Суббота, 24-05-04, 13:53

Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир.

ҲИМОЯЧИ

ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ЖАМИЯТИ
O'ZBEKCHA  РУССКИЙ   ENGLISH   SVENSKA    AF SOMALI    العربيه
МАНЗИЛИМИЗ Бош саҳифа Рўйхатдан ўтиш КИРИШ
САЛОМНОМА, Гость · RSS
Б Ў Л И М Л А Р
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ [284]
ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ХАЁТИДАН ЛАВХАЛАР [72]
ҲУҚУҚ ХИМОЯЧИЛАРИ ЁЗИШМОҚДА [211]
ИСЛОМ ВА МУСУЛМОНЛАР [183]
ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ [85]
СОBРИНДОРЛАР [11]
ЭЪЛОНЛАР [16]
ОЧИҚ ХАТЛАР [24]
БАЁНОТЛАР [21]
МАХБУСЛАР ХАЁТИДАН [51]
МУХОЖИРЛАР ХАЁТИДАН [127]
АДАБИЁТ ВА САНЪАТ [18]
СИЁСАТ [73]
ТАРИХ [15]
ВИДЕОЛАВХАЛАР [27]
ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИ [2]
ЖУРНАЛИСТЛАР ХАЁТИДАН [49]
АМАЛДОРЛАР ХАЁТИДАН [31]
МУРОЖААТНОМАЛАР [29]
НОРОЗИЛИК НАМОИШЛАРИ [37]
БОЛАЛАР МЕХНАТИ [10]
ХАЛОКАТЛАР [12]
ЙИҒИЛИШЛАР [12]
ТАРИХИЙ ШАХСЛАР [11]
С П О Р Т [13]
ТАБОБАТ ХАЗИНАСИДАН [25]
РАДДИЯЛАР [6]
ТАЗИЯНОМАЛАР [9]
Д У Н Ё Х А Б А Р Л А Р И [139]
Қ И Й Н О Қ Л А Р [25]
АДВОКАТЛАР ХАЁТИДАН [6]
БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА [78]
ҒАЙРИДИНЛАР ХАЁТИДАН [0]
ЭШИТТИРИШЛАР [31]
ДИНИЙ МАРУЗАЛАР [15]
СУД, ПРОК, МИЛИЦИЯ [18]
ФАХШ ИШЛАР [16]
ЭКСПЕРТЛАР ХУЛОСАСИ [1]
Қ И Р Ғ И З И С Т О Н [177]
Б Б С Мехмонлари [22]
Қ О З О Ғ И С Т О Н [5]
МАЖБУРИЙ МЕХНАТ [2]
Т О Ж И К И С Т О Н [20]
Р О С С И Я [22]
ЖАЗОГА ХУКМ ҚИЛИНГАН [9]
Ў З Б Е К И С Т О Н [74]
Ш В Е Ц И Я [0]
МУХИДДИН ҚЎҚОНДИЙ ШАХСИЙ САХИФАСИ [4]





АЛЛОҲНИНГ  ГЎЗАЛ  ИСМЛАРИ

ШАЙХ МУХАММАД СОДИҚ МУХАММАД ЮСУФ ХАЗРАТЛАРИНИНГ МАРУЗАЛАРИ

Х А Л Қ И М

Б Е Н А М О З

КАРИМОВНИНГ ХАБАРИ ЙЎҚ

ЎЗБЕКИСТОН БОЛАЛАРИ

ЖАННАТДАГИ КУНДОШИМ

Pepsi ва Coca-Cola ХАРОММИ ?

Би-би-си мехмони Швециялик муҳожир

Е-322 МОДДАСИ

"МХХ билан келишув амалга ошмади"

Фан ҳижобнинг фойдали эканлигини тасдиқлади

"Гуноҳим рўмол ўраганимми?”

Эр - хотин кишининг ярим пири..?

Погон таққан
қиз ўғрилари

ТАШАККУРНОМА

Террорчилик - Ғарб маҳсули

Гегемонлик васвасаси

Ўзбекистонга   қайтган
аëл  қамоққа  олинди


Каримов ғарбни ўйинчоқ қилмоқда

Имомлардан маломатларни кўтариш

АҚШ элчиси Каримовни қизлари хақида айтганлари


 
Главная » 2010 » Август » 27 » КУНЛАР ЎТАР
09:06
КУНЛАР ЎТАР

КУНЛАР ЎТАР

Кунлар ўтар кетма-кет,
Уларда ҳеч маъно йўқ.
Инсон нечун туғилди?-
Билгувчи бир доно йўқ.

Кунлар ўтар кетма-кет,
Бари хунук, тасқара,
Мўридан чиққанмикан,
Юз-кўзлари қоп-қора.

Кунлар ўтар кетма-кет,
Ҳеч бир ишим бўлмас ҳал.
Кунларни пана қилиб,
Келар бераҳм ажал.

Кунлар ўтар кетма-кет,
Дўстлиги кам, душман кўп.
Йиғи-сиғи, мусибат,
Ғам-қайғу ва пушмон кўп.

Кунлар ўтар кетма –кет,
Деразамга тош отар.
Кунларнинг ҳар одими
Кўнгилга оғир ботар.

Кунлар ўтар кетма-кет,
Дилимда дард- битмайди.
Оғир, сурбет кунлар бор,
Минг йилда ҳам ўтмайди.

Кунлар ўтар кетма-кет,
Бир кун мен ҳам ўтаман.
Жуда ёруғ кун келар-
У дунёга кетаман.

ЯҚИНЛАШМА

Яқинлашма ёнимга,
Бермагин ҳар-хил савол
"Нечун келдим дунёга”,
Билолмайин ўзим лол.

Яқинлашма ёнимга,
Керак эмас сўз, савол.
Хануз тирик юрганим
Келаяпти кўп малол.

Яқинлашма ёнимга,
Бўлма бунча серсавол.
Дунё сассиқ бир ўра,
Сену мен бунда увол.

Яқинлашма ёнимга,
Бўлолмайман сенга эл.
Ажал бўлсанг мабода,
Секинлама, тезроқ кел.

МЕН ДУНЁГА КЕЛГАН КУН

Мен дунёга келган кун,
Сени ёмон кўраман.
Юрган йўлимда нуқул
Қарғаб, сўкиб юраман.

Мен дунёга келган кун,
Қандай бало кун эдинг.
Ойни қайга яширдинг,
Қоп-қоронғу тун эдинг.

Мен дунёга келган кун,
Менга заҳар ичирдинг.
Елга бериб бахтимни,
Саҳроларга учирдинг.

Мен дунёга келган кун,
Энг биринчи душмансан.
Қилич билан солайми,
Лаънатимга нишонсан.

Мен дунёга келган кун
Менга теккан ўқмиди.
Шундай улкан фазода
Бошқа дунё йўқмиди…

Мен дунёга келган кун,
Аслида мен ўлган кун.

Ўлим яқин келганда

Ўлим яқин келганда
Қўлга қалам оламан.
Юракдаги қўрқувни
Шундай қувиб соламан.
Ўлим яқин келганда
Ўғилчамни суяман.
Қизчамга маъюс боқиб,
Ич ичимдан куяман.
Ўлим яқин келганда
Ой, юлдузга боқаман.
Хаёлим телба дарё -
Ўтмиш томон оқаман.
Ўлим яқин келганда
Ёдга тушар Худойим.
Пахтадай юмшоқ қилгин
Мозорда ётар жойим.
Ўлим яқин келганда
Хасратга тўлар юрак:
Мендек осий, гуноҳкор
Дўзаҳда куйсам керак.
Ўлим яқин келганда
Жимирлаб кетар этим.
Бир уюм ахлат ахир
Яшаб ўтган ҳаётим.
Ўлим яқин келганда
Дил пушмонга тўларкан:
Бу дунёга аслида
Келмасам ҳам бўларкан.
Ўлим яқин келганда
Кўнгилда шундай савол:
Нега мени севмади
Гўзал исмли аёл?
Toshkent, Sebzor, 2009.10-fevral.

Аросатда қолдим мен

Ҳамма кетди ҳар томон,
Бойлар кетди зар томон,
Ботир кетди дор томон,
Аростада қолдим мен
Тириклайин ўлдим мен.

Қор ёғди, қушлар кетди,
Иш излаб ёшлар кетди,
Елкадан бошлар кетди,
Аростада қолди мен,
Тириклайин ўлдим мен.

Эрларнинг жойи зиндон,
Сотқинни сийлар замон,
Қўрқоқнинг жони омон.
Аростада қолдим мен,
Тирклайин ўлдим мен.

Касал ўлди, мозор бор,
Ошиқ йиғлар, озор бор,
Бекорчига бозор бор,
Аросатда қолдим мен
Тириклайин ўлдим мен.

Ёрим ўзга ёр топди,
Қочган, излаб ғор топди.
Қуш қафасда ор топди…
Аростада қолдим мен
Тириклайин ўлдим мен.

Toshkent, Sebzor, , fevral

ФАРҒОНАЧА ШЕЪР

Йўқ боғу роғларда йўқ олма тердик,
Йўқ дарё, денгизда йўқ балиқ тутдик.
Йўқ тандирга ёпдик йўқ ундан кулча,
Йўқ йўлга турмулиб йўқ ёрни кутдик.
Йўқ қозонни осиб йўқ ўчоққа биз
Йўқ гўшту гуручдан йўқ ош пиширдик.
Йўқ йўлга отланиб, йўқ манзил томон
Йўқ отга йўқ қамчи уриб шоширдик.
Йўқ қурол-яроғу йўқ мардлик билан
Йўқ жангда йўқ ёвни мағлуб айладик.
Йўқ ватан йўқ бахтга эришсин дея
Йўқ халққа йўқ зотни подшо сайладик.
Йўқ бошга йўқ хумо қуши ҳам қўнди,
Йўқ жаннат боғида йўқ шароб ичдик.
Йўқ юрак йўқ туйғу ҳисларга тўлиб
Йўқ ҳурнинг йўқ бели, бўйнидан қучдик.

МАЗАЛИ

Золимнинг бўйнидан сўйиш мазали,
Сотқиннинг кўзини ўйиш мазали.

Сирингни душманга сотган шогирди
Гўштини тириклай ейиш мазали.

Жангдан қўрқиб қочган аскарни тутиб,
Йиқитиб, устидан сийиш мазали.

Эрксиз ўлкаларда подшо ўлган кун
Байрам либосини кийиш мазали.

Ёлғончи олимни, сохта шоирни
Бошини келида туйиш мазали.

Бевафо санамдан ҳазар минг бора,
Моховни қучоқлаб суюш мазали.

Қачон етаман

Г.га бағишланади

Умр ўтиб бормоқда шошиб,
Висолингга қачон етаман!?
Ўз қонимга ўзим беланиб,
Бир кун қуёш каби ботаман.

Умр ўтиб бормоқда шошиб,
Бармоғингни ушламадим, ёр.
Сен билмайсан, менинг кўчамга
Маъюс келиб кетади баҳор.

Умр ўтиб бормоқда шошиб,
Жарга бошлаб борар ҳар йўл.
Гўрда жуда секин чирийди
Ёр сочини силамаган қўл.

Умр ўтиб бормоқда шошиб,
Деразамни чертаётир куз.
Ёр, юзингга юзим босмадим,
Жаннатда ҳам ётар жойим муз.

Умр ўтиб бормоқда шошиб,
Мен-чи, ҳамон хастаю бемор.
Келиб кўргин, менинг бошимда
Дунёдаги энг оғир тош бор.

Умр ўтиб бормоқда шошб,
Сени мендек севгувчи ким бор!?
Гўрда ётиб сени соғинсам,
Мени қазиб оласанми, ёр!?

Мозоримга келасанми, ёр!!

КЎРАР КУН БОРМИ

Г.га бағишланади

Сени кўрар кун борми,жонон,
Фақат азоб, фақат айрилиқ.
Сенсиз будир мен учун дунё:
Йилнинг тўртта фасли ҳам совуқ.

Сени кўрар кун борми, жонон,
Юрак йиғлар, қалбимда доғлар.
Қулаб тушди менинг бошимга
Дунёдаги энг баланд тоғлар.

Сени кўрар кун борми, жонон,
Кузги ёмғир – менинг кўзёшим.
Келар кунлар - ҳаммаси зулмат,
Ўтмишимда қолди қуёшим.

Сени кўрар кун борми, жонон,
Кўзларингни соғинди кўзим.
Менга жуда қийин бўляпти,
Сенсиз ўтди баҳорим, ёзим.

Сени кўрар кун борми, жонон,
Нега мендан кечиб кетгансан.
Кетарингда куй деб дўзаҳнинг
Эшигини очиб кетгансан.

Мен томонга бир қадам қўйгин,
Йўлларингга гуллар сочгайман.
Сени қаттиқ соғинганим рост,
Юз метрдан қучоқ очгайман.

Бу дунёдан ўтарим бордир,
Ёрим, сўнг бор айлагин шафқат.
Ёзиб қўйгин менинг қабримга:
"Бу дунёга келмади Раҳмат”.

Умидага

Осмон ёруғ, ой тўлган,
Юлдуз кулиб боқади.
Умиданинг кўзлари
Менга жуда ёқади.

Севиб-севиб ёд олган
Шеъринг борми,Умида.
Кўзингда юлдуз кўрдим,
Ёринг борми,Умида.

Ана, қуёш ботмоқда,
Кўзинг юлдуз – порласин.
Мендек қўли калтани
Бери кел, деб чорласин.

Ёз кечаси, ҳаво дим,
Ўрнимда ётолмайман.
Умидага не учун
Севдим деб айтолмайман.

Умида кулган баҳор,
Гули кўп, гулзори кўп.
Мендек мубталонинг
Сочларида қори кўп.

Ошиққа икки дунё
Бекор экан,Умида .
Йилнинг тўртта фасли ҳам
Баҳор экан,Умида.

Умиданинг кўзлари
Жуда ширин кулади.
Кулган кўзларни кўрсам
Севдим дегим келади.

Ёшаргандек бўляпман,
Сеҳринг борми,Умида.
Муз эриб, баҳор келди…
Меҳринг борми,Умида .

Ёшим қирқдан ошгандир,
Ёшим неччи,Умида.
Неча ёшга кирганим
Ўзинг айтчи,Умида.

****

ҚАРИЯПМИЗ

Қуёш эдик, ой бўлдик,
Дарё эдик, сой бўлдик,
Тилло эдик, лой бўлдик,
Қарияпмиз, Ойгулим.

Бўстон эдик, чўл бўлдик,
Ўтлар ўсган йўл бўлдик,
Кампир билан чол бўлдик,
Қарияпмиз, Ойгулим.

Титилган кир сочиқмиз,
Ўти ўчган ўчоқмиз,
Ерда ётган пўчоқмиз,
Қарияпмиз, Ойгулим.

Уйқу қуш - тутиш қийин,
Кўрпа тош - ётиш қийин,
Бир ёққа кетиш қийин,
Қарияпмиз, Ойгулим.

Очиқ бўлса дарича,
Керакмас бизга кўча,
Мизғиб олсак бас пича,
Қарияпмиз, Ойгулим.

Игнадан ип ўтмайди,
Тонг вақтида отмайди,
Қуёш нега ботмайди,
Қарияпмиз, Ойгулим.

Жиндай ёмғир – сезилар,
Сабабсиз дил бузилар,
Юрак гўрда ёзилар,
Қарияпмиз, Ойгулим.

****

Сезяпман

Мен ўзимни ёмон сезяпман,
Кундан кунга қаттиқ озяпман.
Бадбин-бадбин шеърлар ёзяпман,
Қандай дардга чалиндим экан.

Ёз ҳам менга қишга ўхшайди,
Ҳаёт хунук тушга ўхшайди.
Кўрпа-ёстиқ тошга ўхшайди,
Қандай дардга чалиндим экан.

Бол ялайман - таъми шўр, аччиқ,
Бош оғрийди, юракда санчиқ.
Дунё оёқ артар бир сочиқ,
Қандай дардга чалиндим экан.

Зерикаман, тоқат бўлар тоқ,
Кўчага ҳам тортмайди оёқ.
Кун ҳам мунча чўзилди узоқ,
Қандай дардга чалиндим экан!

Тупроқда чўзилиб ётигим келяпти,
Ботқоққа бўйнимдан ботгим келяпти.
Бош олиб йироққа кетгим келяпти,
Қандай дардга чалиндим экан.

****

НЕГА

Нега менинг дилимдан
Қайғу,алам кетмайди
Нега ёмон кунларим
Имиллайди, ўтмайди
Нега кўнглим ярадор
Қушдай хомуш ва ёлғиз.
Нега баҳор ёшимда
Ичим тўла қор ва муз.
Ханжар олиб қўлимга
Кўксим тилгим келяпти.
Кимсасиз жойга бориб
Нега ўлгим келяпти.
Белгисиз ёққа боқиб,
Ўй-хаёлга толяпман.
Келмади-ку қиёмат,
Нега қўрқиб кетяпман.
Бўм-бўш йўлга кўз тикиб
Билмам кимни кутяпман.
Дарёдаги ўликдек
Қаён оқиб кетяпман.
Кўзларимдан тўкилар
"Дув-дув” аччиқ ёшларим.
Ярим тунда қўрқитар
Даҳшат тўла тушларим.
Нега менинг дилимдан
Мотам, аза кетмайди.
Ўзимни осай десам
Ҳеч журъатим етмайди.

****

Бу дўзаҳда

Г.га бағишланади

Бу дўзаҳда қолдирма,
Ўзинг билан олиб кет.
Балки ортга қайтарсан
Ё кўнглимни билиб кет.
Бу дўзаҳда қолдирма,
Раҳм қил кўзёшимга.
Дунё ўгай онамдек
Муштлайверар бошимга.
Бу дўзаҳда қолдирма,
Минг йил куйдим, етар, бас.
Менинг азиз ҳаётим
Ўчоқдаги ўтинмас.
Бу дўзаҳда қолдирма,
Ўлай десам ўлим йўқ.
Осмон йироқ,ер қаттиқ,
Қаён кетай,йўлим йўқ.
Бу дўзаҳда қолдирма,
Кўзёш тўкиб сўрайин.
Бу дунёга туғилиб
Бир кун ахир яшайин.
Бу дўзаҳда қолдирма,
Севги, меҳр йўқ бунда.
Ҳамма душман ҳаммага,
Ҳамма дайди ўқ бунда.
Бу дўзаҳда қолдирма,
Олиб кет кенг осмонга.
Аёл дея худойим
Дуч айлади шайтонга.
Бу дўзаҳда қолдирма,
Ўт оловдан қил йироқ.
Отадан мерос қолди,
Ака- ука қирпичоқ.
Бу дўзаҳда қолдирма,
Куйиб кул бўлди дилим.
Қайга даф бўлинг ўзи,
Нега келмайсан ўлим.
2009-йил,баҳор ва ёз,

Тошкент ва Қирқлар

****

УКА ЎЙЛАР

Ука ўйлар: Акам ўлади,
Ётиб қолди, жигари касал.
Эрта ўлса, ошкора йиғлаб,
Яшринча ялайман асал.

Ука ўйлар: Акам ўлади,
Совумасдан ҳали тупроғи,
Ўзимники қилиб оламан
Ховли, жойи,ери, чорбоғин.

Ука ўйлар: Акам ўлади.
Ўғли боқар қўю молимни.
Қичқираман қизига чунон:
Кирларни юв, супир ховлини.

Ука ўйлар: Акам ўлади,
Чўрим бўлар гулдай хотини.
Ўзи худо қул қип яратган
Бу дунёда аёл зотини.

Ука ўйлар: Акам ўлади,
Молу мулким бўлар зиёда.
Бевақт гўрга кирса яқининг
Бундай омад йўқдир дунёда.

Одам ўлди. Битта нонхўр кам,
Ёлғон кўзёш тўкиш нимага.
Буни мендан яхши биласиз,
Ҳамма ўлим тилар ҳаммага.
2009-йил Июн, Қирқлар.

****

ҚУШЛАР

Қушлар,қушлар, ҳой қушлар,
Бошимда ғам, ташвишлар.
Сизда ватан, миллат йўқ,
Золим деган иллат йўқ.
Дунё қафас, тор экан,
Севишганлар хор экан.
Ўйнар золим қиличи,
Қолмади элнинг тинчи.
Итлар хидлаб из топар,
Жаллод тимай бош чопар.
Эркак зоти қамоқда,
Аёл чангу тупроқда.
Мунча узун кечалар,
Ўлсам дейди кексалар.
Ёшлар ҳаётдан тўйган,
Баҳорни кутмай қўйган.
Ким адолат излади,
Ҳақни қўрқмай сўзлади-
Золим заҳар ичирди,
Ҳаёт шамин ўчирди.
Кўринг зулм-зўрликни,
Ватан деган шўрликни
Золим итдай талади,
Қизил қонга белади.
Бош кўтарди эр йигит,
Қалби қўрқмас, шер йигит.
Деди: миллат хур бўлсин,
Хор бўлмасин, дур бўлсин.
Зулм қилар элимга,
Қарши туринг золимга.
Битта сотқин топилди…
Марднинг боши чопилди.
Баланд дорга осилган,
Оёқ-қўли чопилган.
Хурлик дея жон берган,
Бемор элга қон берган,
Якка эди мард йигит
Сотқинлар қилди нобуд.
Энди менинг элимда
Ватан деган чўлимда
Битта ҳам мард қолмади
Лекин золим ўлмади.
Қушлар, қушлар,ҳой қушлар,
Бошимда ғам, ташвишлар.
Сизда ватан, миллат йўқ,
Золим деган иллат йўқ.

****

ЯРАТГАНГГА ИЛТИЖО

Бу дунёни дўзаҳ қил,
Дўзаҳингда куймайин.
Ўзинг менга ёр бўлгин,
Бевафони суймайин.

Бу дунёни дўзаҳ қил,
Кўзим доим ёш бўлсин.
Ичган сувим заҳару
Еган ноним тош бўлсин.

Бу дунёни дўзаҳ қил,
Тикан эккин йўлимга.
Мени қийнаб ўлдирсин,
Ўзинг буюр золимга.

Бу дунёни дўзаҳ қил,
Ҳар куним бўлсин мотам.
Юзимга оёқ боссин
Севган ёрим,дўстим ҳам.

Бу дунёни дўзаҳ қил.
Оёқ боссам ер ёнсин.
Оҳимдан кўк қорайсин,
Хону моним зўр ёнсин.

Бу дунёни дўзаҳ қил,
Лойиқ кўр минг жазога.
Элдан айир, ишқ бергин,
Хайда дашду балога.

Бу дунёни дўзаҳ қил,
Кун бўлмасин қайғусиз.
Ётар жойим тош қилгин,
Туним ўтсин уйқусиз.

Бу дунёни дўзаҳ қил,
Дўзаҳингда куймайин.

ЯШАСИН

Бу дунёда шод, хуррам, майли, душман яшасин,
Номард дўстнинг кўнглида минг йил пушмон яшасин.

Бошланажак зўр тўфон, золимнинг кўшки вайрон,
Эрк, озодлик йўлида тўкилган қон яшасин.

Шох бўлар бир кун гадо, уммонлар ўрни саҳро,
Нарҳи доим зиёда, ишқ деган кон яшасин.

Ҳаётим қийноқ, азоб, орзулар бари сароб,
Бу дунёда чўл, саҳро - мендан нишон яшасин.

Золимга завол келсин, мулкига увол келсин,
Эрк учун жангу жадал мангу омон яшасин.

Бугун балки минг хатар, балога дучор этар,
Лекин жаннат калити, собит иймон яшасин.

КЎРДИМ

Ҳар балонинг ичида бир малҳам - сабр кўрдим.
Инсонни қаттиқ қучар, ёрини кабр кўрдим.

Минг товба қилдим – бекор, ўз-ўзимда қасдим бор.
Юрагимнинг ичида Кетмайдиган кир кўрдим.

Гоҳо мўмин, қўй, ювош, гоҳо бўри, бағритош.
Одамзотнинг феълида ечиб бўлмас сир кўрдим.

Халқнинг жигар бағри қон, эрлар макони зиндон.
Золим подшо мулкида"Ўлдир, қама, қир” кўрдим.

Қулликдан ўлим яхши, эрк деб ўлиш эр нақши.
Ким кундага бош қўйди, руҳин озод, хур кўрдим.

КЕЛСАЙДИ

Бу дунёга сиғмаган вужудни ер ютсайди,
Руҳим эркин қуш бўлиб, кўкка учиб кетсайди.

Ярадор бўлдим, Худо, хаста жонда минг жафо,
Душманим ҳам мард бўлиб пешонамдан отсайди.

Юролмайман, тупроқ чўғ, учолмайман, қанот йўқ,
Биринчи муюлишда мени ажал кутсайди.

Бир бошимда минг бало, ҳаётми бу ё жазо,
Омонатинг ол дердим, нолам кўкка етсайди.

Кўзни уйқу тарк этган, ёстиқ тош, ўрним тикан,
Заҳарли илон келиб мен-ла бирга ётсайди.

Деяр эдим: бўлди, бас, бад сўзларим рост эмас,
Аҳволинг нечук, дея ёримдан хат келсайди.

ГУЛЛАРИМ САРҒАЙДИЛАР

Гулларим сарғайдилар, юрагимни чўл қилдинг,
Мусибат карвонлари ўтадиган йўл қилдинг.

Сотқин ошин ошайди, золим минг йил яшайди,
Нечун норасоларни сен ўзингга эл қилдинг.

Ҳақ сўз айтсанг юз хатар, мингта нодон тош отар,
Нега битта бошимга жаллодларни мўл қилдинг.

Адолат пешво дедим, мен унга ошно дедим,
Нега ўнгдан юрсам ҳам, ҳамма ишим сўл қилдинг.

Бахт борми деб сўрадим, ойга бир бор қарадим,
Таънаю маломатинг бошдан ёққан дўл қилдинг.

Севганим ой юз эди, кўзлари юлдуз эди,
Ёр васли армон бўлди, нега калта қўл қилдинг.

ЮРАКДАГИ ҚАЙҒУЛАР

Юракдаги қайғулар дўзаҳга илдиз отди,
Сабру қарор кўзимдан ёш бўлиб оқиб кетди.

Асрамадим тилимни, пеш қилдилар ўлимни,
Қилич эди бу тилим, у ўз бошимга етди.

Бағримизда илон бор, феъли жуда ёмон бор,
Исо эмасдим, лекин мени шогирдим сотди.

Золим қилич санчиди, бошимни ҳам янчиди,
Лекин совуқ бир нигоҳ қалбимга оғир ботди.

Дўстлар якдил бўлмадик, сира кучга тўлмадик,
Ҳаммамизни лол қилиб, ўйинда шайтон ютди.

ЭКАН

Ўлим - битта эшиги, ҳаётим қамоқ экан,
Қамоқда дақиқалар юз йилдан узоқ экан.

Душман келар осмондан, дўст ҳам ўша томондан,
Бу дунёда бир менинг вужудим тупроқ экан.

Тилим айтиб толмади, ҳеч зот қулоқ солмади,
Ҳақ деб айтган сўзларим сарғайган япроқ экан.

Рост сўз айтдинг,тутилдинг,ёлғон дединг,қутилдинг,
Бу оламда тўғри сўз асли бир тузоқ экан.

Зўринг бўлса, аълосан, заринг бўлса, доносан,
Ҳамма юзи қораю зўр ва зар оппоқ экан.

ЭМАСМИ

Менинг айтган ҳар сўзим сўнгги сўзим эмасми,
Ҳар бир босган қадамим сўнгги изим эмасми.

Дунё мунча гўзал дер, қанду новвот, асал дер,
Бу дунёга тўймаган икки кўзим эмасми.

Эрк шамоли кел дедим, юртимда ҳам ел дедим,
Кесилган бош, кўзёшим нону тузим эмасми.

Ҳақ сўз айтдим, дил яра, душман дер: юзинг қора,
Осмондаги ой, офтоб ёруғ юзим эмасми.

Бугун бизлар қон ютдик, золимга тошлар отдик,
Ватанимнинг эртаси кенжа қизим эмасми.

Бу дунё менга озор, бошимдаги қалин қор
У дунёда баҳорим ҳамда ёзим эмасми.

ЯХШИДИР

Бундай ўлик бозордан менга мозор яхшидир,
Золимнинг мақтовидан дилга озор яхшидир.

Кўпдир золим тиллоси, мол-мулкию дунёси,
Менга золим мулкида энг баланд дор яхшидир.

Саройига бормайман, йўлидан ҳам юрмайман,
Товонимга санчилган заҳарли хор яхшидир.

Золимнинг дастурхони, дерлар лаззатнинг кони,
Ерга ётиб қор ялай, менга шу қор яхшидир.

Айтар сўзим сотиш йўқ, золим томон ўтиш йўқ,
Менга шону шуҳратдан номусу ор яхшиди.

ЎЛМАДИ

Ҳамма ўлди ва лекин қонҳўр золим ўлмади,
Аҳли дониш кетдилар, сохта олим ўлмади.

Орзулар бўлди сароб,вужудим хоки туроб,
Яна орзу қилгин дер, аммо дилим ўлмади.

Шайтонга тош отдим кўп, нафсга жабр қилдим ҳўб,
Ҳамон фосид хаёлман, нега сўлим ўлмади.

Умр қисқа, ғанимат, ҳар лаҳза зардан қиммат,
Нега ухлаб ётибсан, хали ўлим ўлмади.

Юз-юз минглаб қирдилар, буғдой каби ўрдилар,
Жони мингта эканми, халқим, элим ўлмади.

Мансур дер: кўзим ўйди(лар), мурдамга ўт қўйдилар,
Ҳамон Анал ҳақ дейди, кўринг, кулим ўлмади.

БЎЛДИМ

Билмадим бу ҳикматми ёки тавқи лаънатми,
Тилло эмас, кумушмас, тупроқдан бино бўлдим.

Бунда иқбол ҳеч экан, туғилгансан - кеч экан,
Ҳечга бериб умримни ўзимга жазо бўлдим.

Аҳли дониш дўкони, дерлар маънонинг кони,
Ўзим қурган деворга бош уриб доно бўлдим.

Дилга севги солгин деб, ё жонимни олгин деб,
У дунёдан садақа сўраган гадо бўлдим.

Ишқни қилдим бошга тож, умрим ишққа хирож,
Икки дунё ичра ҳар недан аъло бўлдим.

Золимга дил очмадим,зулмидан ҳам қочмадим,
Қўрқоқларнинг бошига битган бир бало бўлдим.

БОРЛАЙДИ

Келгин дейди ёнимга, ором берай жонингга,
Кимсасиз бир овлоқда ўлим мени чорлайди.

Жонимда муҳлик азоб, сабру қарор бўлди соб,
Бўлди энди ўлгин, деб дардим мени зўрлайди.

Юз ўгирди дўсту ёр, мен эса оғир бемор,
Бу дунё жаллод экан, мени ёмон хўрлайди.

Санамларда йўқ вафо, бошга солар минг жафо,
Бир келиб кўрай демас, ўз йўлига зорлайди.

Бу дунё бизга қотил, ҳикмати ёлғон, ботил,
Кетайлик деб дунёдан дилим қаттиқ зўрлайди.

Дардингга шифо бордир, Оллоҳ беморга ёрдир,
Умидим ҳеч узилмас, йўқ нарсани борлайди.

ЖОНИМНИ ОЛ

Жонимни ол, Жонона, сенга хадя этаман,
Жононасиз жонларни итлар есин,нетаман.

Ноз қиласан минг турли,сўзларинг ширин, сирли,
Сенга берсам жонимни, мен ўзимга етаман.

Келгин дейман ёнимга,ором бергин жонимга,
Келмасанг ҳам майлига,келмайди деб кутаман.

Мендан нари тур десанг,йироқроқда юр десанг,
Кетмон олиб, гўр ковлаб,ўша ерда ётаман.

Сенсиз дардга даво йўқ,бу шаҳарда маъно йўқ,
Мен ўзимни қул қилиб лўлиларга сотаман.

Ўлдирса ёр ўлдирсин,паймонамни тўлдирсин,
Лахаднинг деворига ишқий шеърлар битаман.

МАЪНО ЙЎҚ

Ҳаётимда маъно йўқ,кўнгил сира тўлмайди.
Юлдуз кулар,ой кулар,нега бахтим кулмайди.

Умр фақат айрилиқ, ҳижрон дилга урар тиғ,
Ёр висоли лаззатин кўнглим ҳали билмайди.

Ёрсиз ҳаёт кулфатдир,дунё қуриқ туҳматдир,
Ёрсиз зотни кесак денг,одам деса бўлмайди.

Дунё ҳаёти оздир,боқий дунё ҳўб создир,
Ишқсиз бўлсанг, у дунё писандига илмайди.

Бу дунёда камим кўп,катта-кичик ғамим кўп,
Энг катта камим ушбу: Жонондан хат келмайди.

БАС КЕЛАМАН

Ушбу шеърни ёзмасам, заҳар ичиб ўламан,
Ё ярадор бўридек кўкка боқиб уламан.

Дардим шеърда айтмасам, қайғули шеър битмасам,
Телба бўлиб тош отиб, мотамларда куламан.

Дилдан қайғу кетмаса, оқ қоғозга ўтмаса,
Битта, битта, битталаб сочларимни юламан.

Деманг: Сен хаста, беҳол, вужуд ҳароб,қаддинг дол,
Жонон бўлса ёнимда ажалга бас келаман.

Мен бечора беморни, ичи тўла озорни,
Фариштадек бир аёл севишини биламан.

CЕЗЯПМАН

Мен ўзимни жуда ҳам якка, ёлғиз сезяпман,
Шунинг учун дард чекиб,қайғули шеър ёзяпман.

Бошимда қор, оёқ муз,боғим совуқ, ёмғир, куз,
Лаҳза сайин, кун сайин яшашдан ҳам безяпман.

Бу куним ундан баттар, чап кўксимда дард, хатар,
Ажал яқин келди деб, умидни ҳам узяпман.

Бу дунё мунча бадбўй,хаёлимда хунук уй,
Қирқ ёшимда қайғуриб, ақлдан ҳам озяпман.

Кўзларимда уйқу йўқ,ётар жойим олов, чўғ,
Ой, юлдузга терс боқиб,кўчаларни кезяпман.

Дардга дармон керакмас,малҳам тутманг, бўлди, бас,
Раҳмат деган бинони ўзим атай бузяпман.

ГЎРГА КИРДИ У

Тез орада ўлади Раҳмат-
Деганларнинг ўзи ўляпти.
Тубсиз жарга қулади Раҳмат-
Деганларнинг сўзи ўляпти.

Ажал йўқлаб келмади хали,
Ўлганим йўқ, яшаб юрибман.
Ёмон ҳолин кўриб халқимнинг
Кўзларимни ёшлаб юрибман.

Йўқ,йўқ, хали ўлмади Раҳмат,
Фақат унинг шодликлари оз.
Халқим оғир кунларга қолди-
Дея ичи эзилган, холос.

Раҳмат тирик, фақат кулмайди,
Ғамгин-ғамгин ўйларга толган.
Халқим тутқун қушдек хароб деб
Юрагида қувончи ўлган.

Раҳмат тирик, уни кўрмайсиз,
Сиз олдинда, у қолиб кетган.
Мажнун каби ғамнинг кўпидан
Саҳроларга бош олиб кетган.

Раҳмат тирик, лекин бахти йўқ,
Унинг умри – чеки йўқ зулмат.
Ватан ўтда ёниб кетди деб
Кўкка боқиб йиғлайди фақат.

Раҳмат тирик, ватани ўлган,
Дили тўла мусибат, қайғу.
Ватан билан бирга бўлай деб,
Тирик туриб гўрга кирди у.

БУ ДУНЁДА

Бу дунёда тоғу тош
Ўз юкини елкамга
Ортиш учун яралган.

Бу дунёда ер, тупроқ
Оёғимдан қаърига
Тортиш учун яралган.

Бу дунёда илон ҳам
Бир кўрпада мен билан
Ётиш учун яралган.

Бу дунёда тун, зулмат
Ҳаётимни аждардай
Ютиш учун яралган.

Бу дунёда ишқ-севги
Мени ёвуз қисматга
Сотиш учун яралган.

Бу дунёда дўсту ёр
Сездирмасдан орқамдан
Отиш учун яралган.

Бу дунё ҳам бир куни
"Кет, йўқол” деб кетимга
Тепиш учун яралган.

МАЗАЛИ

Севикли ёрингни сўйиб,бурдалаб
Гўштини бозорда сотиш мазали.

Хушрўй қўшни аёл,эри сафарда,
У билан тўшакда ётиш мазали.

Кўчангдан ким ўтса, чолми ё кампир,
Ортидан тош,кесак отиш мазали

Дўстни чаён чақса,севиниб,кулиб
Юзингни терс буриб кетиш мазали.

Юртингга бостириб келса ёв,душман,
Ватанни душманга сотиш мазали.

Чанқаган йўловчи сув деб ўтинса,
Коса тўла заҳар тутиш мазали.

Золимлар, жаллодлар,сизга бу олам,
Дунёдан ёшгина кетиш мазали.

Sebzor, 2008-yil,dekabr ohiri

Минг лаънат

Юлдузга,қуёшга,ойга минг лаънат,
Лахадда чўзилиб ётганим яхши.

Тириклар дилозор,сўзлари тикан,
Қабрдан хуш садо кутганим яхши.

Подшога, вазирга,бойга минг лаънат,
Ўзимга марсия битганим яхши.

Мансабга,амалга,тахтга минг лаънат,
Бўйнимдан ботқоққа ботганим яхши.

Тиллога,кумушга,зарга минг лаънат
Мажнундек саҳрога кетганим яхши.

2008-йил Себзор декабр охири

Туғилдим

Фариштами ё махлуқ, гумон эдим, туғилдим
Шайтонга шерик бўлдим, ёмон эдим, туғилдим.

Дунё - бошга теккан тош, ҳаётим заҳарли ош,
Бу дунёда бахт бор деган, нодон эдим, туғилдим.

Жаннат менга оз дедим, нафсим қанот ёз, дедим,
Оқибатдан бехабар исён эдим, туғилдим.

Севги менинг жаллодим, кўкни тутар фарёдим,
Ишқ-муҳаббат йўлида қурбон эдим, туғилдим.

МАЗА ЙЎҚ

1
Г.га бағишланади

Бу дунёда маза йўқ,
Таскин бермас хайитлар.
Ер остида эзилиб
Азоб чекар майитлар.
Кўнгилни ғаш қилади
Уй ичию кўча ҳам.
Кўзга хунук кўринар
Доим яшил арча ҳам.
Ичимда бир инжиқлик,
Тўйиб ароқ ичайми.
Ҳанжар олиб кўлимга
Шоҳ томримни очайми.
Дунё мунча кир, бадбўй,
Кўнгил ёмон айнийди.
Пойимдаги ер шу зум
Ёрилса ҳам майлийди.
Осмон ўзинг ёрдам бер,
Айлагин мени тупроқ.
Юрагимга бир ургин,
Янги чиққан ой - пичоқ.
2
Жонона қайда экан,
Уни излаб топайми.
"Кет, йўқол” деб айтса ҳам,
Орқасидан чопайми.
Севган ёрим Жонона,
Сенсиз менга ҳаёт йўқ.
Сен бўлмасанг, бу ҳаёт
Менга теккан дайди ўқ.
3
Жонон эди ёнимда,
Ҳар куним учмоҳ эди.
Бу дунё озор эмас,
Бир коса қаймоқ эди.
Ёрим эди ёнимда,
Ҳис этиб ишқ бахтини,
Бир тепиб ўтар эдим
Сулаймоннинг тахтини.
Ёрим эди ёнимда,
Хурсанд эдим, хуш эдим.
Юлдузлардан баландда
Парвоз қилган қуш эдим.
Оҳ, қанчалар севаман
Юлдуздайин кўзини.
Юз метрдан танирдим
Ойдек тўлин юзини.
4
Ёрим кетди ёнимдан,
Ёмон кунлар бошланди.
Ою кунлар ит бўлиб,
Тишлайман деб ташланди.
Бу дунёда ўзимни
Ҳис қиляпман бегона.
Мени ташлаб қаёққа
Кетиб қолдинг, Жонона.
5
Жонона қайда экан…

КУНЛАР ЎТЯПТИ

Г.га бағишланади

Ёрим, кўринг, кунлар ўтяпти,
Қуёш кетиб, ой ҳам ботяпти.
Оғир дардга чалинган Раҳмат
Ўлолмасдан, нени кутяпти.

Ёрим, кўринг, кунлар ўтяпти,
Улар қайтмас, йўқдир вафоси.
Юрагимни ўртар баъзида
Бу дунёдан кетиш жафоси.

Ёрим, кўринг, кунлар ўтяпти,
Кунлар тикан - бағрим тилади.
Ажал мени дунёдан эмас,
Фақат сиздан жудо қилади.

Ёрим, кўринг, кунлар ўтяпти,
Ёмғир ёғар, қор ёғар, совуқ.
Хаёлимга бир фикр келди,
Балки ҳозир ер ости илиқ.

Ёрим, кўринг, кунлар ўтяпти,
Бу кунлардан яхши хабар йўқ.
Ер оловдай ёнар кундузи,
Тунда эса ётар жойим чўғ.

Тушларимда кўраман сизни,
Ором олар хаста руҳ ва тан.
Икков бирга кўча кезамиз,
Тушларимда касал эмасман.

Ажал айтар: севган ёрингни
Соғингансан, биламан, дейди.
Сўнгги мартта ёрингни кўргин,
Кейин жонинг оламан, дейди.

Севги йўқ деб айтади дунё,
Мен дунёдан юзим ўгирдим.
Ўлимдан ҳам қўрқиш йўқ энди,
Севаман деб айтиб улгирдим.

БУ ДУНЁДА

Бу дунёда мазмун йўқ,
Бир озгина роҳат бор.
Роҳатнинг ўзи эмас,
Мусибат, ҳам офат бор.

Бу дунёда мазмун йўқ,
Қору ёмғир,шамол бор.
Қўлинг сира етмайди,
Осмонида жамол бор.

Бу дунёда мазмун йўқ,
Бир озгина хурмат бор.
Хурмат ўзи яккамас,
Маломат ва лаънат бор.

Бу дунёда мазмун йўқ,
Оқ,қора ва сариқ бор.
Қон тўкиб, зулм қилсанг,
Киргин,дейди,тарих бор.

Бу дунёда мазмун йўқ,
Югур-югур хизмат бор.
Ҳақ сўзга мойиллигинг-
Тайёр турган тухмат бор.

Бу дунёда мазмун йўқ,
Йиғлаётган дилим бор,
Ёмонни ким асрайди,
Яхшиларга ўлим бор.

Бу дунёда мазмун йўқ,
Лайли билан Мажнун бор.
Ерда нелар ёнмоқда,
Осмон тўла тутун бор.

МУСО ВА МАЖУСИЙ МИНАТЮРАСИГА

Сиз томонда ёзми, баҳорми,
Йилнинг тўртта фасли ҳам борми.

Биз томонда қайғу, ғам – ташвиш,
Фасллардан фақат битта қиш.

Сиз томонда фикр ёруғми,
Инсон номи азиз, улуғми.

Биз томонда фикр хира, тор,
Инсон дайди итдан кўра хор.

Сиз томонда ҳаёт роҳатми,
Туғилиш бу энг катта бахтми.

Биз томонда ҳаёт касофат,
Туғилиш бу катта фалокат.

Сиз томонда ширин ўйларми,
Ҳар кун байрам, ҳайит, тўйларми.

Биз томонда ҳар куни мотам,
Жонни қийнар қайғу ва ситам.

Сиз томонда подшо одилми,
Тутган йўли инсоф, адлми.

Биз томонда подшо қароқчи,
Ҳам золиму маккор, алдоқчи.

Сиз томонда осмон каттами,
Худо ёлғиз, якка, биттами.

Биз томонда худолар ерда,
Худо битта деганлар гўрда.

………………………………………..
………………………………………..

Сиз томонга ўтайлик энди,
Бу ботқоғдан кетайлик энди.

СЕВИШИНГ

Г.Га бағишланади

Жононани севишинг
Ичингдаги сир бўлсин.
Жононага жонинг бер,
Ярим жонинг бир бўлсин.

Жононани севишинг
Тунда ёруғ юлдуздир.
Дунёдан кетар бўлсанг,
Ер остида кундуздир.

Жононани севишинг
Осмондаги ойингдир.
Ортингдан ажал қувса,
Қочиб борар жойингдир.

Жононани севишинг
Лаззат тўла бир жомдир.
Жон берарда жонингга
Чексиз хузур, оромдир.

Жононани севишинг
Кўкка етган қўлингдир.
Хайр, дегин дунёга,
Борса келмас йўлингдир.

ЯРАТГАНИМ, ОЛЛОҲИМ

Яратганим, Оллоҳим,
Бир дард бердинг бедаво.
Машҳар куни айтарсан,
Раҳматингми ё жазо.

Яратганим, Оллоҳим,
Мен бандангман, қулингман.
Бу дунёда баҳор йўқ,
Очилмаган гулингман.

Яратганим, Оллоҳим,
Дунё менинг душманим.
Ҳақгўй эдим, сўз айтим,
Золим эди нишоним.

Бу дунё ҳам ўзига
Мени душман билдими.
Сен яратган бир золим
Жонимга қасд қилдими.

Эй Оллоҳим, бу тошни
Атай менга отдингми.
Ҳақгўйга жазо бер деб,
Золимга сен айтдигми.

Эй Оллоҳим, ҳикматинг
Кашфига ақлим ожиз.
Мен ғофилман, шу боис
Қаршингда чўкарман тиз.

Менга отган тошларинг
Энг лаззатли ошимдир.
Кўнглимда ишқ, гувоҳим
Кўзимдаги ёшимдир.

Яратганим, Оллоҳим,
Ҳар нарсадан огоҳсан.
Гуноҳим ҳам кўп менинг,
Ўзинг бунга гувоҳсан.

Гуноҳларим, Оллоҳим,
Кечирмасанг, нетаман.
Қилмишларим ўйласам
Совуқ терга ботаман.

Бу дунёда қалб сирим
Бир гулга аён этдим.
"Аёл, сени севдим”деб,
Ишқимни баён этдим.

Мажнун бўлдим, дунё тор,
Кетдим дашту саҳрога.
Ишқ-муҳаббат йўлида
Дуч келдим минг балога.

Бу дунёда бир йўқсил,
Ғариб бир гадо бўлдим.
Лек қалбдаги севгимни
Ҳар недан аъло билдим.

Дунё қотил, жаллод деб,
Мен дунёга отдим ўқ.
Дунё билан бир жойда
Яшашга ҳеч илож йўқ.

Ўтинаман, Оллоҳим,
Қудратингни билдиргин.
Ё дунёни вайрон қил,
Ёки мени ўлдиргин.

Яратганим, Оллоҳим,
Бир дард бердинг бедаво.
Машҳар куни айтарсан
Бу раҳматми ё жазо.

ШЕЪРЛАРИМ

Менинг ёзган шеърларим
Ярадорнинг қон изи,
Умиди узилмаган
Ўликнинг очиқ кўзи.

Менинг ёзган шеърларим
Мазлумларнинг кўзёши.
Ҳақ сўз дея кесилган
Ҳақгўйнинг тилло боши.

Менинг ёзган шеърларим
Ҳаётимнинг қиш, кузи.
Дор остида айтилган
Махкумнинг сўнгги сўзи.

Менинг ёзган шеърларим,
Пинҳон тўккан кўзёшим.
Бахт бор дея ишониб,
Деворга теккан бошим.

Менинг ёзган шеърларим
Икки бўм-бўш қўлимдир.
Бу дунёда қидириб
Тополмаган йўлимдир.

Менинг ёзган шеърларим
Қалбдаги ишқ – ўтимдир.
Ёрга атаб ёзганим,
Жўнатмаган хатимдир.

ИШҚ

Г.га бағишланади

Пойингга тиз чўкарман,
Бундан улуғ тавоб йўқ.
Жаннат эшик очади,
Бундан аъло савоб йўқ.

Висолингга етай деб,
Ер остига кетяпман.
Жон берарда исмингни
Минг бор такрор айтяпман.

Қабрим ичин ёритган
Ойимсан, офтобимсан.
Машҳарда берилажак
Саволга жавобимсан.

Дунё менинг ичимда
Ўзга бир дунё кўрди,
Бўстонидан қувлади,
Саҳрони раво кўрди.

Дунё менинг ичимда
Ишқ деган бир гул кўрди,
Рашки келиб, аямай
Кўксимга ханжар урди.

Сен деб чеккан азобим
Бошга ёққан раҳматдир,
Борлигингни ҳис этиб
Жоним сезган лаззатдир.

Бир гуноҳим ишқ эди,
Кўрдим минг тур жафони.
Жаннатда сийлагайсан
Мендек жони фидони.

Пойингга тиз чўкарман,
Бундан улуғ тавоб йўқ.
Изланг, икки дунёда
Ишқдан аъло офтоб йўқ.

http://yangidunyo.com/?p=14442
Категория: ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ | Просмотров: 2129 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024
ҚИДИРИШ

Бесплатный хостинг uCoz