Суббота, 24-05-04, 19:17

Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир.

ҲИМОЯЧИ

ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ЖАМИЯТИ
O'ZBEKCHA  РУССКИЙ   ENGLISH   SVENSKA    AF SOMALI    العربيه
МАНЗИЛИМИЗ Бош саҳифа Рўйхатдан ўтиш КИРИШ
САЛОМНОМА, Гость · RSS
Б Ў Л И М Л А Р
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ [284]
ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ХАЁТИДАН ЛАВХАЛАР [72]
ҲУҚУҚ ХИМОЯЧИЛАРИ ЁЗИШМОҚДА [211]
ИСЛОМ ВА МУСУЛМОНЛАР [183]
ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ [85]
СОBРИНДОРЛАР [11]
ЭЪЛОНЛАР [16]
ОЧИҚ ХАТЛАР [24]
БАЁНОТЛАР [21]
МАХБУСЛАР ХАЁТИДАН [51]
МУХОЖИРЛАР ХАЁТИДАН [127]
АДАБИЁТ ВА САНЪАТ [18]
СИЁСАТ [73]
ТАРИХ [15]
ВИДЕОЛАВХАЛАР [27]
ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИ [2]
ЖУРНАЛИСТЛАР ХАЁТИДАН [49]
АМАЛДОРЛАР ХАЁТИДАН [31]
МУРОЖААТНОМАЛАР [29]
НОРОЗИЛИК НАМОИШЛАРИ [37]
БОЛАЛАР МЕХНАТИ [10]
ХАЛОКАТЛАР [12]
ЙИҒИЛИШЛАР [12]
ТАРИХИЙ ШАХСЛАР [11]
С П О Р Т [13]
ТАБОБАТ ХАЗИНАСИДАН [25]
РАДДИЯЛАР [6]
ТАЗИЯНОМАЛАР [9]
Д У Н Ё Х А Б А Р Л А Р И [139]
Қ И Й Н О Қ Л А Р [25]
АДВОКАТЛАР ХАЁТИДАН [6]
БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА [78]
ҒАЙРИДИНЛАР ХАЁТИДАН [0]
ЭШИТТИРИШЛАР [31]
ДИНИЙ МАРУЗАЛАР [15]
СУД, ПРОК, МИЛИЦИЯ [18]
ФАХШ ИШЛАР [16]
ЭКСПЕРТЛАР ХУЛОСАСИ [1]
Қ И Р Ғ И З И С Т О Н [177]
Б Б С Мехмонлари [22]
Қ О З О Ғ И С Т О Н [5]
МАЖБУРИЙ МЕХНАТ [2]
Т О Ж И К И С Т О Н [20]
Р О С С И Я [22]
ЖАЗОГА ХУКМ ҚИЛИНГАН [9]
Ў З Б Е К И С Т О Н [74]
Ш В Е Ц И Я [0]
МУХИДДИН ҚЎҚОНДИЙ ШАХСИЙ САХИФАСИ [4]





АЛЛОҲНИНГ  ГЎЗАЛ  ИСМЛАРИ

ШАЙХ МУХАММАД СОДИҚ МУХАММАД ЮСУФ ХАЗРАТЛАРИНИНГ МАРУЗАЛАРИ

Х А Л Қ И М

Б Е Н А М О З

КАРИМОВНИНГ ХАБАРИ ЙЎҚ

ЎЗБЕКИСТОН БОЛАЛАРИ

ЖАННАТДАГИ КУНДОШИМ

Pepsi ва Coca-Cola ХАРОММИ ?

Би-би-си мехмони Швециялик муҳожир

Е-322 МОДДАСИ

"МХХ билан келишув амалга ошмади"

Фан ҳижобнинг фойдали эканлигини тасдиқлади

"Гуноҳим рўмол ўраганимми?”

Эр - хотин кишининг ярим пири..?

Погон таққан
қиз ўғрилари

ТАШАККУРНОМА

Террорчилик - Ғарб маҳсули

Гегемонлик васвасаси

Ўзбекистонга   қайтган
аëл  қамоққа  олинди


Каримов ғарбни ўйинчоқ қилмоқда

Имомлардан маломатларни кўтариш

АҚШ элчиси Каримовни қизлари хақида айтганлари


 
Главная » 2010 » Август » 27 » Хасталик дафтари
09:00
Хасталик дафтари

Хасталик дафтари

Раҳмат Қурбон

Шеърлар

Мен 2006-2009- йиллар орасида жуда кўп шеър ёзиб юбордим. Ёзганларимнинг озгина қисмини дўстларим китоб ҳолида нашр қилишди. Уларга раҳмат. Худди милтиқдаги ўқ отилиши керак бўлганидек, ёзилган шеър ҳақ ўқувчига етиб бориши, ўқилиши керак. Умуман, биласиз, ҳозирги кунда моддиятчи бўлиб кетган бутун дунёда кишилар шеър ўқишга унчалик рағбат қилмаяпти. Шеър инсон кўнглида раҳмдиллик, инсонпарварлик туёғуларин уйғотиши бор гап. Лекин кескин иқтисодий рақобатлар чангалида яшаётган бугунги кун одами учун раҳмдиллик, ўзгалар дардига ҳамдард бўлиш уларнинг моддий дунёқарашларига зарар келтиради. Ҳар ҳолда кўнгли юмшаб қолган киши иқтисодий рақибига қарши астойдил кура олмай қолиши эхтимоли бор. Хуллас, ер ўз ўқи атрофида айланмай қўйди. Ер еб тўймаган нафсимиз атрофида айланяпти.
Ҳамма бир-бирининг моли ва жонига кўз олайтиришни асосий мақсад қилиб олган пайтда йиғламсираб шеър ёзиш баъзан одамга малол келади.

Ҳа, қизиқ замонлар келди, кўчада шоир эканлигингизни бировдан яширишга харакат қиласиз. Ҳозирги кунда шоирлик – таслим бўлиш, енгилиш тимсолига айланиб қолган. Бир вақтлар Абдулла Орипов ёки Эркин Вохидов каби истеъдодли шоирларни халқ салкам авлиё деб хурмат қилган. Ҳозирги кунда улардан ўн баробар истеъдодли шоир пайда бўлса ҳам, халқ унга қайрилиб қарамайди. Китоб ўқишга қизиқиш хаддан зиёд пасайиб кетди. Одамзот нон еяётиб нон топиш ҳақида ўйлаяпти. Кишилар бир-биринг бахтсизлигидан баралла хурсанд бўлаяпти. Йиқилган одамни устидан тепалаб ўтиш одатдаги ишга айланди. Эркак ҳам, аёл ҳам энг яқин дўстини жаллодни қўлига топшириб, шу орқали ишини битиришни тадбиркорлик деб уйлайди.
Хуллас, Юсуфон! Шеърларимни сайтингизда эълон қиласангиз маъқул бўларди.

*****

ХАСТАЛИК ДАФТАРИ туркуми

УМР ЙЎЛДОШИМГА АТАЛГАН ШЕЪРЛАР

ЎКТАМЖОНИМ, МАЛАГИМ

Ўктамжоним,малагим,
Пешонамни силагин.
Бошим ёмон оғрийди,
Узоқ умр тилагин.

Ўктамжоним,малагим,
Пешонамга босгин лаб.
Бошимдаги касалим
Нега тузалмас йиллаб.

Ўктамжоним,малагим,
Қучоқлагин бошимни,
Артгин,биров кўрмасин
Қўзимдаги ёшимни.

Ўктамжоним,малагим,
Менга дори ичиргин.
Йиллаб касал боқасан,
Жоним,мени кечиргин.

Ўктамжоним,малагим,
Сени яхши кўраман.
Қўлинг узат,таяниб
Ўрнимдан ҳам тураман.

Ўктамжоним,малагим,
Кел,юзингни силайин.
Бағрингга босгин мени,
Қучоғингда ўлайин.

****

ЎКТАМЖОНИМ

Ўктамжоним,жон Ўктам,
Айтгин,қуёш ботмасин.
Бағрингга яшир мени,
Ўлим олиб кетмасин.

Ўктамжоним,жон Ўктам,
Кўзимдан ёшлар тошар.
Ўғил-қизим хали ёш,
Дардимга минг дард қўшар.

Ўктамжоним,жон Ўктам,
Ёнимдан нари кетма.
Ажални қувиб солгин,
Яқинимга йўлатма.

Ўктамжоним,жон Ўктам,
Оёғим мунча совуқ.
Кўрпа билан ўраб қўй,
Ўлим келдими ёвуқ.

Ўктамжоним,жон Ўктам,
Сени қандай севаман.
Ўлаётиб оғриқмас,
Севишимни сезаман.

Ўктамжоним,жон Ўктам,
Ичим тўла қор ва муз.
Рости аниқ билмайман,
Ҳозир ёзми ёки куз.

Ўктамжоним,жон Ўктам,
Айтгин, қуёш ботмасин.
Бағрингга яшир мени,
Ажал қўли етмасин.

****

УМР ЙЎЛДОШИМГА
Ўктамжоним, суйганим,
Сенга минг раҳмат дейман.
Ким сени ёмон деса,
Бу қуруқ туҳмат дейман.
Оғир кунлар жонимга
Малҳам бўлдинг, ярадинг.
Эримга шифо бер деб,
Оллоҳдан кўп сўрадинг.
Пешонамда бор экан,
Дардим оғир, мўл бўлди.
Кўп йиғладинг, азизим,
Кўзёшларинг кўл бўлди.
Мени ташлаб қўйдилар
Дўсту яқин қариндош.
Сен ёнимдан кетмадинг,
Барига бердинг бардош.
Ажал яқин келдими,
Танам чарчаб, толяпти.
Боламни суюшга ҳам
Кучим етмай қоляпти.
Яратгандан сўрайман,
Ўзи сени қўлласин.
Ёмон кунинг кўп бўлди,
Яхши кунлар йўлласин.
Бу дунёда ҳар кимдан
Сени аъло биламан.
Мажнун бўлсам, бир сени
Ёрим - Лайло биламан.
Мен ўлсам, сенга қолар
Икки бола ташвиши.
Ортда қолган бўлсин дей
Ҳаётингнинг куз, қиши.
Оллоҳ ўзи қўлласин,
Доим бўлгин саломат.
Нега бевақт ўлдинг деб,
Қилмасанг бас маломат.

****

НЕДИР БУ

Ай Ўктамим, недир бу,
Тоғинг нега хор бўлди ,
Дори йўқдир дардимга,
Малҳам фақат дор бўлди.
Биласан-ку,кечалар
Уйғониб кўп йиғлайман
Ўғил-қизимни ўйлаб
Юрак-бағрим доғлайман.
Узоқ касал бўлдим мен,
Доим бирга юргансан.
Минг бор хўнграб йиғладим,
Ҳаммасини кўргансан.
Касалимни кўрибоқ,
Дўсту шогирд қочдилар.
Бу ҳам камдай, ёв бўлиб,
Менга уруш очдилар.
Бу ишларнинг баридан
Ёлғиз ўзинг огоҳсан.
Ит бўлиб ҳам талашди,
Бунга ўзинг гувоҳсан.
Майли ўтди бариси,
Қолди фақат касаллик.
Ўзинг яхши биласан.
На тирикман,на ўлик.
Мен ўламан,Ўктамжон,
Сенга қийин бўлади.
Тош айлагин бошингни,
Мингта ташвиш келади.
Ёнингда бўлсин доим
Полвон ўғлим,гул қизим.
Улар ўсиб улғайсин
Ўчиб кетмасин изим.
Мен кетаман бўлди, бас.
Ҳафа бўлмагин,жоним.
Бошинг қаттиқ тош бўлсин,
Қўллаб турсин Худойим.
Минг бор кечир,Ўктамжон,
Бу дунёдан ўтаман.
Фарзандлар ташвишини
Сенга ташлаб кетаман.
Ақлли ва хушёр бўл,
Йўлинг топиб оларсан.
Елкангдан тоғлар кетар,
Хурсанд бўлиб куларсан.

****

ҚИЙНАЛДИМ

Ҳавасларинг келтириб,
Бу дунёдан кетаман.
Гўрга кириб жимгина
Тупроқ қучиб ётаман.
Гўрга кириб кетаман,
Ортда қолар ғам-ташвиш.
Ер остида гул,баҳор,
Ер устида мангу қиш.
Мозор тинч ва осуда,
Йўқдир дунёнинг наҳси.
Жаннат томон очилар
Лаҳаднинг деразаси.
Сухбатдош хам топилар,
Келар Мункир ва Накир.
Улар савол сўрайди:
"Роббинг кимдир,бўл,гапир!”
Роббим Оллоҳ,У танҳо.
Раҳмдил ва меҳрибон.
Жамолин бир кўрсам эди,
Бўлмасди менда армон.
"Бўлди,Мункир ва Накир,
Энди ортга қайтинглар,
Оллоҳимга номимдан
Кўп-кўп салом айтинглар.

2

Лаҳад тинч ва осуда,
Сени ўйлаб ётаман.
Тушларингда ўқийсан,
Узун мактуб битаман.
Гар соғинсанг,сезаман,
Гўрда тикка тураман.
Қабримдан садо чиқар:
"Сени яхши кўраман”.
Баъзан ярим кечаси
Гўрдан аста тураман.
Ўша тун тушларингга
Меҳмон бўлиб бораман.
Руҳим посбон,қўриқчи,
Сен бор жойда у бордир.
Ғойибдан мадад берар,
У содиқ дўст, чин ёрдир.

3

Деразангнинг тагида
Сайраган қуш мендирман.
Тонгда хурсанд айлаган
Ширин туш ҳам мендирман.
Зулматда қолар бўлсанг
Юлдуз бўлиб ёнаман.
Ҳар мушкил,ҳар хатарда,
Мен сенинг ёнингдаман.
Шамол бўлиб,бўлиб ел
Сочларингни тарайман.
Ярим кеча ой бўлиб
Деразангдан қарайман.
Севинтирса мабодо
Ёз ёмғири бўламан,
Хоҳласанг у дунёдан
Тирик қайтиб келаман.

****

ҚИЗГИНАМ

Ўн ёшида ўйланиб,
Фикри тинган, қизгинам.
Дадам касал бўлди деб,
Кўнгли синган қизгинам.

Кўздан оққан ёшимни
Кўриб қолган, қизгинам.
Боқмай китоб, дафтарга,
Ўйга толган қизгинам.

Ўн ёшида Оллоҳга
Сажда қилган, қизгинам.
"Бизлар ожиз бандамиз”,
Шуни билган қизгинам.

Тенгдошлари осмонда,
Ерда юрган қизгинам.
Дугонаси гул терар,
Қорда юрган қизгинам.

Ўн ёшида елкамга
Елка тутган, қизгинам.
Кўзларимга термулиб,
Қонлар ютган,қизгинам.

Хаста танга қўшилиб,
Юрагим ҳам чириди.
Менинг жажжи қизгинам
Эллик ёшга қариди.

Ўн ёшида ўйланиб,
Фикри тинган, қизгинам.
Дадам касал бўлди деб,
Кўнгли синган, қизгинам.

****

Беморнинг хасрати

Мен бечора беморга
Онамнинг ҳам бағри тор.
Укамнинг елкасида
Хотин деган илон бор.
Мен бечора беморга
Акам ҳам қарамайди.
"Нима каминг бор, ука”
Дея ҳеч сўрамайди.
Мен бечора беморни
Дўстлар ташлаб кетдилар.
Жўн кетмади, кетарда
Бир-бир тишлаб кетдилар.
Шогирдларим, бири кун,
Осмондаги ой бўлди.
Душманга сирим сотиб,
Мансабдор ва бой бўлди.
Мен ўлсам, мол-мулкимга
Кўз тиккан оч кўзлар кўп.
Ҳозирданоқ ҳар хил гап,
Миш-миш, ёмон сўзлар кўп.
Тупроқ остида ётган
Энам кирар тушимга.
"Тузалиб кетгин "дейди
Қўлин қўйиб бошимга..
Тупроқ остида ётган
Дадам дейди:”Ўғлим – шер,
Ҳар мушкилга чидайди,
Касални ҳам енгар” дер.
Ер остида ўликлар
Хабар олар ҳолимдан.
Тириклар”ўлади”деб,
Кўз узмайди молимдан.
Мен ўлсам, тириклар
Кўмиб келар мозорга.
Кейин молу мулкимни
Олиб чиқар бозорга.

****

Умидага

Кун бўйи бадбин ўйга
Ботарим бор, Умида.
Қулоғимнинг ичида
Хатарим бор, Умида.
Мунча жоним оғрийди,
Малҳам борми, Умида.
Қирқ ёшимда қиш келди,
Бошим қорми, Умида.
Кўп дард чекиб, ҳаётдан
Безиб кетдим, Умида.
Ўғил-қизимни ўйлаб
Озиб кетдим, Умида.
Мен хастани дўстларим
Ташлаб кетди, Умида.
Ёрижоним кўзимни
Ёшлаб кетди, Умида.
Дори-дармон, уколлар
Дардимга ҳеч кор қилмас.
Душман ҳамон тош отар,
Номард экан, ор қилмас.
Кўзларимга бир қаранг,
Нури сўнган, Умида.
Ичим тўла дард, хасрат
Кўнглим синган, Умида.
Дардимга чора бордир,
Умид қилай, Умида.
Ўғил-қизим хали ёш,
Кейин ўлай, Умида.
Ўлади дер душманим,
Бу гап бекор, Умида.
Юрагимнинг тубида
Умидим бор, Умида.
Дардимга шифо келсин,
Шу ёшимда ўлмайин.
Баҳорим энди келди,
Хазон бўлиб сўлмайин.
Оллоҳим тузал десин,
Умид қилай, Умида.
Дард чекиб, кўп йиғладим,
Энди кулай, Умида.
Исмингиз дилга ёқар,
Шу исм бор ичимда.
Умид деган бир туйғу
Кўнгилга ёр, Умида.
Кун бўйи ёмон ўйга
Ботарим бор, Умида.
Қулоғимнинг ичида
Хатарим бор, Умида.

****

УЛУҒБЕК ҲАМДАМга

1
Дўстлик недир, Улуғбек,
Бир бирига суянчми.
Бошга оғир кун келса,
Елкадошми, таянчми.

Дўстлик недир, Улуғбек,
Дафтар билан қаламми.
Чаён чаққан жойингга
Энг биринчи малҳамми.

Дўстлик недир, Улуғбек,
Ширин жондан кечишми.
Дўстинг учун кўз юммай
Заҳар-заққум ичишми.

Дўстлик недир, Улуғбек,
Дарахт билан илдизми.
Қаро кунда у – нажот,
Йўл кўрсатган юлдузми.

2

Дўстлик недир, Улуғбек,
Соғликдан бўлдим жудо.
Жоним оғриб "оҳ” чексам,
Остонамда сиз пайдо.

Дўстлик недир, дўстларим,
Менга ўлим даъф қилди.
Ўлимнинг йўлин тўсиб,
Улуғбек етиб келди.

Ёмон кунлар ёнимда
Улуғбек ҳозир эди.
Шундай дўстнинг ёнида
Дард чекиш хузур эди.

Бемор одам кўккамас,
Остонага тикилар.
Танасида дард кўпу
Лек юраги сиқилар.

Ўлим келар ё дармон,
Булар бари Худодан.
Лек хаста дил давоси
Келар дўсту фидодан.

Дўстлик недир, Улуғбек,
Соғликдан бўлдим жудо.
Жоним оғриб дард чексам,
Остонамда сиз пайдо.

3

Эй дўстгинам”ОМИН”де,
Олгил ҳаёт жомин де.
Мен тузалиб кетайин,
Жардан сакраб ўтайин.
Яшай ҳаёт ширин деб,
Ер тўярми мени еб.
Хаста бўлдим кўп ёмон,
Ажал боқди мен томон.
Қулоғимни ўйдилар,
Бўйнимни ҳам сўйдилар.
Бошим чекди кўп жабр,
Кўзёш тўкдим бесабр.
Эй дўстгинам”Омин”де,
Ичгил шифо майин де.
Хасталик кетсин нари,
Тонг отгач,тун сингари.
Юз-кўзларим серзиё
Даврада бўлай пайдо.
Эй дўстгинам омин де,
Отга яна мингин де.
Айтгил:”Ушла қўлимни,
Ўйламагин ўлимни.
Ўлма,узоқ яшагин,
Ризқинг мўлдир,ошагин.
Ўлим қўрқинч,вахима,
Йўқ,ўлимни чақирма.
Қабр,мозор ва лахад
Бизга ҳақ қилган Ахад.
Лекин майса,сув,ҳаво
Куй қўшиқлар сернаво
Бизга Оллоҳ ҳиммати
Яратганнинг раҳмати”.
Эй дўстгинам омин де,
Ичгил шифо майин де.
Яшай ҳаёт ширин деб.

КУНЛАР

Кунлар кўп узун,
Ҳар лаҳза бардош.
Кўзёш тўкмасам,
Ботмайди қуёш.

Ҳар бир одимда
Минг битта тузоқ.
Дармон қуриган,
Манзил кўп йироқ.

Йўллар хатарли,
Қўл-оёқ кишан.
Агар йиқилсам,
Шод бўлар душман.

Таслим бўлайлик,
Дейди ширин жон.
Шунда ҳамлага
Шайланар шайтон.

Ерга бир ётиб
Ўлиб қолсайдим.
Илдизсиз гулдай
Сўлиб қолсайдим.

Жонимдан тўйдим,
Сабрим бўлди соб.
Эртадан бошлаб
Чиқмасин офтоб.

Яратган эгам
Ҳолимдан огоҳ.
Манзилга етмай
Йиқилиш гуноҳ.

****

БАҲОР ШАМОЛИ

Эсгин баҳор шамоли,
Гул қўндир ҳар бутоққа.
Бўй етган қизларни ҳам
Учир қўшни қишлоққа.

Эсгин баҳор шамоли
Қушларни жўр сайратгин.
Йигитларнинг кўзини
Гулдан гулга сакратгин.

Эсгин баҳор шамоли
Ошиб кел кўк тоғлардан.
Боғларни халос айла
Қарға,қузғун,зоғлардан.

Эсгин баҳор шамоли,
Сен – ҳар қандай дард дармони.
Баланд-баланд кўтаргин
Тунд,қоронғу осмонни.

Эсгин баҳор шамоли,
Дармон келтир менга ҳам.
Билсанг хаста жонимда
Роҳат деган туйғу кам.

Тўда-тўда қушларни
Элдан элга кўчиргин.
Қиш зулми ва қийноқни
Йўқ ергарга учиргин.

Қора қиш деб аталган
Тор,қоронғу қафасни
(Бунда ҳамма хаста,сил)
Синдир,парча-парча қил).

Эсгин баҳор шамоли..

****

ҲОЗИР КЕЛМАЙ ТУР

Ажал,ҳозир келмай тур,
Қилар ишим кўп ҳали.
Ерга эккан ниҳолим
Кўкармади,чўп хали.

Ажал,хозир келмай тур
Яшаб,бир бор кулмадим.
Қаро тунни кўрдим,лек
Тўлин ойни кўрмадим.

Ажал,ҳозир келмай тур,
Шошмай тургин бир нафас.
Қуш бўлиб учай бир бор,
Умрим хануз тор қафас.

Ажал,ҳозир келмай тур,
Билай,недир муҳаббат.
Баҳор исмли қизга
Ёзганим йўқ жавоб хат

****

ТОВБА

Кўригингдан ўтганман,
Роббимсан деб айтганман.

Туман кўпдир дунёда,
Зулмат ундан зиёда.

Сени бир дам унутдим,
Шайтон ортидан кетдим.

Кўнглим қора,кир бўлди,
Нафсим менга пир бўлди.

Сени томом унутиб,
Бошимдан ақлим кетиб,

Бўлдим фосиқ,мунофиқ.
Жазо бер менга лойиқ.

Дил бериб бу дунёга
Ботдим фаҳш,зинога.

Ҳаромхўрнинг ошини,
Ўз дўстимнинг лошини

Ит емади,мен едим,
Мунча ҳам ширин дедим.

Ҳақ сўз айтмай золимга,
Илми соҳта олимга,

Уларга шерик бўлдим,
Шерик эмас,черик бўлдим.

Ото бирла онога
Дунёда ягонага

Қобил ўғил бўлмадим,
Улар қадрин билмадим.

Барбод бўлди диёнат,
Дўстга қилдим хиёнат.

Бир мўмин бечорага,
Кўнгли маъюс,ярага,

Атай тухмат қилганман,
Устидан ҳам кулганман.

Эй паноҳим,Оллоҳим,
Кўпдир менинг гуноҳим.

Дунёда ҳеч бир банда
Эмас мендек шарманда.

Тўнғиз каби яшайман,
Кир латтага ўхшайман.

Эй Оллоҳим,кечиргин,
Гуноҳимни ўчиргин.

Умидим бор,шафқат қил,
Борар жойим роҳат қил.

Ўзинг менга карам қил,
Дўзаҳингни харом қил.

****

ЎЗИМГА СИЙЛОВ

Ўзимнинг ўлимим ўзимга сийлов,
Дунёнинг ҳеч неси камайиб қолмас.
Менинг ўлганимни ҳаттоки,балки,
Уч-тўртта одамдан бошқаси билмас.

Жонимнинг эгаси –яратган Эгам,
Ҳоҳлаган вақтида олар қайтариб.
Нега бевақт келдинг дея ,ажални
Кўксидан нарига бўлмас итариб.

Мендан не қолади,иккита фарзанд,
Уч-тўртта китобу беш-олтида шеър.
Балки дўстларимдан қай бири хомуш,
Раҳматдан чин дўстлик меърос қолди дер.

Бир жаллод тўда бор,қилмиши гуноҳ,
Ана ўшарни душман билганман.
Ўзимни аямай кечаю кундуз
Жаллод тўда билан жанглар қилганман.

Мазлумнинг тарафин олдим ҳамиша,
Мискинга чин дўстлик айладим изҳор.
Менинг ўлимимдан хурсанд бўлади,
Биламан,золимнинг менда қасди бор.

Лахадга қўйишар жасадимни жим,
У ёғи охират иши бошланар.
"Ниҳоят келдингми,гуноҳкор банда”-
Мункир ва Накирлар менга ташланар.

Инсоннинг қисмати шунақа эрур,
Ўлиб ҳам қутилиб бўлмас азобдан.
Биламан,ҳеч қачон қочиб бўлмайди
Машҳарда бўлажак ҳисоб-китобдан.

Эй инсон,мунча кўп нолимагин,бас,
Бу дунёда кўрган азобинг –роҳат.
Ўйлаб кўрганмисан бир лаҳза,бир зум,
Дўзаҳ деганлари нақадар даҳшат.

Барча қийноқлар ҳам бизни енголмас,
Бизларни яратган умидвор қилиб.
Ҳамма тўсиқларни енгиб жаннатга
Кириб боражакмиз бир куни кулиб.

****

ЭЙ, АЖАЛ

Эй ажал,эшикни очиб юборгин,
Бу бадбахт дунёдан тезроқ кетайин.
Нарида мени бир Жонон кутмоқда,
Мени унинг васлига тезроқ етайин.

Сен мени мунча ҳам келмай қийнайсан,
Бунда мен махкумман,бу дунё қамоқ.
Саодат эшигин очиб бер менга,
Қамоқдан чиқарлар шод ҳамда қувноқ.

Дунё бир жаллоддир,қонхўр,бераҳм,
Жонимга санчиди заҳарли ҳанжар.
Ғам-қайғу,мусибат ҳаддидан ошди,
Сен ўзинг жонига малҳам бўл,ажал.

Дунёдан юзимни ўгирдим буткул,
Хузур диёрига кетишга шайман.
Ер усти дўзаҳдир,ернинг остида
Жонон қучоғида ётишга шайман.

Бу дунё бадбўйдир, сасиган бир гўшт,
Кўнгил айнийверар кун ўтган сайин.
Агар бир дайди ит бўлсам эди,
Дунёни ёмон деб айтмасдим тайин.

Эй ажал, эшикни очиб юборгин,
Бу бадбахт дунёдан тезроқ кетайин.
Нарида мени бир Жонон кутмоқда,
Унинг қучоғига тезроқ етайин.

****

РУДОТЕЛ

Бўйнимга боғлайман оғир бир тошни,
Сувга чўктираман бу хаста лошни.

Гўштимни бурдалаб балиқлар есин
Юрак ҳам бехуда уришдан тинсин.

Сувдан келган эдим, сувга қайтаман,
Дарёга дил бериб ҳаққа етаман.

Излаб топмас ҳеч кимса қабримни,
Фақат дарё суви билар сиримни.

Доим тўғри сўзни айтарди тилим
Менга душман бўлди бераҳм золим.

Бир ёмон балога дучор айлади,
Дунёда яшашни душвор айлади.

Дармон бер дардимга эй дарё суви,
Азобим зўр, яшаш қийин бу кўйи.

Руҳни ҳалос айла бу хаста тандан,
Заҳарли ҳанжарни суғиргил жондан.

Эй дарё, сен ўзинг шифокорим бўл,
Оғир кунда сўнгги мададкорим бўл.

Сиримни бағрингда яширгин маҳкам,
Қирғоққа чиқарма мурдамни ҳеч ҳам.

Дунёни айланиб юрурсан мудом,
Сенга йўлдош бўлай, бўлай сендай ком.

Сувдан келган эдим, сувга қайтаман,
Дарёга дил бериб ҳаққа етаман.

****

КЕЧИРДИМ

Мен ҳаммани кечирдим,
Қасос ўтин ўчирдим.

Менга заҳар ичирган,
Ҳаёт шамим ўчирган

Золимни ҳам кечирдим,
Қасос ўтин ўчирдим.

Пайт пойлаб узоқ-узоқ,
Кўксимга урган пичоқ,

Дўстимни ҳам кечирдим,
Ўт-оловни ўчирдим.

Ҳеч яшашга қўймаган,
Мени қийнаб тўймаган,

Ғанимларим билсинлар,
Доим қувноқ юрсинлар,

Уларни ҳам кечирдим,
Қасос ўтин ўчирдим.

Эй бераҳм, золим ёр,
Бу дунёни қилдинг дор.

Сендан келгани –қайғу,
Ичганим бўлди оғу.

Эътирозим йўқ сенга,
Яна бало бер менга.

Ҳеч ёруғ кун кўрмадим,
Бир дам даврон сурмадим.

Умрим-бошга теккан тош,
Ҳар лаҳзам азоб, кўзёш.

Келиб ёруғ дунёга,
Дуч келдим минг балога.

Лекин нолиш йўқ менда,
Шукрни қилмам канда.

Баҳтимнинг қаролиги,
Бағримнинг яролиги-

Учун излаб айбдор,
(Нечун излаб айбдор)

Осмонга тош отмайман,
Ерни муштлаб ётмайман.

Оллоҳ қози барига,
Мен розиман барига.

*****

КЎРМАДИМ

Яхши кунлар кўрмадим,
Ёмон куним бўлди мўл.
Мажнун бўлсанг аслида
Дунё қашшоқ, куриқ чўл.
Худо берган бу умр
Ўхшар ёмон бир тушга.
Битта ҳам сабаб йўқдир
Бахт куйини чалишга.
Бу дунёга ростдан ҳам
Келмаганим яхшийди.
Бунда мени ҳеч кимса
Кутмаганга ўхшайди.
Битта тиллом бор эди,
У ёшлик деб аталар.
Шу битта бойликни ҳам
Ўғирлади катталар.
Бир маҳал ишқ боғига
Бурдим юрар йўлимни.
Билмам, нечун ишқ дарди
Соғинтирар ўлимни.
Севар эдим ҳақ сўзни
Золимга душман бўлдим.
Дунёга келганимга
Минг йиғлаб пушмон бўлдим.
Яхши кунлар кўрмадим,
Ёмон куним бўлди мўл.
Мажнун бўлсанг аслида
Дунё қашшоқ, қуриқ чўл.

****

ЖАСАД

(парча)

Г.га бағишланади

Сен кўрган у жасаддир,
Ичи тўла ҳасаддир.

Қалби тилим-тилимдир,
Ўйлагани ўлимдир.

Танасида сиҳат йўқ,
Юрагида роҳат йўқ.

У Шайтонга сиғинар,
Ёмонликлар соғинар.

Дарёлар қуриб битсин,
Тирикликни ер ютсин.

Зулмат чўксин дунёга,
Зор бўлинглар зиёга.

Бўстонларинг чўл бўлсин,
Машаққатинг мўл бўлсин.

Ёмонлик келсин ғолиб,
Ҳеч кимга йўқ омонлик.

2

Шўринг қурсин одамзот,
Ҳаётинг бўлсин барбод.

Осмондан ёғилсин тош,
Ноилож қол тўкиб ёш.

Пачоқ бўлсин бошларинг,
Итлар есин лошларинг.

Бор-йўқ хону монингни,
Ҳиёнаткор жонингни

Сувлар тошиб кўп ёмон,
Оқизиб кетсин тўфон.

3

Сен кўрган у мурдадир,
Ётар жойи гўрдадир.

Чап қулоғи ўйилган,
Бўйнидан шарт сўйилган.

Билмам ненинг қасдида,
Чиқар тупроқ остидан.

Унинг дардин изла, топ,
Очиқ қолган кўзин ёп.

4

Доим йиғла, кулмагин,
Шодлик нима билмагин.

Ҳар кунинг бўлсин аза,
Мен хурсандман, зўр, маза.

Сезиб ёмон феълингни,
Қора, мараз дилингни

Иблис сажда қилмади,
Писандига илмади.

Ўз ёғингда қоврилиб,
Сомондайин соврилиб,

Ботиб фаҳш, зинога,
Харом молу дунёга

Номусин пулга сотиб,
Авалиёга тош отиб,

Йўлбошчинг ёвуз аждар,
Сен унга қилиб сажда,

Унутиб ҳақ, Худони,
Нахсга булғаб дунёни,

Асли шариф зотингни,
Инсон деган отингни,

Кўмдинг қаро туфроққа,
Тиқдинг зулмат –қамоққа.

Яшаяпсан хурсанд, шод,
Харом ўлгур одамзот.

Жаннатни ҳам булғадинг,
Ўз инингни тиғладинг.

КЕТАР МАҲАЛИ

Бу дунёдан кетар маҳали,
Мени бунча қийнайсан,тақдир.
Нима, менда қасдинг бормиди,
Тутган майинг шунчалар тахир.
Сендек касал керакмас дея
Терс қарайди ака-укалар.
Яқинларим мени негадир
Ёмон кунда ёмон яккалар.
Ёмон одам эдимми, ахир,
Хабар олмас дўсту биродар.
Ҳатто кимдир севинса керак
Тузалмасдан ўлиб кетсам гар.
Дунё асли мен томон боқиб
Турган бало, ёвуз бир аждар.
Ҳали сенда севги борми деб
Юрагимга санчади ханжар.
Балки дунё арзимас сира
Йиғлаб-йиғлаб бўғилганимга.
Минг пушаймон бўлиблар кетдим
Инсон бўлиб туғилганимга.
Иблис макон этган эй шаҳар,
Нега менга ичирдинг заҳар.
Жонимга қасд айладинг нечун.
Бўйимни паст айладинг нечун.
Бу дунёдан кетар маҳали
Мени мунча қийнайсан,тақдир.
Менда шунча қасдинг бормиди.
Берган майинг бунчалар тахир.

****

ЎХШАЙМАН

Бедаво бир касалга
Чалинганга ўхшайман.
Жоним ол деб Оллоҳга
Ялингангга ўхшайман.
Мана, ажал ёнингда,
Қалтирама, қўрқмагин.
Сен ўлимнинг кўзига
Кўзёш билан боқмагин.
Сен ўткинчи, махкумсан,
Танда жонинг омонат.
Жон берарда қилмагин
Омонатга ҳиёнат.
Тан либосин ечгин тез,
У- руҳингнинг қафаси.
Бу қафасда жонингнинг
Бўғилди-ку нафаси.
Яқин қолди, тез кунда
Бу дунёдан кетаман.
Қайдан келдим, билмадим,
Ўша томон кетаман.
Келмаганман дунёга
Ўзим этиб ихтиёр.
Дунёдан кетишимда ҳам
Мендан бошқа сабаб бор.
Нени кўрдим дунёда,
Фақат азоб, уқубат.
Хидламадим хидин ҳам,
Борми ўзи бунда бахт.

****

ЖУФТ НОЛАМ

Кўксимда жуфт нолам бор,
Менинг икки болам бор.

Ўзим хаста, беморман,
Ожиз, махкум ва хорман.

Жоним ажал қўлида,
Кўзим мозор йўлида.

Жоним оғрир, тинчим йўқ,
Суягувчи ҳеч ким йўқ.

Дард азоби хатарли
Ўлиш учун етарли.

Ўламан деб бўзлайман,
Гўрдан нажот излайман.

Аёлим кўп эзилар,
Кўнгли ёмон бузилар.

Дардимга излаб дармон
Елиб чопар ҳар томон.

Сиз ўлмайсиз дейди у,
Лекин ёмон куйди у.

Мана, ўзим қозиман.
Ўктам, сендан розиман.

Меҳр кўрдим сендан мўл-мўл,
Ўлсам, мендан рози бўл.

Катта ўғлим ”йўлбарс”,”шер”,
Дада, футбол уйнанг дер.

Уйнагани мадор йўқ,
Юрагимда ёнар чўғ.

Қийин экан уй ишим,
Ўтмаяпти ҳеч”тишим”,

Мана, сиз ҳам кўринг-чи,
Жиндай ёрдам беринг-чи.

Дейди қизим умидвор.
Лекин умиди бекор.

Бошим оғрир кўп ёмон,
Танда қуриган дармон.

Паҳлавон ва Меҳрибон,
Дардим экан кўп ёмон.

Касалим оғир экан,
Нетай, бу тақдир экан.

Менинг ширин жонимни,
Ҳар лаҳза, ҳар онимни

Ажал маҳкам ушлади,
Жуда қаттиқ тишлади.

Айтинг:Дадам керак деб,
У биз учун тиргак деб.

Денглар:Ажал,кет,йўқол,
Дадамни қўйиб юбор.

Яхши ният ёр эди,
Кўп умидим бор эди.

Бериб юрак меҳримни,
Касб,хунар сеҳрини.

Паҳлавон ва Меҳрибон
Бўлсин дердим зўр инсон.

Лекин оғир хастаман,
Нетай,ахир хастаман.

Жоним ажал қўлида,
Кўзим мозор йўлида.

Паҳлавон ва Меҳрибон,
Сизни ўйлаб куяр жон.

Дунёдан ўтар бўлсам,
Сизлардан кетар бўлсам,

Осмонда бордир Оллоҳ,
Ундан тилангиз паноҳ.

****

Туғилдим

Фариштами ё махлуқ, гумон эдим, туғилдим
Шайтонга шерик бўлдим, ёмон эдим, туғилдим.

Дунё - бошга теккан тош, ҳаётим заҳарли ош,
Бу дунёда бахт бор деган, нодон эдим, туғилдим.

Жаннат менга оз дедим, нафсим қанот ёз, дедим,
Оқибатдан бехабар исён эдим, туғилдим.

Севги менинг жаллодим, кўкни тутар фарёдим,
Ишқ-муҳаббат йўлида қурбон эдим, туғилдим.

****

АЪЗАМ ЎКТАМ
1
Аъзам Ўктам, дўстим, қалайсиз,
Пар тўшакми ётган жойингиз.
Ҳақгўйлигу ору номусдан
Қорилганди сизнинг лойингиз.

Нега сиздек покиза инсон
Бу ҳаётдан эрта кетдингиз.
Ҳаммасига қўл силтаб илкис
Тўғри бориб гўрга ётдингиз.

Аъзам Ўктам, дўстим, қалайсиз,
Сиз мақсадга эрта етдингиз.
Оёғингиз лойга теккизмай
Бу балчиғдан сакраб ўтдингиз.

Сездирмасдан кетиб қолибсиз,
Балки икков бирга кетардик.
Ер остида бехавотир, тинч
Эрк ҳақида шеърлар ёзардик.
2
Бизлар хали узоқ яшаймиз,
Энди чиқдик пойидан тўрга.
Дўсту ёру номусу орни
Сотиб кейин кирамиз гўрга.

Бизлар хали узоқ яшаймиз,
Энди бизни танияпти эл.
Қорин қўйдик, она ватаннинг
Хизматига боғлаганмиз бел.

Биз бекорчи одам эмасмиз,
Тупирганмиз эрку зиёга.
Томоққача балчиққа ботмай
Кетиш йўқдир нари дунёга.

Эрк истбон сиқилса юрак
Бу касалнинг давоси осон.
Битта тўйиб маст бўламиз, бас,
Бизда ҳозир ароқлар арзон.

Кўзни юмиб, тилни тийсанг, бас,
Золим билан келишса бўлар.
Золим анча хотамтой экан
Ўйинг тўри буғдойга тўлар.
3

Аъзам Ўктам, дўстим, қалайсиз,
Сиз жаннатда қаймоқ ялайсиз.

****

КЕРАКМАС

Менга таскин керакмас,
Бир оғиз ҳам сўз дема.
Дарбозани очмайман,
Уйимга сўраб келма.

Менга таскин керакмас,
Яқинлашма, нари тур.
Сабаб тополсанг, ана,
Мендек бадбин ўйлар сур.

Менга таскин керакмас,
Ҳар сўзинг дилга озор.
Ишингдан қолма, дўстим,
Сен бозорсан, мен мозор.

Менга таскин керакмас,
Уйқу келсин, бўлай шод.
Уйқудан уйғонмасам,
Бўлардим қушдай озод.

****

ҚИЙНОҚ

Тирноғимнинг остига
Игна, бигиз санчдилар.
Тошга уриб бошимни
Қонга белаб янчдилар.
Миршаб - жаллод, кўзи қон,
Мени саждада кўрди.
Оллоҳингдан кеч дея
Жигаримга мушт урди.
Жаллоднинг мушти ёмон
Нақ бўғзимга жон келди.
"Тфу” десам оғзимдан
Лахта қора қон келди.
Эй худойим, жигарни
Вужудга солган ўзинг.
Миршабнинг қўли билан
Қайтариб олган ўзинг.
Юзта миршаб маст-аласт
Биқинимга тепдилар.
Қишли кунда устимдан
Совуқ сувлар қуйдилар.
Бошим пачоқ - оқар қон,
Ярадор қуш - юрагим.
Совуқ уриб чирибди
Ҳар иккала буйрагим.
Эй Оллоҳим, қулингман,
Буйракни берган ўзинг.
Миршабнинг қўли билан
Аямай урган ўзинг.
Ер оловдай ёнмоқда,
Саждада кўрган ўзинг.
Ўзинг бало юбориб,
Ҳолимни сўрган ўзинг.
Жаллод - ваҳший, бераҳм,
Оллоҳингдан кечгин дер.
Ҳозир Оллоҳинг менман,
Менга дилинг очгин дер.
Синдир оёқ-қўлимни,
Оллоҳимдан кечмайман.
Оллоҳ осмонда бўлар,
Ерга дилим очмайман.
Висол они яқиндир,
Мана, бошим, мана, дор.
Миршаб йўқдир, қийноқ, йўқ,
Фақат ёлғиз Оллоҳ бор.

****

БОШ ОҒРИР

Кўнгил яра, бош оғрир,
Юрак ёмон сиқилган.
Томоғимга йиғими
Аччиқ нарса тиқилган.
Юраман хомуш, якка,
Кунгилга бир таскин йўқ.
Балки хурсанд бўлардим
Дуч келсайди дайди ўқ.
Сиғмам на уй, кўчага.
Борадиган жойим йўқ.
Ширин ўй сурай десам,
Осмонимда ойим йўқ.
Ё кетайми жим, хомуш
Бошим оққан томонга.
Ё чўзилиб ётайми
Боқиб тубсиз осмонга.
Тилим лол, дил паришон
Кўнгил хомуш ва хира.
Улуғ иш қилай десам
Топилмас ғоя сира.
Нокеракман бунда мен,
Билмам, энди нетаман.
Ажал отига миниб
У дунёга кетаман.

****

Жонга тегди

Яшаш жонга тегди- ку,
Битта ўлиб кўрай- чи.
Менга ўткир пичоқ бер
Бағрим тилиб кўрай- чи.

Жонга тегди бу дунё,
Ҳар лаҳзада минг заҳмат.
Менга кўчмас мулк керак
Мозор - мангу фароғат.

Жонга тегди бу дунё,
Дилда сабру қарор йўқ.
Қайлардасан эй сайёд,
Менга қараб отгин ўқ.

Жонга тегди бу дунё,
Ёнимдан нари тургин.
Мен чидамай кетяпман,
Бир қарич арқон бергин.

Жонга тегди бу дунё,
Туғилмасам яхшийди.
Бу дунё итдан қолган
Сарқитгами ўхшайди.

Жонга тегди бу дунё

****

ЙИҒИ БОР

Ичи тўла йиғи бор,
Куйдургувчи чўғи бор.
Кўрки нозик хилолдир,
Ишқсиз ҳаёт малолдир.
Керак эмас мол, давлат,
Жони севги, муҳаббат.
Севар висол созини,
Ёрнинг инжа нозини.
Кўкда парвоз қилар кўп,
Юлдузлардан дўсти кўп.
У жуда кўп қийналган,
Хомуш бўлган, ўйланган.
Унга тикан санчганлар,
Оёқ билан янчганлар.
Дунё –хунук тасқара,
Уни қилган масхара.
Ичи тўла дард тоши,
Кўздан оққан қон ёши.
Эй дилим, ягонасан,
Дунёга бегонасан.
Юр, кетамиз бу жойдан,
Паноҳ топармиз ойдан.
Дунё сенинг қотилинг,
Юр, кетайлик, юр, дилим.

БУ ДУНЁ

Бу дунё бошдан-оёқ
Менга боққан баломи.
Дунёга келган куним
Ўлсам, минг бир аъломи.

Ер остида ётганлар,
Сизга ҳавас қиламан.
Ажалдан ҳеч дарак йўқ,
Айтинг, қачон ўламан.

Инсон деган даво ҳам
Кўнгилга оғир ботди.
Чеккан қайғу аламим
Жонимдан тешиб ўтди.

Заҳар қўшиб ошимга
Дунё менга қасд қилди.
Севги эди гуноҳим
Баланд бўйим паст қилди.

Асли бало дашти бу,
Ғам эзади дилимни.
Икки кўзим тўрт бўлиб
Соғинаман ўлимни.

Дард чекиб, сўнг англадим,
Аён бўлди битта сир,
Аслида бу ҳаётнинг
Ўлим билан тили бир.

ЭЙ ҲАЁТ

Қайси очиқ мозорга
Кириб кетдинг эй ҳаёт.
Дилдан мотам кетмайди,
Завқу сафо менга ёт.

Қайси очиқ мозорга
Кетиб қолдинг, қувончим.
Сенсиз тирик мурдаман,
Куйиб кул бўлди ичим.

Қайси очиқ мозорга
Беркингансан, эй қуёш.
Нега осмон қоронғу,
Кўзим тўкар тинмай ёш.

Қайси очиқ мозорга
Кириб кетдим мен ўзим.
Нега ою юлдузни
Кўрмай қолди бу кўзим.

Қайси очиқ мозорга
Қочиб кетдинг, эй дилим.
Нега гўрда ётсам ҳам
Мени ўлдирмас ўлим.

АССАЛОМ

Кутган борми. Ассалом.
Қайтдим нарги дунёдан.
Сузиб ўтдим хасталик
Деган улкан дарёдан.

Кутган борми. Ассалом.
Бир ўлиб, сўнг тирилдим.
Бошга мушкил тушганда
Дўстнинг қадри билинди.

Кутган борми. Ассалом.
Сиғмадим тор лаҳадга.
Минг мартта чап бердим-ов
Ўлим деган бадбахтга.

Қайтиб келдим. Ассалом.
Менинг учун куйган ким.
Энди ўлдим деганда
Гулим, сени ўйладим.

Қайтиб келдим. Ассалом.
Дўстлар, бирга бўламиз.
Орада гина бўлмас,
Ўлсак, бирга ўламиз…

ЗУЛМ ПИЧОҒИ

Зулм пичоғи
Суякка етди.
Жони ширинлар
Пинакка кетди.
Зулм яшайди,
У ҳамон тирик.
Марднинг ўлиги
Мунча ҳам йирик.
Қуёш ҳар куни
Қон бўлиб ботар
Эрксевар йигит
Қамоқда ётар.
Зулм кўнгли чоғ,
Ошин ошайди.
Қолган луқмани
Қулга ташлайди.
Қорним тўқ дейди,
Қулнинг кўнгли шод.
Мунча аблаҳсан
Бераҳм ҳаёт.
Сасиган тўнғиз
Шод қадам ташлар.
Бутун бир халқни
Балчиққа бошлар.
Булбул қафасда,
Зоғлар созлар соз.
Ўлиб қолдингми
Доим хушёр ғоз.

КУНЛАР ЎТАР

Кунлар ўтар кетма-кет,
Уларда ҳеч маъно йўқ.
Инсон нечун туғилди?-
Билгувчи бир доно йўқ.

Кунлар ўтар кетма-кет,
Бари хунук, тасқара,
Мўридан чиққанмикан,
Юз-кўзлари қоп-қора.

var container = document.getElementById('nativeroll_video_cont'); if (container) { var parent = container.parentElement; if (parent) { const wrapper = document.createElement('div'); wrapper.classList.add('js-teasers-wrapper'); parent.insertBefore(wrapper, container.nextSibling); } }

Категория: ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ | Просмотров: 2007 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024
ҚИДИРИШ

Бесплатный хостинг uCoz