Британия ўз фуқароси қатл этилганидан ғазабда
|
|
Британ ҳукумати ва оиласи аъзолари Хитой расмийларидан Акмал Шайхнинг руҳий хасталигини инобатга олишни сўрашганди |
Хитойга ноқонуний гиёҳванд модда олиб киришда айбдор топилган Британия фуқароси Британ ҳукумати ва оиласи аъзоларининг унинг
руҳий хасталигини инобатга олиш сўровларига қарамасдан қатл этилган.
53 яшар Лондон шаҳрида истиқомат қилган Акмал Шайхни Урумчидаги қамоқхонада томирига заҳарли модда юбориш билан қатл этилган.
У беш фарзанднинг отаси эди.
Акмал Шайх 2007 йилда Тожикситондан Хитойга борган пайтида унга тегишли экани айтилган жомадонда гиёҳванд моддалар топилганидан
кейин ҳибсга олинганди.
Акмал Шайх жомадоннинг ўзига тегишли эканини ҳам ўзига қўйилган айбни ҳам инкор этган.
Хитой расмийлари Британ дипломатларининг Акмал Шайхнинг сўнгги сонияларининг гувоҳи бўлишларига рухсат бермаган.
У урумчидаги қамоқхонада томирига нина воситасида заҳарли модда юбориш йўли билан қатли этилди.
Ўзининг ва оиласи аъзоларининг сўровига биноан Акмал Шайхни аллақачон дафн этишган.
|
|
Лондондаги Хитой элчихонаси қаршисида Акмал Шайхнинг қатл этилганига норозилик намойиши уюштирилди |
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили айтишича, ушбу жиноий иш мамлакат қонунчилигига қатъий риоя қилинган ҳолда олиб борилган
ва Акмал Шайхнинг ҳуқуқлари тўла таъминланган.
Ўзининг баёнотида Британия Бош вазири Гордон Браун ўлим ҳукми ижро этилганидан даҳшатга тушганини ва Акмал Шайхнинг руҳий
хасталиги инобатга олинмаганидан хавотирда бўлганини билдирди.
Британия етакчи сиёсатчи ва расмийларининг раҳм-шафқат қилиш борасидаги қайта-қайта мурожаатлари Акмал Шайхни асраб қололмади,
деб ёзади Би-би-си мухбири.
29 декабр куни Хитойнинг Лондондаги элчиси Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган, элчига кескин оҳангда Британия
қоралови изҳор этилган.
Инсонни қатл этишдан илгари Хитой маҳкамалари ўзлари қабул қилиб олган тиббий хулосани инобатга олмаганлари қоралашга арзигулик
иш, деб айтган Британия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими.
Қариндошларининг айтишларича, Акмал Шайх машҳур қўшиқчи бўлишни орзу қилган, ўзининг қўшиғини ёзиш мақсадида Хитойнинг Шинжон
Уйғур мухтор бўлгаси пойтахти Урумчига борган.
Хитой расмийларига кўра, унинг жомадонида 4 килограмм гиёҳванд модда топилган.
Акмал Шайх қариндошларига кўра, у гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиган ноқонуний гуруҳлар алдовининг қурбони бўлган.
|