Тожик-ўзбек
чегарасида яна бир қурбон Тожик-ўзбек чегарасида ўрнатилган
минага дуч келиб, яна бир тожикистонлик қурбон бўлган. Бу ҳақда Тожикистон
ички ишлар вазирлиги хабар берган.
Расмийларга кўра, бу жорий йилда
Ўзбекистон билан ўзаро чегарада инсоний талофатга сабаб бўлган иккинчи
мина портлашидир.
Қурбон Тожикистоннинг Панжакент
туманидаги "Фороб" қишлоқ жамоати фуқароси 36 ёшли Муҳсин Мирзоев бўлган.
Фожеа қўшни Ўзбекистон чегарасига
яқин Домуллосой тоғи атрофидаги Лабдур довонида юз берган.
Муҳсин Мирзоев қўшни Самарқанд
вилоятининг Ургут тумани билан чегарага яқин ерда мол боқиб юрганда оти
қочиб кетган.
"Фороб" жамоати ҳукумати раиси
Шамсиддин Бадриддиновнинг айтишича, Муҳсин оти Ўзбекистон тарафига ўтиб
кетмаслиги учун тезроқ тутиб олиш мақсадида унинг ортидан югурган.
Натижада минага дуч келган ва қаттиқ яраланган.
Юз
берган воқеадан кечроқ хабардор бўлган қариндошлари Муҳсинни машинада
шифохонага олиб кетаётган маҳалларида унинг жони узилган.
Марҳумнинг
вояга етмаган тўрт нафар фарзанди етим қолган.
Тожикистоннинг Миналар бўйича
маркази маълумотларига кўра, кейинги 10 йил давомида ўзбек-тожик
чегарасида ўрнатилган пиёдаларга қарши минадан 160 дан ортиқ Тожикистон
фуқароси жабр кўрган. Улардан 80 нафардан кўпроғи ҳалок бўлишган.
Ўзбекистон томони мамлакат
хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фақат ўз ҳудудини миналаштиргани ва бу
ҳақда расмий Душанбе огоҳлантирилганини такрорлаб келади.
Тожикистон эса, ҳали икки мамлакат
орасидаги чегаралар тўлиқ белгиланмасдан туриб, у ерларни миналаштириб
бўлмаслигини таъкидлайди.
Айни бир пайтда эртага Душанбеда
пиёдаларга қарши миналарни тақиқлаш масаласида халқаро анжуман
режалаштирилган.
Мазкур анжуманда Марказий
Осиё мамлакатлари ва Афғонистондан ташқари Оврўпо Иттифоқидан ҳам вакиллар
қатнашиши кутилмоқда
|