Россия 1940 йилда отиб ўлдирилган полшалик зобитларга тааллуқли архив материалларини ошкор этган.
Хатин ҳодисаларига тегишли ҳужжатларнинг нусхаси Россия Федерал архивининг интернет сайтида эълон қилинган.
Шу пайтгача "1-рақамли пакет" деб ном берилган архив ҳужжатлари билан танишишга фақат тадқиқотчиларга рухсат этилган эди.
Даставвал ҳужжатлар Шўролар Иттифоқи Коммунистик фирқаси архивида, сўнг Россия президентининг архивида сақланган.
Ундан кейин Россия ижтимоий-сиёсий тарихи давлат музейи ихтиёрига берилган.
Архив ҳужжатлари Президент Дмитрий Медведев сўровига биноан ошкор этилган.
Интернетга қўйилган ҳужжатлардан бири 1940 йил 5 мартида Совет НКВДси бошлиғи Лаврентий Бериянинг Сталинга ёзган махфий мактубидир.
Унда Берия полшалик маҳбусларни "Совет тузумига қарши нафратга тўла, Совет ҳокимиятининг ашаддий душманлари" деб атайди.
Маҳбусларни ҳамон аксилтарғибот ишларини давом эттираётганликда айблаб, уларга нисбатан чора кўриш, олий жазо қўллаш - отиб ўлдиришни тавсия қилади.
Мактубга Иосиф Сталин кўк қалам билан Берия таклифини маъқуллаб имзо чеккан.
Полшаликларни ўлдиришда Совет Иттифоқи 50 йил давомида Олмонияни айблаб келди ва фақат 1990 йилда зобитлар ўлими учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
Шу пайтгача тарихчиларнинг танишишига рухсат берилган архив ҳужжатларини ошкор этиш қарори, мухбирларга кўра, афтидан Россиянинг Полша билан муносабатларини илитиш мақсадидаги рамзий қадамидир.
Полша узоқ йиллар мобайнида Хатин ҳодисаларига тегишли ҳужжатларни очишни Россиядан талаб қилиб келган, Россия томонидан ушбу талабнинг рад этилиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар совишига асосий сабаблардан бўлган.
Бироқ шу йил апрел ойида Россия ва Полша бош вазирлари илк бор Хатин қатлиомини хотирлаш маросимида биргаликда иштирок этишди.
Орадан бир кун ўтиб, Полша Президенти Лех Качински ва унга ҳамроҳлик қилаётган 90 дан зиёд инсон улар ўтирган учоқ Смоленскда қўниш пайтида юз берган авиаҳалокат туфайли ҳалок бўлдилар.
Ушбу ҳалокат Россия ва Полша муносабатлари илишига туртки берди.
1940 йилдаги оммавий қатлларни НКВД Сталин буйруғи асосида содир этган.
Полшанинг кўзга кўринган шахслари, юқори лавозимли зобитлар, сиёсатчилар ва ижод намояндалари бошларидан отиб ўлдирилган ва оммавий қабрларга кўмилган.
Полшаликларни мамлакатнинг турли жойларида қатл қилишган, бироқ Смоленск яқинидаги Хатин қишлоғи ушбу қотилликларнинг бош рамзига айланган.
Хатин қатлиоми номи билан танилган ҳодисаларда 22 минг полшалик ўлдирилган.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/world/2010/04/100428_cy_russia_katyn_archive.shtml