Исроил Эрон АЭСини танқид қилди Исроил ҳукумати Эроннинг Бушеҳр шаҳрида атом электр станциясининг ишга туширилишини кескин танқид қилди.
"Халқаро
келишув шартларини бузаётган давлат ядровий технологиялардан фойдаланиш
имкониятларидан мосуво қилиниши шарт", дейилади Исроил ҳукуматининг
эълон қилинган баёнотида.
Айни пайтда расмий Лондон ҳам халқаро
ҳамжамиятни Эронни уранни тўйинтириш ишларидан воз кечтириш мақсадида
ушбу давлатга босим ўтказишга чақирди.
Шанба куни Эроннинг Бушеҳр шаҳрида Россия ёрдамида барпо қилинган биринчи атом электр станцияси ишга туширилди.
21
август куни станция реакторини ядровий ёнилғи билан тўлдириш жараёни
бошланди ва ушбу жараённинг бир ҳафтага чўзилиши айтилмоқда.
Атом электр станцияси кузда Эроннинг ягона энергетик тизимига қўшилгандан сўнг электр қуввати ишлаб чиқара бошлайди.
Бушеҳрдаги
станция қурилиши Россия иштирокида 35 йилда ниҳоясига етказилди. Россия
томони ушбу станцияга ядровий ёнилғи етказиб бериш ҳамда ядровий
чиқиндиларни мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетишни ўз зиммасига олган.
|