Хитой Робия Қодирнинг Японияга сафаридан ғазабда
|
|
Хитой Робия Қодирни Урумчидаги зўравонликларда айблайди |
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатиб, расмий Токиони ҳижратдаги уйғур фаоли Робия Қодирга Японияга сафар қилишига рухсат
бергани учун қоралади.
Хитой ҳукумати Пекиннинг "давомли эътирозларига қарамасдан" Робия Қодирга шу ҳафтанинг чоршанба ва пайшанба кунлари Японияга
сафар қилишга рухсат бергани учун Япония ҳукуматига "кескин норозилик изҳор этади", дейилади мазкур баёнотда.
Шинжон Уйғур мухтор райони пойтахти Урумчида шу ой уйғурлар ва хонлар ўртасида юз берган қонли можарода 200 га яқин одам ҳалок
бўлганди.
Расмий Пекин Робия Қодирни Урумчидаги этник ғалаёнлар ташкиллаштиришда айблайди.
Бироқ Хитой ҳукумати ҳозирга қадар 62-ёшли Робия Қодирнинг ғалаёнларга алоқаси борлигини исботловчи бирор ҳужжатни тақдим
этгани йўқ.
Робия Қодир Урумчидаги ғалаёнларга унинг алоқаси борлиги ҳақидаги даъволарни рад этади.
Шу ҳафта Японияга сафари чоғида Робия Қодир Токиода журналистлар билан учрашиши кутилмоқда.
Ўтган
шанба куни Хитойлик хакерлар уйғурлар раҳбари Робия Қодир ҳақидаги филм
туфайли Австралиядаги филм фестивали веб саҳифасини ҳужумга
тутгандилар.
Хабарларга кўра, Мелбурн Филм Фестивали интернет саҳифасидаги маълумотлар ўрнида бир муддат Хитой байроқлари ва Робия Қодирга
қарши шиорлар пайдо бўлган
Жума куни эса Хитой норозилик белгиси сифатида тўрт филмини фестивал намойишидан қайтариб олган эди.
|