2009 йил сарҳисоби ва Янги йилда ким нимага умид қилмоқда?
Жорий
2009 йил ўз поёнига етиб бораркан, кечаётган йилда ким нималарга
эришдию, яна нималардан афсусда? Янги йилдан кутаётган умидларию,
режалаётган ишлари қандай? Би-би-си Ўзбек Хизмати Янги Йил арафасида
айни шу саволлар билан бугун турли сабаблар билан муҳожиротда кун
кечираётган турфа ўзбекистонликларга мурожаат этган:
Илк қаҳрамонимиз ҳозир Швейцарияда муҳожиротда истиқомат қилаётган ўзбек мухолифати фаолларидан Сафар Бекжон:
Сафар Бекжон:
2001 йил 11 сентябрдан кейин дунёда бошланган фалокат 2009 йилгача
давом этди. Мана шу эсимда қолган нарса....Бунга 2009 йилдаги глобал
иқтисодий инқироз ҳам илова бўлди. Ва дунёдаги халқларнинг,
камбағалларнинг аҳволлари ундан ҳам ёмон бўлди. Шахсий ҳаётимнинг ҳам
худди шунга ўхшаган жамият билан тўғридан-тўғри боғлиқ томонлари бор.
Ўзимнинг касалмандлигим, соғлиғимни йўқотиб бораётганлигим,
даволанишимнинг қийин бўлиб бораётганлиги, Оврўпода ҳам сиёсий ва
иқтисодий аҳволнинг ёмонлашганлиги оқибатида чет элликларга нисбатан
муносабатнинг ёмонлашуви натижасида 2009 йилда салбий хотиралар
кўпайганга ўхшаб қолаяпти...
Навбатдаги
қаҳрамонимиз ҳозир Россияда муҳожиротда истиқомат қилаётган ва
қурувчилик орқасидан пул топаётган Муҳаммаджон Исломов:
Муҳаммаджон Исломов:
Ишлаган меҳнатингизнинг пулини ололмай, гарангизгиз чиқиб, буларнинг
милициясидан қочиб, милициясининг текшир-текширига ҳар қадамда пул
беравериб ҳам чарчаб кетдик шекилли, чарчаб кетдим ҳам мен. Шу ишлаган
пулингиз ҳам томоқдан ўтмаса, фақат уларнинг орқасидан жанжал, чоп, ҳа,
чоп, бугун-эртаси тамом бўлмайди, "мировой кризис” деб, энди, икки
йилдан бери ишлаган иш ҳақимизни ололмай юрибмиз. Бу мусулмон деб, бир
йигитнинг қўлида ишловдик, у ҳам алдамчи экан, бу Россияда бир тўғри
гапирадигани ҳам йўқ экан....Бу йил ҳам шу сал қийинчиликлардан ўтиб
олди, энди тўғри бўлса керак-да десак, яна шу алдаш, бугун-эрта,
бугун-эртаси тамом бўлмас экан, мусулмон мусулмонни алдайверса ҳам жа
чиройли чиқмас экан...
Навбатдаги қаҳрамонимиз ҳозир Парижда муҳожиротда истиқомат қилаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Муътабар Тожибоева:
Муътабар Тожибоева:
Яхши томонларидан гапиришни бошлайдиган бўлсам, 2008 йилни аёллар
қамоқхонасида, маҳкума аёллар билан биргаликда кутиб олаётган пайтимда,
келаси 2009 йилни ўз уйимда, оилам, дўстларим, ҳамкасбларим даврасида
2010 йилни эса, Ватандан, дўстларимдан, қадрдонларимдан, оиламдан
йироқда кутиб олишимни, ҳатто, хаёлимга ҳам келтирмагандим. Чунки мен
қамоқдан тирик чиқишимдан умидимни узгандим ва қачонлардир озодликка
чиқишимни тасаввуримга ҳам сиғдиролмасдим. 2009 йилни мен ўзим учун
ўзбек диктатурасини дунёга яқиндан таништириш йили деб аташни
хоҳлардим...
Навбатдаги қаҳрамонимиз ҳозир Швецияда муҳожиротда истиқомат қилаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Муҳиддин Қурбонов:
Муҳиддин Қурбонов:
Энди, Швециядан туриб, Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари жамиятини
тузганлигимиз бизнинг узвий ишлаб туришимизга асос бўлган. Мана шу
ташқаридаги аҳволларнинг ҳам жуда яхши мониторингизни ўтказиб
бораяпмиз. Энди шу йил давомида мен ташқарида асосан бошпана сўраган
мигрант ўзбекистонликларга ёрдам бераяпман. Хуллас, тахминан 40-50 тача
одамга шахсан ёрдам бериб, хат-пат қилдик... Уҳ-ҳууу, хориждаги ўзбек
муҳожирлари, энди жуда ачинарли аҳволда-да! Булар 100 фоиз ҳимояга
муҳтож, юз фоиз!
Навбатдаги қаҳрамонимиз асли ўзбекистонлик, жорий вақтда эса, Америка фуқароси бўлган давлат арбоби Рўзи Назар:
Рўзи Назар:
Шахсий ҳаётимда яхши кунлар билан баробар хунук кунлар-да юз берди.
Айниқса, оилада. Аввало мен, кейин рафиқам ёшимиз илгарилагани учун кўп
касалликларга йўлиқдик. Энди бу секин-секин йўлга кираяпти. Яхши томони
шундаки, фарзандларимиз, невараларимиз муваффақ бўлишяпти. Севинтиргани
– қиз неварам Клара Нью Йорк ва Калифорния штатларида адвокатлик
лицензияларини олди. Аммо айни вақтда мен бир нарса ёзаётгандим, лекин
хасталикдан қўлларим титраб, шу ёзувим бироз секин кетяпти. Энди,
кўплари ҳаёт тарихингиз, биографиянгизни ёзинг, деб сўрашди-да...
Навбатдаги қаҳрамонимиз ҳозир Австрияда муҳожиротда истиқомат қилаётган таниқли шоир Ёдгор Обид:
Ёдгор Обид:
Аввало бир нарсани айтишим керак бўлади – биз ҳаммамиз бугунги жаҳон
жамоатчилигининг Ватандаги ва Ватандан ташқаридаги ватандошлар
жамоасининг таркибида яшаймиз. Истасак, истамасак ундан ташқарида
бўлолмаймиз. Жаҳон жамоатчилиги ҳаёти ҳам, ватандошларимиз жамоаси
ҳаёти ҳам сиёсат билан боғлиқ. Баъзи шоирлар ёки бошқалар, "Мен
сиёсатга аралашмайман, сиёсатдан ташқаридаман,” дейишади. Ўзларини
жамоатчилик ҳаётидан айри кўрсатмоқчи бўлишади. Аслида мантиқан
салмоқлаб кўрадиган бўлсак, шунинг ўзи ҳам сиёсатнинг бир тури бўлиб
чиқади. Демак, ҳаётимиз давомидаги ҳар бир ҳодиса жамоатчилик ҳаёти ва
сиёсат билан боғлиқ...
|