|
|
Ўзгартиришлар ҳукуматга интернет ресурслари устидан назорат ўрнатишга изн беради |
Қозоғистон парламенти мамлакат қонунларининг интернетга тааллуқли бандларига ўзгартириш киритган.
Ўзгартиришларга кўра, интернет саҳифалари, интернет гурунгхоналари ва веб блоглар оммавий ахборот воситаларининг бир қисми
дея эътироф этилади ва ҳукуматга улар устидан назорат ўрнатишга изн беради.
24 июн куни бир гуруҳ қозоқ мухолифатчилари ва журналистлари ушбу ўзгартиришларга қарши Алмати шаҳрида намойиш ўтказишган.
Қозоғистонда жамият норозилигини акс эттириш ҳоллари кам кузатилади.
Мухолифатнинг бир гуруҳ аъзолари, журналистлар ва уларга хайрихоҳ инсонларнинг Алмати марказида намойишга тўпланиши ана шундай норозиликлардан бири бўлди.
Ҳокимият рухсатисиз ўтказилган ушбу йиғинни полиция зобитлари аввалига тўхтатишга уриниб кўришди, аммо кейинчалик чекиниб
марказий кўчани тўрт тарафдан беркитиб ташлашди.
Оғизларига оқ матоларни ўраб олган намоишчилар оммавий йиғинларни тақиқлаш ва интернет ҳақидаги ўзгартиришлар юзасидан ҳукумат
чиқарган қарорга норозилик билдиришарди.
Янги қонун веб блоглар, интернет чойхоналари ва кўнгил очар интернет саҳифалар устидан ҳукумат назоратини янада кучайтиради.
Эътироз намойиши давом этаётган бир пайтда Қозоғистон парламентида халқ вакиллари мазкур қонунни мубоҳаса этишарди.
Бироқ намойиш охирига бориб намойишчиларга парламент интернет ҳақидаги янги қонунни кучга киргизгани ҳақидаги хабар етиб келди.
"Энди бизнинг охирги умидимиз президентдан. Агар у ҳам қонун лойиҳасини имзоласа, аҳволимизга маймунлар йиғлайдиган бўлади",
дейди намойишчилардан бири.
Энди Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўнгида ё қонун лойиҳасини имзолаб, кучга киритиш ёки унга вето қўйиш танлови
турибди.
Агар қонун имзоланса, маҳкамаларга аксилҳукумат дея талқин этиладиган мақола ёки шарҳларни жойлаштирган веб саҳифаларни беркитиб
қўйиш ҳуқуқи берилади.
Бироқ инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотлари аксилҳукумат мақола ва шарҳлар тушунчаси ўта мавҳум эканини айтишади.
Ҳукумат расмийлари интернетни бошқариш тартибсизликларни олдини олиш ва инсонлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур эканини
айтишади.
Кузатувчиларга кўра, электрон матбуот устидан бундай шаклда назоратнинг ўрнатилиши Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига
раислик қилиш тараддудида бўлган Қозоғистоннинг демократик ислоҳотларни ўтказиш ваъдаларига зиддир
|