Қаршида
11 киши террор ва экстремизмда айбланмоқда
Қарши шаҳрида диний экстремизм ва
терроризмда айбланаётган 11 киши устидан маҳкама жараёни
бошланган.
Айблов хулосаси 22-35 ёшлар
орасидаги шаҳрисабзлик шахсларни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Ал-Қоида
аъзолари, дея даъво қилади.
Бироқ илк маҳкама куни судланувчилар
қўйилган айбларни уйдирма, деб аташган.
Яқинларига кўра, улар тергов
жараёнида қийноққа солинганлар.
Маҳкамани кузатиш учун Қаршига
борган инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовнинг Би-би-сига айтишича,
Қашқадарё вилоят маҳкамасида бу 11 нафар шахсга қарши илгари сурилаётган
айблар Ўзбекистонда кузатилаётган маҳкамалардан бироз фарқ қилади.
"Шаҳрисабзлик судланувчиларнинг
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, Ал-Қоида ва Исломий Жиҳод гуруҳларига
алоқадорлиги хусусида гапирилди" - дейди маҳкаманинг илк куни ҳақида Сурат
Икромов.
Инсон ҳуқуқлари фаолига кўра,
ҳозирча прокурор фақат айблов хулосасини ўқиб берган. Уларнинг айтилган
гуруҳларга неқадар алоқадорлиги эса ҳали маҳкама жараёнида исботланиши
керак.
Ҳакам маҳкама илк кунида
судланувчилардан уларга қўйилган айблар борасида сўраганда, ҳеч бир
судланувчи қўйилган айбловларга иқрор бўлмаган.
Судланувчилар айбларни уйдирма, деб
атаб, тергов жараёнида қийноққа солинганлари, мажбуран айбномаларга йўл
қўйдириб олишгани ҳақида айтишган.
Бу ёшларнинг бирон чет элга
чиқишгани борасида ҳозирда ҳеч бир маълумот йўқ. Барчаси Ўзбекистоннинг
ичкарисида - Шаҳрисабзда ва ё Тошкентда ишлаган.
Судланувчиларнинг яқинлари маҳкама
очилишига келишган. Аммо кўпчилиги жой етишмайди, деган важ билан суд
залига киритилмаган.
Маълум бўлишича, айрим инсон
ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам маҳкама залига қўйилмаганлар.
"Ҳозирча фақат уч адвокат
суд жараёнид иштирок этмоқда. Қолганлари эса
қонунга зид тарзда адвокатсиз маҳкамага юз тутишмоқда" - деди Би-би-си
билан суҳбатда Сурат Икромов.
|