Собиқ маҳбуслар: 'Баграмда мени қийнашди'
|
|
Баграм базасидаги ҳибсхонада саккиз йил мобайнида минглаб маҳбуслар тутиб турилган |
Би-би-си журналистик изланиши натижасида Афғонистондаги Баграм базасида америкаликлар маҳбусларни қийноққа солганини аниқлаган.
Баграм ҳарбий базасининг собиқ маҳбуслари ўзларининг калтакланганлари, ухлашларига изн берилмагани, ўқотар қуроллар ёки итлар
билан қўрқитилганлари ҳақида айтишган.
Би-би-си Афғонистоннинг турли жойларида истиқомат қиладиган 27 нафар собиқ маҳбусни икки ой мобайнида интервью қилган.
Бу инсонларнинг барчасига бир хил саволлар берилган ва улар билан якка ҳолда суҳбатлашилган.
Улар 2002 йилдан 2008 йилгача Баграм базасидаги ҳибсхонада тутиб турилганлар.
Бу кишиларни "Ал-Қоида" ва ё Толибонга алоқадорлик ёки ёрдам берганликда гумон этиб ушлаб туришган.
Уларнинг бирортасига ҳам расмий айблов қўйилмаган ёки маҳкамага тортилмаган.
Собиқ маҳбусларнинг айримларини озод қилаётган пайтда кечирим ҳам сўралган.
Би-би-си суҳбатлашган инсонларнинг фақат иккитаси ўзларига яхши муносабатда бўлишганини айтган.
Интервьюларда собиқ маҳбуслар ўзларига нисбатан номақбул муносабатнинг айнан бир хил турларини тилга олганлар.
Булар - жисмоний ва руҳий таҳқирлаш, ўта иссиқ ёки совуқда сақлаш, аёл аскарлар олдида ечинишга мажбур қилиш ва қурол тираб
ўлдириш билан таҳдид қилиш кабилар.
"Одам у ёқда турсин, ҳайвонга ҳам бундай муомала қилишмайди", деб айтган Би-би-си сўровида доктор Хандон сифатида қайд этилган
собиқ маҳбус.
"Улар қишда устингга совуқ сув, ёзда эса қайноқ сув қўйишарди. Итларни бизга гижгижлатишарди. Бошингга тўппонча ёки автоматни
қўйиб, ўлдириш билан таҳдид қилишарди", деган доктор Хандон.
"Ичадиган шарбатинг ёки сувинг ичига дори солиб, сени ухлолмайдиган қилишар, шунда сўроққа тутишни хоҳлар эдилар", деган у.
Би-би-си аниқлаган маълумотлар Пентагонга тақдим этилган.
Пентагон воизи Баграмдаги шарт-шароитлар халқаро андазаларга тўғри келишини айтган.
Аммо бу каби айрим ҳужжатлаштирилган ҳолатлар ҳам борлиги ҳамда бунга масъуллар жазога тортилишини айтган АҚШ Мудофаа вазирлиги
воизи подполковник Марк Райт.
Президент Обама қийноқ қўллашни маън этган ва Қўшма Штатларнинг маҳбусларга қаратилган сиёсатини қайта кўриб чиқишга буйруқ
берган.
Охирги
саккиз йил мобайнида Баграм базасида минглаб маҳбуслар тутиб турилган,
ҳозирги пайтда у ерда янги ҳибс маркази қурилмоқда.
Баграмга чет элдан, асосан, Покистондан бир қанча маҳбуслар ҳамда камида икки Британия фуқароси мажбуран олиб борилган
|