ББС хабари
Перуда 'инсон териси ва ёғи билан савдо қилганлар' ушланди
Перуда одам териси ва ёғларини Оврўпода косметикадан фойдаланувчиларга сотиш мақсадида ўнлаб инсонларни ўлдиришда гумон қилинган
тўрт шахс ҳибсга олинган.
Улар иш топиш ваъдаси билан овлоқ минтақаларда яшовчи одамларни аввалига ўлдирганлар ва сўнгра уларнинг тана ёғларини чиқариб
олганлар.
Полицияга кўра, инсон ёғининг бир литри 15 минг долларга баробар ва улар, гумон қилинишича, Оврўподаги ширкатларга пулланган.
Полициянинг маълум қилишича, ҳозирда яна камида беш гумондор шахс, жумладан икки Италия фуқароси қидирилмоқда.
Гуруҳ Перунинг Ҳуануко ва Паско минтақаларидан 60-га яқин инсоннинг йўқолиши ортида турган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Ҳибсга олинганлардан бири полицияга гуруҳ раҳбари инсон ёғини олиш учун 30 йилдан буён одамларни ўлдириб келганини айтган.
Ушбу гуруҳга Перуда "Пиштакос” номи берилган.
Қадимий
Перу афсоналарида "Пиштакос”нинг овлоқ жойларда одамларни ўлдириб,
уларнинг ёғини олиш билан шуғуллангани ҳикоя қилинади.
Инсон териси
Перу пойтахтида ўтказилган матбуот анжуманида политсия мухбирларга икки шишада инсон баданидан олинган ёғлар ва қурбонлардан бирининг суратини намоиш этган.
Сентябрь ойи ўрталарида содир этилган қотилликлардан бирида инсон терисининг шилиб олингани хабар қилинганди.
Қўмондон
Анхел Толедонинг Рейтерс хабар агентлигига айтишича, гумондонлардан
баъзилари "инсонларни қандай ўлдирганликлари ва қай тарзда махфий
лабараторияларда уларнинг териларини шилиб олиб, сотувга
чиқарганликларига иқрор бўлганлар".
Полиция инсон терилари ва ёғлари Оврўподаги косметик ва дори-дармон ишлаб чиқарувчи ширкатларга сотилганини гумон қилмоқда.
Инсон ёғи замонавий косметик амалиётларда ишлатилса-да, аксар ҳолатларда беморга уларнинг ўзларидан олинган ёғлар қўлланилади.
Шифокорлар эса инсон ёғи олди-сотдиси бўйича қора бозорнинг борлигига шубҳа билан қарашади.
|