'Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот давом этмоқда'
|
|
Расмий Тошкент билан музокаралар ошкора тус олаётгани айтилади |
Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотларнинг учинчи босқичини ўтказиш учун келган Оврўпо Иттифоқи мулозимлари чоршанба
куни ташрифга якун ясашар экан, мавжуд қийинчиликларга қарамай музокараларда олға силжиш борлигини айтган.
Бироқ бу "олға силжишнинг" амалдаги натижаси ҳали маълум бўлмасада, учрашувларнинг тобора ошкора ва очиқ руҳда ўтаётганининг
ўзи ривожланиш сифатида кўрилмоқда.
Делегация
аъзоси, Оврўпо Комиссиясининг инсон ҳуқуқлари бўйича бўлими раҳбари
Роиф Тиманс ўзбек расмийлари билан учрашув якунларидан Тошкентдаги ОИ
мамлакатлари дипломатлари ва халқаро ташкилотлар вакилларини хабардор
қилган.
"Инсон ҳуқуқлари бўйича музокара ўтказиш қийин масала, айниқса бу вазиятда ва бу ерда ўта қийин,"-деган у.
Мулоқот учинчи марта ўтказилаётганини айтган Роиф жаноблари ҳар сафар мулоқотлар тобора конструктив ва ошкора тус олаётганини
таъкидлади.
"Шу боис бизнинг назаримизда бўлиб ўтган музокараларни олға силжиш деса бўлади," деган Роиф жаноблари.
Иттифоқ мулозимига кўра, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутувчи қонуний ҳужжатларни тайёрлашга катта
эътибор бермоқда.
Бироқ "бизнинг назаримизда энг муҳими бу қонуний ҳужжатларнинг амалдаги ижросини таъминлашдир," деган у.
Томонлар келгуси мулоқотни 2010 йили Белгия пойтахти Брюсселда ўтказишга келишиб олганларини маълум қилган.
Делегация таркибида Оврўпо Иттифоқига раислик қилаётган Чехия ва тез орада раисликни қўлига оладиган Швеция мулозимлари ҳам
бўлган.
Улар ўзбек расмийлари билан учрашувдан аввал Ўзбекистондаги инсон хуқуқлари фаоллари, адвокатлар, мустақил журналистлар ва
ноҳукумат ташкилотлар вакиллари билан учрашган.
Human Rights Watch ташкилоти ҳам делегация ташрифидан илгари Иттифоқни Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга чақирган эди.
Ишончли
манбаларга кўра, Оврўпо Иттифоқи мулозимлари инсон ҳуқуқлари гуруҳлари
кўтарган муаммолар, жумладан қамоқдаги ҳуқуқ фаолларини озод қилиш,
фуқаролик жамияти вакилларига босимни камайтириш ва болалар меҳнатидан
фойдаланиш каби долзарб масалаларни Тошкентдаги расмийлар билан
муҳокама қилишга уринган.
Бироқ ўзбек расмийлари бу каби муаммолар мавжудлигини қатъиян рад қилган.
Тошкентдаги ғарб дипломатининг билдиришича, бу каби мулоқотлар минтақадаги барча давлатлар, жумладан, Хитой ва Россия билан
ҳам доимий равишда ўтказиб келинади.
Шу
сабаб Ўзбекистондаги мавжуд мураккабликдан келиб чиққан Оврўпо Иттифоқи
музокаралар юз бераётганининг ўзи билангина кифояланиб, Тошкентга
ошиқча босим ўтказишни лозим топмаслиги мумкин.
Бироқ унинг билдиришича, Швеция яқинда Оврўпа Иттифоқига раисликка келгач, вазиятда бироз таранглик юзага келиши мумкин.
Чунки бу давлат инсон ҳуқуқлари масаласида ўта принципиалдир.
Ўзбекистонда Швеция элчихонаси йўқлиги боис, Оврўпа Иттифоқи номидан иш кўриш Полша элчихонасига топширилади
|