Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ваҳшиёна ўлдирилди
Давлат Қудрат Би-би-си, Москва
Свердловск вилоятида ўзбекистонлик меҳнат муҳожири россиялик ҳамкасби томонидан ваҳшиёна ўлдирилган.
Милиция
расмийларига кўра, 42 ёшли ўзбекистонлик йигит аввал калтакланиб
ўлдирилган, кейин унинг жасади темир бочка ичидаги цементда қотирилган.
Свердловск мулозимларининг айтишларича, 30 май куни содир этилган котилликка маиший низо сабаб бўлган.
Свердловск
вилояти милициясига кўра, Сухой Лог шаҳри яқинидаги дам олиш масканида
Ўзбекистон ва Россия фукароларидан иборат иккита қурувчилар бригадаси
ёнма-ён меҳнат қилган.
Россия фукаролари, милиция расмийлари таъбирича, қамокда ўтириб чиққан ва ароқхўрликка муккасидан кетган шахслар бўлишган.
Расмийларнинг
Би-би-сига айтишларича, россиялик ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ,
ўзбекистонликлар ўз ҳалол меҳнатлари эвазига яхши маош олишган.
Ушбу ҳол Ўзбекистон фуқаросининг ваҳшиёна ўлдирилганига сабаб бўлган бўлиши мумкин, деб айтишади милиция расмийлари.
Свердловск
вилояти Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Валерий Горелихнинг
билдиришича, Ўзбекистон фуқаросини ўлдирган шахс қўлга олинган ва у ўз
айбига иқрор бўлган.
"Милиция ходимлари қотилни қўлга олишди.
Ҳозирда Россия Жиноят кодексининг "қотиллик" банди бўйича жиноий иш
қўзғатилган. Жиноятга маиший низо, яъни бир жойда ёнма-ён ишлаган
Ўзбекистон ва Россия фуқаролари орасида юзага келган жанжал сабаб
булган. Ҳозирда жиноятга алоқадор бошқа шахсларни қидириш давом
этмоқда", - деб айтди Свердловск вилояти ички ишлар бошқармасининг
матбуот котиби.
Милицияга кўра, Ўзбекистон фуқаросини калтаклаб ўлдирган шахслар маст ҳолатда бўлишган.
Улар жасадни дам олиш маскани яқинидаги сув омборида чўктириб юбормоқчи бўлганлар.
Жиноятдан тасодифан хабардор бўлган маҳаллий фуқаро милиция ходимларига хабар қилгани айтилади.
Россия мулозимлари марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган жиноятлар ҳақида бот-бот гапиришади.
Аммо ҳуқуқ фаолларига кўра, меҳнат муҳожирларининг ўзлари энг кўп ҳимояга муҳтож қатламдир.
Ҳар йили Россияда ўнлаб марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ўлдирилади.
Уларнинг аксарияти ирқий ҳужумлар қурбонларидир.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2010/05/100531_russia_migrant_death.shtml
|