'Душанбеда 'Салафия' аъзолари ҳибсга олинган '
Тожикистон пойтахти Душанбеда мамлакатда тақиқланган "Салафия" оқимига аъзо деб гумон этилган қирққа яқин шахс ҳибсга олинган.
Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилган.
Расмийларга кўра, 23 июн Душанбе шаҳридаги "Зарафшон" мавзеи масжидидаги кечки ибодат пайтида диний оқим раҳбарларидан бири
Мулло Сирожиддин ва унинг қирққа яқин издоши қўлга олинган.
Тожикистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари ўтказган амалиётда қўлга олинганлар уч автобусда хавфсизлик идорасига
олиб кетилганлар ва улар ҳамон ўша ерда ушлаб турилибди.
Қўлга олинганлар жорий йил январидан буён фаолияти расман тақиқланган "Салафия" оқими ғояларини тарғиб этишда гумон қилинмоқда.
Масъул идорадаги манбага кўра, ҳибсга олинганлар устидан Тожикистон Жиноят кодексининг миллий, ирқий, маҳаллий ва диний адоват
қўзғатиш банди бўйича жиноий иш очилиши эҳтимоли катта.
Ўтган йиллар давомида ошкора фаолият олиб борган салафийлар уларнинг фаолияти фақат ғояда эканлигини урғулаб келишган.
Улар Ислом динининг аввалги уч асри ақидаларини тан олишларини ва кейинги даврдаги диндаги ўзгаришларни рад этишларини айтишади.
Шу йил мартида Тожикистонда "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳақидаги" қонун қабул қилинди
Қатор халқаро ташкилотлар томонидан диний эркинликларни бўғишга қаратилган ҳужжат сифатида танқид қилинган ушбу қонунга биноан,
"Салафия" оқими мамлакатда қонунга зид деб кўрилади.
Тожикистонда "Салафия"нинг илк тарафдорлари 2005 йилда пайдо бўлгани айтилади.
Айрим маълумотларга кўра, ҳозир Тожикистонда 20 мингдан ортиқ ёшлар ушбу оқимга аъзо.
Уларнинг ёши 25-30 оралиғида.
Тожикистондаги оқим йўлбошчилари "Салафийлар" мавқеи баланд бўлган Покистон, Яман ва Саудия Арабистонидаги йирик исломий ўқув
юртларида таълим олганлар
|