кучайган сари дунёда янада кўпроқ болалар мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда. Айни вазиятда айниқса
қиз болалар энг заиф тоифа экани айтилади.
Халқаро Меҳнат ташкилотининг Женевада бошланган анжумани ана шундай огоҳлантириш билан бошланган.
Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланувчи давлат сифатида энг кўп танқид қилинадиган давлатлардан бири ҳисобланади.
Қатор ғарб ширкатлари пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш талаби билан чиққанлар.
Аммо,Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолларининг кенг тарқалганини рад этиб келади.
Ўтган
йил Ўзбекистон президенти болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларини
таъқиқлашга доир халқаро конвенцияни ратификация қилиш ҳақидаги қонунга
имзо чеккан. Аммо, баъзи шарҳловчилар ва мутахассисларбуни хўжакўрсинга
қилинагн ҳаракат сифатида таърифлашганди.
Женевадаги
анжуманда маъруза қилган ўзбек инсон хуқуқлари фаоли Умида Ниёзовага
кўра, халқаро ташкилотлар расмий Тошкентга нисбатан қаттиққўлроқ
чоралар кўриши керак. Би-би-си ундан қандай талаб ва танқидлар билан
чиққани ҳақида сўраган:
Умида Ниёзова:
Мен Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари номидан гапирдим. Болалар
меҳнати бизнинг анъаналарим эмас, балки давлат томонидан ташкил
қилинган сиёсат. Анжуманда ЮНИСЕФ ва халқаро ҳуқуқ ташкилотлари
вакиллари ҳам гапиришди. Улар Ўзбекистонда болалар меҳнати мавжудлигини
тан олишади. Лекин уларнинг асосий режалари Ўзбекистон давлати билан
ишлаб, келишиб, бу муаммони бартараф қилиш. Ўзбекистон ўтган 20 йил
асносида бир қатор халқаро конвенцияларга имзо чеккан. Лекин бу муаммо
ҳунуз ўзгармасдан қоляпти. Шунинг учун биз Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари
қанақадир конкрет (чоралар-Би-би-си) ва Ўзбекистонга иқтисодий
санкциялар қўллашга чақирамиз. Бу санкциялар "бойкот" шаклида бўлиши
мумкин. Чунки, Ўзбекистон давлати четдан бўлган таъсир остида
ўзгаришлари қилиши мумкин.
Би-би-си:
Мана Сиз халқаро ташкилотлардан шуни талаб қиляпсиз, бироқ катта-катта
ширкатлар, масалан, Оврўпода, Британиядаги жуда йирик компаниялар ўзбек
пахтасига бойкот қўйиб бўлган. Мана шу амалларнинг ўзи ҳам бир босим
ҳисобланмайдими, шуни ўзи иш бермаяптими?
Умида Ниёзова:
Албатта, бу энг самарали босим ҳозирги кунда. Wal-Mart компанияси
вакили ҳам иштирок этиб маъруза қилди. Биласизки, Wal-Mart бундан икки
йил олдин Ўзбекистон пахтасига нисбатан бойкот эълон қилганди. Лекин,
булардан бошқа жуда кўп бизнес компаниялари бор ва Ўзбекистон пахтаси
Дубай ва Бремен ярмаркаларидан сотилиб келади. Ва биз бошқа ширкатлар
ҳам бу бойкотга қўшилишига чақирамиз.
Би-би-си: Лекин, ўтган йил мана шу ширкатларнинг босими ортидан Ўзбекистонда ҳам фармойиш чиқарилди, мактаб болаларини пахта далаларига
олиб чиқмаслик бўйича кўрсатмалар берилди. ана шулар иш бермаяптими?
Умида Ниёзова:
Тўғри, Халқаро Меҳнат ташкилоти конвенциясини қабул қилгандан кейин,
конвенцияларнинг шартларидан бири бу- давлат миллий программани ишлаб
чиқиши керак бу конвенцияларни амалга тадбиқ қилиш учун. Ва Ўзбекистон
худди шу программани ишлаб чиқди. Шавкат Мирзиёев қўл қўйган. Биз
танишмиз бу билан, лекин икки кун олдин яна хабар келди, мана
Қорақалпоғистондаги бешта районда мактаблар ёпилиб, болалар яна
далаларга жўнатилган. Демак, бу программалар ишламаяпти. Олдин
айтганимдек, Ўзбекистон 60тадан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўл қўйган ва
Ўзбекистон ҳукумати қонун ва халқаро конвенцияларни кўпроқ қоғозда
қабул қилади, лекин биз буни амалда кўрмаймиз.
Би-би-си:
Лекин, масаланинг яна бошқа бир томонига қарасак, мен бир ўқитувчи
билан гаплашганимда айтдики, унинг ўқувчилари пахтага чиқишларига тўсиқ
қўйилганидан шикоят қилишяпти экан, чунки улар пахта териб пул
ишлашлари, бу билан оилалари, ота-оналарига ёрдам беришлари мумкин экан
ва ўзларининг ўқув жиҳозларини сотиб олишлари мумкин экан. Сиз бунга
нима дейсиз?
Умида Ниёзова:
Бу ҳам муаммо. Бошқа давлатлардаги каби Ўзбекистонда ҳам, қашшоқлик
туфайли болалар далаларга чиқиши мумкин. Буни ҳам тан олиш керак.
Лекин, нима учун болаларнинг оилалари шунақа қашшоқликка чўккан? Бу
ердан бошқа муаммолар келиб чиқади. Масалан, фермерларнинг ҳуқуқлари,
ишсизлик...Болалар қашшоқлик туфайли меҳнат қилишаётган бўлса ҳам,
давлат масъулиятни ўз зиммасига олиши керак.
|