Тожикистонда Худойбердиев гуруҳи аъзоси қўлга олинди
05.08.2009
Тожикистон
Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази тарқатган маълумотда айтилишича,
Ҳисор туманида истиқомат қилувчи 48 ёшли Тоғаймурод Иброҳимов қўлга
олинган.
Иброҳимов 1996 ва 1997 йилларда исёнчи полковник
Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига қўшилиб, давлат тўнтаришига уриниш
амалиётида қатнашган.
Исёнчи полковникнинг жангарилари 1996
йилда Қўрғонтепа вилоятига ҳужум қилган, сўнг улар Душанбега ҳужум
қилмоқчи бўлган. Бироқ исёнчилар нияти амалга ошмаган. 1998 йилда эса
улар Сўғд вилоятига ҳужум қилганда 120 киши нобуд бўлган эди.
Шундан
сўнг, тожик расмийлари таъкидлашларича, Худойбердиев гуруҳи қўшни
Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтиб, ўша ердан паноҳ топган.
Тожикистон
бош прокурори Бобохон Бобожоновнинг билдиришича, қўлга олинган
жангарилар тергов жараёнида Ўзбекистон ҳудудидаги ўндан ортиқ ҳарбий
базаларда Маҳмуд Худойбердиев одамлари яшаганини ва жанговар
тайёргарликдан ўтганини тан олганлар. Тергов маълумотларига кўра, бу
базаларнинг ҳар бирида Маҳмуд Худойбердиевнинг 60 тадан 100 тагача
одами бор.
Жорий йил олти ойи ичида Тожикистонда аввал Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзо бўлган 7 киши қўлга олинган.
Шу
пайтгача Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланиб, 110 дан зиёд
тожикистонлик турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.
Республикада
ўлим жазосига мораторий эълон қилинган 2002 йилгача мазкур гуруҳ
аъзоларидан ўн кишига нисбатан ўлим жазоси белгиланган эди
|