Ўзбекистонда паспортлар янгиланади
|
|
2015 йилгача барча Ўзбекистон фуқаролари паспортларининг биометрик паспортга алмаштирилиши лозимлиги айтилган |
Ўзбекистон
Президенти Ислом Каримов мамлакат фуқароларининг жисмоний хусусиятлари
ҳақидаги маълумотлар биркитилган янги паспортларни жорий этиш ҳақида
фармон чиқарди.
Фармонга мувофиқ, паспорт эгасининг шахсий биометрик хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар жамланган паспортларни бериш 2010 йилдан
бошланади.
2015 йилгача барча Ўзбекистон фуқаролари паспортларининг биометрик паспортга алмаштирилиши лозимлиги айтилган фармонда.
Ўзбекистонда паспортларни алмаштириш қарори Халқаро Фуқаро авиацияси ташкилотининг ўз аъзоси бўлган мамлакатлардан биометрик
паспортларни жорий этиш талаби билан изоҳланмоқда.
Биометрик паспортларни тайёрлаш, паспортлардаги маълумотларни сақлаш мақсадида Ўзбекистонда персоналлаштириш марказини ташкил
этишга қарор қилинган.
Ўзбекистонда мамлакат мустақиллигидан кейин собиқ СССР паспортидан воз кечилди.
Бироқ мамлакатда Шўролар давридаги "прописка", чиқиш визаси талаб этилиши каби тартибни сақлаб қолишга қарор қилинди.
Ҳукумат танқидчиларига кўра, регистрация ёки қайд этиш тартиби ҳукуматга ўз фуқаролари устидан назоратни тутиб туриш учун
зарур.
Ҳозирги пайтда хорижга чиқиш истагидаги Ўзбекистон фуқароларидан чиқиш визаси талаб этилади, бу виза Ички ишлар вазирлигининг
хорижга чиқиш бўлинмалари томонидан 2 йил муддатга берилади.
Бир неча ўзбекистонлик ўзгача фикрдаги инсонларнинг чет элга чиқишлари зарур бўлган пайтда мутасадди идоралардан чиқиш визаси
рад этилгани ҳолатлари бўлган.
Дунёда чиқиш визаси тартиби Ўзбекистондан ташқари Шимолий Корея ва Кубада сақланиб қолгани айтилади.
Ўзбекистонда биометрик паспортларга ўтиш қанча маблағ талаб этиши маълум этилаётгани йўқ.
2006 йилдан Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатларда биометрик паспортларни жорий этишга киришилган, ҳар бир паспорт эгасининг 20
дан -70 еврогача тўлашига тўғри келган.
Аксар мамлакатларда инсоннинг биометрик белгилари жамланган паспортнинг амал қилиш муддати 5 йил этиб белгиланган
|