Жиззахда туманлараро маҳкама ҳаками қўлга олинди
Жиззах вилоятининг фуқаролар ишлари бўйича туманлараро маҳкамаси ҳаками ҳибсга олинган.
Ҳакам Юсуф Камоловнинг бир кишидан пул олаётган вақтда миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ушланиб, порахўрликда айбланаётгани
айтилади.
Юсуф Камолов ҳакам этиб тайинланмасидан аввал бир неча йил адвокат сифатида ҳам фаолият олиб борган.
Унинг
қаерда сақланаётгани маълум эмас. Айрим хабарларга кўра, ҳакам Жиззах
шаҳар Ички ишлар бўлинмасининг вақтинчалик ҳибсхонасида тутиб турилган
бўлиши мумкин.
Пора миқдори ва уни берган кишининг шахси ҳам ҳозирча номаълум қолмоқда.
Юсуф Камоловга расман қандай айб қўйилаётгани, уни эҳтиёт чораси юзасидан қамоққа олиш ёки ҳибсдан озод этиш юзасидан маҳкама
жараёни бўлиб ўтган-ўтмагани ҳам қоронғу қолаётир.
Жиззах вилояти инсон ҳуқуқлари фаоллари эса, сўнгги пайтларда суд тизимида бу каби ҳибсга олиш ҳоллари тез-тез учраётганини
айтишади.
Улар буни ҳукумат томонидан "коррупцияга ботган" суд тизимини тозалаш йўлидаги ҳаракат, дея талқин этишади.
Лекин фаоллар тўрт-беш ҳакамнинг ҳисбга олиниши расмийларнинг бу иш аҳдида қанчалик қатъий эканликларига далолат қилмаслигини
ҳам урғулашади.
Уларга кўра, кўрилаётган чораларнинг амалий натижаси мазкур жараённинг қандай давом этишига боғлиқ бўлади.
Жиззахлик фаолларнинг айтишларича, "вилоятдаги суд тизими ишдан чиқиб бўлган".
Фаоллар ўзларига мурожаат қилган фуқароларнинг шикоят аризалари бунга яна бир мисол эканини урғулашади.
Улар
ўзлари кузатувчи сифатида иштирок этган қатор маҳкама жараёнларида
кўплаб қонунбузарликларга гувоҳ бўлганликларини айтишади.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2010/03/100309_uzbek_judge_arrested.shtml
|