Обама: 'Америка кучли, тинчликсевар Россияни истайди'
|
|
Жаноб Обама айтишича, Россиянинг ҳам, АҚШнинг ҳам мақсадлари умумий |
АҚШ Президенти Москвадаги иқтисодиёт мактаби талабалари қаршисида сўзларкан, АҚШ ва Россиянинг мақсадлари умумий, деб айтган.
Москвага
илк сафарининг иккинчи кунида жаноб Обама Россия Иқтисодиёт мактаби
талабалари қаршисида маъруза қилган, бу чиқишида у ўз мамлакатининг
"Совуқ уруши" давридаги рақиби билан муносабатлари қандай бўлиши
кераклиги борасидаги ўзининг қарашлари билан ўртоқлашган.
"Америка кучли, тинчликсевар ва гуллаб-яшнаётган Россияни истайди. Глобал қаршиликлар глобал шерикликни талаб қилади. Ва агар
Россия буюк давлатга хос ўзининг ўрнини эгалласа, бу шериклик мустаҳкам бўлади", деб айтди Президент Обама.
Жаноб Обаманинг айтишича, Россиянинг ҳам, АҚШнинг ҳам ядровий қуролларни тарқалиши олдиниши олишдек мақсадлари умумийдир.
"Шарқий Осиё ёки Ўрта Шарқдаги ядровий қурол пойгасидан на АҚШ, на Россия манфаат кўради", деб айтган Америка раҳбари.
Президент Обама, Россия ва Америка энергетика ва экстремизмни жиловлаш соҳаларида ҳамкорлик қилиши мумкинлигини айтган.
Унинг айтишича, Американинг мақсади Афғонистон ва Покистонда "Ал-Қоида" ва унинг иттифоқчиларини йўқ қилиб, улар устидан ғалаба
қилиш бўлган, у ерларда база барпо этиш, бу мамлакатларни назорат қилиш бўлмаган.
"Биз
халқаро шерикларимиз билан афғонлар ва покистонликларга ўзларининг
хавфсизликлари ва фаровонлигини ривожлантиришга ёрдамлашишни истаймиз.
Шунинг учун мен Россиянинг ўзининг ҳудуди орқали Қўшма Штатлар ва
коалиция кучларига таъминот етказишга рухсат берганидан мамнунман", деб
айтди АҚШ президенти.
АҚШ президенти ҳар иккала давлат ўзаро душманликни йиғиштириб, ўзаро хамкорлик меваларидан баҳраманд бўлишларини лозимлигини
айтган.
Президент Обама, шунингдек, иқтисодий тараққиётда сўз эркинлиги ва қонун устуворлигининг муҳимлигини урғулаган.
Америка президенти аввалроқ Россия Бош вазири Владимир Путин билан учрашган.
Америкалик мулозимлардан бири учрашув ниҳоятда самарали бўлганини айтса-да, тафсилотларини ошкор этмаган.
Сешанба куни Президент Барак Обаманинг Россия Президенти Дмитрий Медведев билан иккинчи учрашуви режаланган.
Музокараларнинг биринчи кунида икки мамлакат раҳбарлари саккиз ҳужжатни имзолашган.
Бу ҳужжатлардан бири 1991 йилда имзоланган, шу йил декабрида муддати тугайдиган стратегик ҳужум қуролларини сонини камайтиришни
кўзда тутган битимдир.
Шартномага кўра, етти йил мобайнида АҚШ ва Россия ўзларининг юзлаб ядровий каллакларини йўқ қилишлари талаб этилади.
Шунингдек, Россия Афғонистонга мўлжалланган ҳарбий юклар ва қўшинларни ўз ҳаво ҳудудидан олиб ўтишга рухсат берувчи ҳужжат
имзоланган
|