Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти баёноти
Ўзбекистон
Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими айни кунларда ҳам
ўз фаолиятини давом эттираётган бўлинмамиз саналади. Мазкур вилоят
ташкилотини Гулшан Қораева ва Қарши шаҳар бўлимини эса Нодир Аҳадов
бошқармоқда. Яқиндагина бўлиб ўтган навбатдаги "қама-қама” ларда Қарши
шаҳрининг ўзидан тағин уч нафар Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти
аъзолари қамоққа ташланишди. Шундай қилиб мазкур ташкилотимизнинг
Қашқадарё вилоятининг ўзидан қамоқда ўтирганлари беш кишини ташкил
этмоқда. Булар Йўлдош Расулов, Зафар Раҳимов, Ғайбулла Жалилов, Шаҳло
Раҳмонова ва Меҳринисо Ҳамдамовалардир.
Қаршидан
бизгача етиб келаётган маълумотларга кўра, милиция органлари яна бир
тўҳматона вазиятни яратишга тайёрланмоқда. 5 декабрь куни Гулшан
Қораева хонадони атрофида участка назорат инспектори Азиз
Аллаёров раками 336, ф қора рангли "Жигули” автомашинасида кўчани
айланиб ўтганлиги ва унинг ёнида бир аёл ҳам бўлганлиги айни шу таҳлит
фикрга келишимизга асос бўлади. Шу кунда Гулшан Қораеванинг уй телефони
ҳам "ишламай қолган” ва бу уни алоқадан узиш мақсадида қилинмоқда.
Айни мана шу манзара Нодир Аҳадов уйи атрофида ҳам кузатилган.
Шуни
эслаб ўтишимиз жоизки, Гулшан Қораева Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари
Жамиятининг Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатган ҳуқуқбон Тўлқин
Қораевнинг синглиси. 2005 йилнинг 4 июнь кунида Тўлқин Қораев ҳам бир
туҳматона вазиятнинг қурбони бўлиб қамоққа олинганди ва ўшанда
ҳам Юлдуз Шерова исмлик бир "муштипар аёл” милиция профилактика
инспектори билан кўчани айланган, ҳаттоки Юлдуз Шерова Тўлқин Қораев
хонадонига киришга ҳам уринганди. Бироқ у милиция топшириғини Қарши
шаҳрининг "Эски шаҳар” ҳудудида амалга ошира олишга муваффақ бўлганди.
Барча
халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистондаги чет эл дипломатик миссиялари ўз
диққатларини Қарши шаҳридаги вазиятга қаратишларини сўраймиз. Бу
шаҳарда ноҳақдан ноҳақ қамоққа олишлар, одамларни қийноққа тутиб уларни
ҳаттоки терроризмда айблашлар оддий ҳолат бўлиб қолди. Режимнинг
навбатдаги қурбонлари ҳали озодликда, лекин тез орада бирор кор-ҳол юз
бериши мумкин.
5-декабрь 2009 йил
Абдужалил Бойматов,Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти.
тел: 00 353 870 61 4883
|