Россия ҳайъати ОХҲТ резолюциясидан норози бўлди
|
|
Кўпчилик Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабани Сталин билан боғлашади |
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг янги резолюциясига кўра, Иккинчи Жаҳон урушининг бошланишига ҳам нацистлар
Олмонияси ва ҳам Шўролар Иттифоқи айбдор бўлган.
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг сўнгги мажлисида нацистлар Олмонияси ва Иосиф Сталиннинг Шўролар Иттифоқи
қурбонларини хотирлаш кунини жорий этиш масаласи овозга қўйилган.
Ва кўпчилик бундай кунни жорий этиш учун овоз берган, бу мажлисни эса Россия ҳайъати намойишкорона тарк этган.
Ташкилот резолюциясида айтилишича, ушбу икки тоталитар режим Оврўпода қатлиомлар ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганлар.
Шўролар
Иттифоқини мустаҳкамлаш йўлида қон тўкишлар бўлганми-йўқми, қатъи назар
россияликлар ва собиқ Шўролар Иттифоқининг аксар фуқаролари учун Иосиф
Сталин нацистлар Олмониясини мағлуб этишда муҳим ўрин тутган шахсдир,
деб ёзади Би-би-си мухбири Николас Валтон.
Бироқ кўпчилик, айниқса, Сталин ва Адольф Гитлернинг ўртасида қолиб кетган давлатлар икки шафқатсиз тоталитар тузум қаршисида
қолишганди.
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Россия ҳайъатини ниҳоятда хафа қилган сўнгги резолюцияси ана шу ҳис-туйғуларни
ифода этади.
Резолюцияда 23 августни ҳар икки тузум қурбонларини хотирлаш куни деб эълон этишга чақирилади.
1939 йилнинг айни шу санасида бу икки ҳукумат Польша ва Шарқий Оврўпо давлатларининг мустақилликларига дахл қилган ҳужжатни
имзолашганди.
Янги резолюция лойиҳасини ишлаб чиққан Литва ҳайъатининг билдиришича, мақсадлари бирор бир кишини ҳакоратлаш эмас, балки Иккинчи
Жахон уруши қурбонларини хотирлаш бўлган.
Сталин қурбонлари орасида литваликлар билан бир қаторда Латвия, Польша, Украина ва яна бошқа собиқ Шўро давлатларидан бўлган
кўплаб инсонлар бор.
"Балки
Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти дунёдаги энг муҳим
ташкилотлардан бири эмасдир. Шу сабабдан ҳам сўнгги резолюцияси
дипломатик доираларда бир варақ қоғоз деб ҳам кўрилар", деб ёзади
Би-би-си мухбири.
Бироқ унда тилга олинган тарих ва келтирилган асослар ҳеч ким рад эта олмайдиган ҳақиқатлигича қолаверади
|