'Юсуф Жума қамоқда қийноққа тутилмоқда'
|
|
Юсуф Жума Президент Ислом Каримов истеъфосини талаб қилиб намойишга чиқиши ортидан қамоққа олиниб, оиласи таъқибга тутилган |
Диссидент шоир Юсуф Жуманинг рафиқасига кўра, турмуш ўртоғи "Жаслиқ" қамоқхонасида муттасил қийноқларга тутилмоқда.
Би-би-си билан суҳбат чоғи Гулнора Олтиева қамоқдаги шоир билан учрашган қизи Феруза Жумага иқтибосан гапирди.
Шоир Юсуф Жума Президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиши ортидан 2007 йил декабрида ҳибсга олинган ва беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Юсуф
Жуманинг Ўзбекистонда яшаётган қизи Феруза отасини кўргани борганида,
уни икки нафар милиционер судраб-силтаб олиб келишади. Ота-қиз ойнанинг
икки тарафида, уч метр узоқликдан дийдор кўришадилар.
Қизи отасининг аҳволини кўриб, нима бўлганини сўраганида, отаси уни қийнашаётгани ҳақида айтган.
"У кишини Устюртдаги ҳозирга иссиққа қарамасдан, нон пиширадиган хона тпеасидаги махсус хонага қамаб қўйишаркан. Президентнинг
душманлари ва диндорлар учун шунақа махсус қийноқ хонаси бор экан" - деб айтади Гулнора Олтиева.
Айтилишича, шоирни бу дим ва иссиқ бўлмада қамаб, сув беришмаган. Шундоқ ҳам икки кунлаб овқат бермай қийнаш мунтазам давом
этаркан.
"Турмуш
ўртоғим нега мени бунча қийнасизлар, деб сўраган. Улар эса сен то
ўзингни ўлдирмагунингча, шундай қийнайверамиз. Яъшиси ўзингни
ўлдирсанг, қутуласан, дейишибди. Аммо турмуш ўртоғим мен ҳеч қачон
ўзимни ўлдирмайман, деб жавоб берибди" - дейди қизига иқтибосан Гулнора
Олтиева.
Шоирнинг рафиқасига кўра, уни қийншаган чоғи бир киши курсида ўтириб томоша қилади. Баъзида эса қийнаш жараёнини видеотасмага
ҳам туширадилар.
Диссидент шоир қамоққа олиниши ортидан рафиқаси Гулнора Олтиева ва аксар фарзандлари АҚШда сиёсий бошпана олганлар.
Шоирнинг ўғли Машраб ҳам маҳкамага тортилган. Кейинчалик унинг қамоқхонада бедарак йўқолгани айтилади.
|