Шу йил 7 феврал куни ўзбек халқи яна бир асл фарзандидан маҳрум бўлди
Таъзия
Ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон ССР Фанлар Академияси
Президенти, Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси лавозимларида
ишлаган академик Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаев Ўзбекистон Коммунистик
Партияси раҳбарлигига, Ислом Каримовга қарши ягона номзод бўлган эди.
Ҳозирги кунда ўзини муҳолифат раҳбарларидан бириман деб даъво этаётган
баъзи бир КГБ айғоқчиларининг ўша пайтларда ҳам кўрсатган "холис
хизматлари” туфайли бу ажойиб Инсон ва буюк олим давлат бошқарувидан
четлаштирилган эди.
Каримовнинг талаби билан академик П.Қ.Ҳабибуллаев мустақилликнинг
дастлабки кунларидан бошқарган Ўзбекистон Республикаси Фан ва Техника
қўмитаси раислигидан ўз хоҳиши бўйича истеъфога кетмаганидан сўнг, 2001
йилда қарийб бир йил давомида Миллий Ҳавфсизлик Хизмати бошчилигида
комплекс тафтиш қилиниб, натижада 3 та алоҳида-алоҳида ташкилотга
бўлиниб, ишидан камчилик топилмаган академик П.Қ.Ҳабибуллаев Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Координация Бошқаруви
қошидаги Фан ва технология маркази деб ном берилган ташкилотга директор
лавозимида қолдилар. У кишининг тасарруфидан илмий изланишлпарни
молиялаштиришни шу йўсинда тортиб олишган эди.
П.Қ.Ҳабибуллаев ядровий физика соҳасида илмий изланишлар олиб бориш,
илмий муассасаларга раҳбарлик қилиш билан биргаликда давлат бошқаруви,
жамоатчилик ишларида ҳам ибратли ҳаёт кечирдилар. Академик Пўлат
Қирғизбоевич Ҳабибуллаев умрларининг охиригача прогрессив ғояларни
қўллаб-қувватловчи ажойиб ҳислатлари билан илм-фан ва жамиятни ислоҳ
қилиш ғоялари билан у кишига мурожаат қилган ёш авлодга тўғри йўл-йўриқ
ва устозларча маслаҳатларини бериб келдилар.
Ажойиб Инсон, буюк олим, давлат ва жамоат арбоби Пўлат Қирғизбоевич
Ҳабибуллаевнинг оламдан ўтганлиги муносабати билан марҳумнинг оила
аъзолари ва барча яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.
Академик Пўлат Қирғизбоевич Ҳабибуллаевнинг порлоқ хотиралари ўзбек
халқининг ҳозирги ва келажак авлодлари юрагининг тўридан абадий ўрин
олади. Марҳумнинг охироти обод бўлсин!
Хориждаги ўзбек ижодкорлари.
www.yangidunyo.com
|