Ингушетияда чечен милиционерларига пистирма уюштирилган
Чечняга қўшни Ингушетия республикасида исёнкорларнинг пистирмасида тўққиз чечнялик милиция ходими қурбон бўлган ва бир нечаси
яраланган.
Бу Россиянинг Шимолий Қофқоз минтақасида яқин йилларда уюштирилган энг ҳалокатли ҳужумлардан бўлди, дея хабар қилади Би-би-си
мухбири.
Ҳодиса Ингушетиянинг Сунжен тумани Аршти қишлоғи яқинида рўй берган.
Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиевнинг билдиришича, беш автомобилдан иборат Чечнядан Ингушетияга бораётган милиционерлар
карвонига жангарилар ҳужум қилганлар.
"Колоннадаги бош автомобилни портлатишган, ундан кейин гранатомёт ва пулемётлардан ўт очганлар", деб айтган Ички ишлар вазири.
Вазир Рашид Нургалиевнинг айтишича, ҳужумчилар орасида хорижий жангарилар бўлиши мумкин.
Расмийлар Сунжен туманида жангариларни топиш мақсадида йирик амалиёт бошланганини, қўшни Чечня пойтахти Грознийдан қўшимча
кучлар юборилганини хабар қилганлар.
Атрофдаги туманларда милиция ходимлари кучайтирилган тартибда ишлашга ўтганлар.
Ҳужум уюштирилган жойга Чечня Президенти Рамзан Қодиров етиб борган.
У милиция ходимларини ўлдирганлардан шафқатсиз қасос олинишини айтган, жангариларни яқин кунларда йўқ қилишга ваъда берган.
22 июнда Ингушетия Президенти Юнусбек Ёвқуровга суиқасд уюштирилганди.
Худкуш ҳужумчи бошқарувидаги автомобилни президент автомобили ёнида портлатиши оқибатида Ёвқуровнинг икки қўриқчиси ҳалок
бўлган, ўзи оғир яраланган.
Ингушетия президенти ҳозир Москвадаги шифохонага ётқизилган.
Чечня Президенти Рамзан Қодиров қўшни Ингушетияда тартиб ўрнатишга ваъда берган.
Чечнядаги ўн йилдан ортиқроқ давом этган зўравонликлар қўшни Ингушетия, Доғистон ва яна бошқа минтақаларга ёйилди, дея хабар
қилади Би-би-си мухбири.
Ва исломий жангарилик бўлгинчилик ва иқтисодий тақчиллик туфайли янада оловланди.
Расмий Кремль Чечня Президенти Рамзан Қодиров каби кучли маҳаллий кишиларига суянади.
Зўравонликларнинг олдини олиш учун хавфсизлик амалиётларини кучайтиради.
Гарчи бу каби ҳолатга Россия ташқарисида унча диққат қилинмаётгани билан Шимолий Қофқоздаги вазиятнинг издан чиқиб бориши
расмий Москвани ҳушёр торттирмоқда, деб ёзади Би-би-си мухбири
|