Ўзбекистон: Сенат болалар меҳнатини 'тақиқлади'
|
|
Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатидан фойдаланаётганини рад этиб келади |
Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси болалар меҳнатини тақиқлашга доир яна бир қонунни маъқуллаган.
"Вояга
етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонунчиликнинг
такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг
маъмурий жавобгарлик ҳақидаги Кодексига ўзгартиришлар киритиш" ҳақидаги
лойиҳанинг маъқулланиши ўзбек парламентининг мамлакатда болалар
меҳнатини таъқиқлашга доир навбатдаги қонунчилик ташаббусидир.
Болалар меҳнатига қарши фаолларга кўра, ушбу ташаббус ўзбек пахтасини бойкот қилишга қаратилган халқаро кампания натижаси.
Аммо унинг амалда бирон нарсани ўзгартиришига кўпчилик шубҳа қилади.
Бундан аввал қабул қилинган қонунлар Ўзбекистонда болалар меҳнати билан боғлиқ вазиятга таъсир кўрсатмаган.
Қонун мамлакатда оммавий пахта сафарбарлиги ниҳоясига етганидан икки ҳафта ўтиб, қабул қилинмоқда.
Бу йил ўқувчи - талабалар учун пахта мавсуми аввалги йиллардагидан ҳам кўпроққа чўзилган.
Расмий пахта мавсуми ноябр ойи бошида ниҳоясига етганига қарамай, мамлакат бўйлаб ўқувчи-талабалар 20 ноябрга қадар пахта
далаларида меҳнат қилишга мажбурланган.
'Қуллар меҳнати'
Наманган
вилоятидаги каcб-ҳунар коллежларидан бирининг ўқитувчиси болалар
меҳнати сабаб ўзбек пахтасини бойкот қилиш ҳақидаги халқаро кампанияни
хуш қарши олганлари, аммо расмийларнинг бу кампанияга муносабатидан
ҳафсалалари пир бўлганини айтади.
Бу йилги
пахта йиғим-теримидаги ўқувчи-талабалар меҳнатини тасвирларкан, у
"Америкадаги қора танлиларни ҳам пахта плантацияларида бунчалик
эксплуатация қилишмаган бўлса керак", дейди.
Унинг сўзларига кўра, Наманган вилоятидаги талабалар 8 ноябр куни пахтадан қайтарилган, аммо орадан икки кун ўтиб, қайтадан
пахта даласига ҳайдалган.
Расмий кампания чоғида уюшган ҳолда, автобусларда олиб кетилган талабалар охирги ўн кунда пиёда бир неча чақирим йўл босиб,
пахта даласига қатнашга мажбурланган.
"Бу йилги пахта мавсуми шўро давридаги кампаниядан ҳам ошиб тушди", -дейди Уйчи туманидаги мактаб ўқитувчиларидан бири.
У 4-5 синф ўқувчилари билан ёнма-ён ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам пахта теришганини айтади.
Унинг сўзларига кўра, пахта теримига чиқишни истамаган ўқувчи ва ўқитувчилар мактаб ва коллеж мутасаддиларига пора беришга
мажбурланган.
"Охирги йилларда бу каби "пахта мавсумини сотиб олиш" қарийб расмий тўлов ҳолига келиб қолган", - дейди у.
Айни пайтда бу йилги пахта мавсумида "теримдан бўйин тоблаган" талабаларни ўқишдан ҳайдаш ҳоллари қайд этилгани ҳақида хабарлар
олинган.
Ўзбекистон расмийлари мамлакатда болалар меҳнатининг кенг тарқалганини рад этишади.
Сўнгги қонун болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун маъмурий жазони назарда тутади, бироқ амалиётда расмийлар вояга етмаганлар
меҳнати учун масъулиятни кўпроқ ота-оналар ва фермерлар зиммасига юклайдилар.
|