Суббота, 24-05-04, 06:43

Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир.

ҲИМОЯЧИ

ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ЖАМИЯТИ
O'ZBEKCHA  РУССКИЙ   ENGLISH   SVENSKA    AF SOMALI    العربيه
МАНЗИЛИМИЗ Бош саҳифа Рўйхатдан ўтиш КИРИШ
САЛОМНОМА, Гость · RSS
Б Ў Л И М Л А Р
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ [284]
ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ХАЁТИДАН ЛАВХАЛАР [72]
ҲУҚУҚ ХИМОЯЧИЛАРИ ЁЗИШМОҚДА [211]
ИСЛОМ ВА МУСУЛМОНЛАР [183]
ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ [85]
СОBРИНДОРЛАР [11]
ЭЪЛОНЛАР [16]
ОЧИҚ ХАТЛАР [24]
БАЁНОТЛАР [21]
МАХБУСЛАР ХАЁТИДАН [51]
МУХОЖИРЛАР ХАЁТИДАН [127]
АДАБИЁТ ВА САНЪАТ [18]
СИЁСАТ [73]
ТАРИХ [15]
ВИДЕОЛАВХАЛАР [27]
ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИ [2]
ЖУРНАЛИСТЛАР ХАЁТИДАН [49]
АМАЛДОРЛАР ХАЁТИДАН [31]
МУРОЖААТНОМАЛАР [29]
НОРОЗИЛИК НАМОИШЛАРИ [37]
БОЛАЛАР МЕХНАТИ [10]
ХАЛОКАТЛАР [12]
ЙИҒИЛИШЛАР [12]
ТАРИХИЙ ШАХСЛАР [11]
С П О Р Т [13]
ТАБОБАТ ХАЗИНАСИДАН [25]
РАДДИЯЛАР [6]
ТАЗИЯНОМАЛАР [9]
Д У Н Ё Х А Б А Р Л А Р И [139]
Қ И Й Н О Қ Л А Р [25]
АДВОКАТЛАР ХАЁТИДАН [6]
БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА [78]
ҒАЙРИДИНЛАР ХАЁТИДАН [0]
ЭШИТТИРИШЛАР [31]
ДИНИЙ МАРУЗАЛАР [15]
СУД, ПРОК, МИЛИЦИЯ [18]
ФАХШ ИШЛАР [16]
ЭКСПЕРТЛАР ХУЛОСАСИ [1]
Қ И Р Ғ И З И С Т О Н [177]
Б Б С Мехмонлари [22]
Қ О З О Ғ И С Т О Н [5]
МАЖБУРИЙ МЕХНАТ [2]
Т О Ж И К И С Т О Н [20]
Р О С С И Я [22]
ЖАЗОГА ХУКМ ҚИЛИНГАН [9]
Ў З Б Е К И С Т О Н [74]
Ш В Е Ц И Я [0]
МУХИДДИН ҚЎҚОНДИЙ ШАХСИЙ САХИФАСИ [4]





АЛЛОҲНИНГ  ГЎЗАЛ  ИСМЛАРИ

ШАЙХ МУХАММАД СОДИҚ МУХАММАД ЮСУФ ХАЗРАТЛАРИНИНГ МАРУЗАЛАРИ

Х А Л Қ И М

Б Е Н А М О З

КАРИМОВНИНГ ХАБАРИ ЙЎҚ

ЎЗБЕКИСТОН БОЛАЛАРИ

ЖАННАТДАГИ КУНДОШИМ

Pepsi ва Coca-Cola ХАРОММИ ?

Би-би-си мехмони Швециялик муҳожир

Е-322 МОДДАСИ

"МХХ билан келишув амалга ошмади"

Фан ҳижобнинг фойдали эканлигини тасдиқлади

"Гуноҳим рўмол ўраганимми?”

Эр - хотин кишининг ярим пири..?

Погон таққан
қиз ўғрилари

ТАШАККУРНОМА

Террорчилик - Ғарб маҳсули

Гегемонлик васвасаси

Ўзбекистонга   қайтган
аëл  қамоққа  олинди


Каримов ғарбни ўйинчоқ қилмоқда

Имомлардан маломатларни кўтариш

АҚШ элчиси Каримовни қизлари хақида айтганлари


 
Главная » 2010 » Август » 27 » НЕГА БЕРДИНГ
09:14
НЕГА БЕРДИНГ

НЕГА БЕРДИНГ

Нега бердинг бу жонни,
Уни фақат қийнайсан.
Қафасга қамаб қўйиб,
Қийнаб-қийнаб тўймайсан.

Бу жонга севги гулин
Экиб кўрсин, дедингми.
Сўнг айрилиқ азобин
Чекиб кўрсин, дедингми.

Нега бердинг бу жонни,
Яшатмасдан, ўлдирдинг.
Ҳақ сўз айтиш азоби
Не эканин билдирдинг.

Менга битта жон бериб,
Дард-аламни минг қилдинг.
Қалбим айтиб йиғлайди,
Нега тилим гунг қилдинг.

Жоним куяр, жонимдан
Чидай олмай, жон кетди.
Ўзинг буюрганмидинг,
Нодон унга тош отди.

Нега бердинг бу жонни,
Дўсту душман қийнайди.
Азобимни хуш кўрар,
Бир тортишда сўймайди.

Нега бердинг бу жонни,
Золимга нишон қилдинг.
Ўзинг берган бу жонни
Ўзингга қурбон қилдинг.

БУ ЗАМОННИНГ

Бу замоннинг ботирлари
ерда ётган
оёқ-ости
қуриқ чўпга
ҳадик билан боқишар.

Бу замоннинг золимлари
юз йил бурун
яшаб ўтган
қаҳрамоннинг
номидан ҳам қўрқишар.

Бу замоннинг олимлари
эл-юрт севган
шоирларнинг
китобларин
ўт-оловда ёқишар.

ОЛДИНДА

Мадорим йўқ, душманим тирик,
Куч қолмади, кураш олдинда.
Дард олови ёқар жисмимни,
Дўзаҳ деган олов олдинда.

Бу дунёда ёруғ куним йўқ,
Тим қоронғу лахад олдинда.
Яшамадим бир лаҳза, бир кун,
Ўлим деган тухмат олдинда.

Ярадорман, ерга йиқилдим,
Гала-гала ёвлар олдинда.
Елкам ерга тегди ниҳоят,
Аждархою, девлар олдинда.

Дерлар: сенинг ҳар коринг гуноҳ,
Ростин айтар гувоҳ олдинда.
Қалбимга тил теккизма, нодон,
Қалбда не бор, огоҳ олдинда.

Менча қаттиқ қучдинг дунёни,
Чин севганинг- жаннат олдинда.
Хато йўлдан кетди оломон,
Ортда қолган Раҳмат олдинда.

БУ АЧЧИҚ

Бу аччиқ ҳаётга ачиқма-аччиқ
Золимнинг юзига ҳақни сўзлайми.
Сўнг эса кундага бошимни қўйиб,
Жаллод болтасидан нажот излайми.

Бу аччиқ ҳаётга аччиқма-аччиқ
Ўзимни илонга чақтирсам, нетгай.
Энг баланд тоғларнинг бошига чиқиб,
Овозим борича бақирсам, нетгай.

Бу аччиқ ҳаётга аччиқма-аччиқ
Қўлимга тиғ олиб, томрим кесайми.
Ёки яланг оёқ саҳрога бориб,
Ўткир тиканларни «ғарч ғарч”босайми.

Бу аччиқ ҳаётга аччиқма-аччиқ
Бошимни тошларга ургим келяпти.
Душманга лаънатлар ўқийман тинмай,
Унинг ўлигини кўргим келяпти.

Бу аччиқ ҳаётга аччиқма-аччиқ
Пашшани «онангни…”дея сўкайми.
Ва ёки кимсасиз жойларга бориб
Кўздан қон келгунча кўзёш тўкайми.

Бу аччиқ ҳаётга аччиқма-аччиқ
Дўзаҳга сўроқсиз кириб борайми.
Ёйинки қўлимга катта тош олиб,
Энг бахтли одамнинг бошин ёрайми.

Бу аччиқ ҳаётга аччиқма-аччиқ
Ўлимни ўзимга нажот билайми.
Мунча ҳам кечикди қиёмат кунинг-
Дея яратганга нола қилайми.

Бу аччиқ ҳаётга аччиқма-аччиқ
Мозорга борар йўл ҳамиша очиқ.

БАЛО ТОШИ

Бошимда бало тоши,
Туғилганим – гуноҳим.
Бу дунёга келтирган
Ўзингсан-ку, Оллоҳим.

Берганинг битта умр,
Мингта жафо йўлладинг.
Азал котиб ўзингсан,
Тухмат, жазо йўлладинг.

Умрим утди, во дариғ,
Ёруғ кунга бўлиб зор.
Бу бари эмас хали,
Ҳисобингда дўзаҳ бор.

Берган бу ҳаётингда
Ёз, баҳорлар бормиди.
Зулмати бор, туни бор,
Тонг, наҳори бормиди.

Ақл бердинг, руҳ бердинг,
Маъноси қани унинг.
Дард бердинг, хасрат бердинг,
Давоси қани унинг.

Қонхўр золим яратиб
Қонимни ширин этдинг.
Исмим Раҳмат эки-ку,
Пешонамга не битдинг.

Эл хақорат қилсин деб,
Дилга севги солибсан.
Бевафони ёр дедим,
Ақлимни ҳам олибсан.

Руҳга ватан бўлсин деб,
Тан эмас, қамоқ бердинг.
Умр дея не учун
Омонат япроқ бердинг.

Бошим чиқмас балодан,
Туғилганим - гуноҳим.
Бу дунёга келтирган
Ўзингсан-ку, оллоҳим…

ИСТАСАНГ

Г.га бағишланади

Мени қўрмоқ истасанг, гулим,
Энди мени ўзингдан сўра.
Ухлаётиб ўзинг ҳам сезмай,
Айтган гапинг, сўзингдан сўра.

Мени кўрмоқ истасанг, гулим,
Ўтиб кетган йиллардан сўра.
Гала қумлар остида қолган,
Чўллардаги йўллардан сўра.

Мени кўрмоқ истасанг, гулим,
Сув оқизган тупроқдан сўра.
Ернинг ўйиб олинган кўзи-
Қуриб қолган булоқдан сўра.

Мени кўрмоқ истасанг, гулим,
Томда ўсган майсадан сўра.
Қайдалигим кўриб турибди,
Кўзи ожиз кимсадан сўра.

Мен йўқдирман на тупроқ, на сув,
На қуёшу на юлдуз, ойда.
Балки мени топиб оларсан
Ер ва осмон қўшилган жойда.

УЗИЛГАН ЯПРОҚ

Дарахтнинг шохидан узилган япроқ
Юракни мўлжалга олиб учяпти.
Хар куни шом пайти кўнгил боғимдан
Гала-гала қувноқ қушларкщчяпти.

Бу дарё бағрига мисоли чўғдай
Чўкиб бормоқдаман ожиз,норизо.
"Ух” торта бошладим узун ва узун
Нихоят жонидан ўтди бу жазо.

Мени суяб турган тоғлар қулади
Боғларимга хоким бўлиб олди куз
Нурини бутунлай таратиб бўлди
Менга йўл кўрсатган энг ёруғ юлдуз

Дарёлар сувини ичиб тугатдим
Ичимда битта ҳам кўкармади гул
Синдирдим минг битта кишан,қафасни
Ва лекин қалб кушим ҳамон махкум,қул.

Ўзимнинг ўлигим қўлим остида
Итнинг мурдасидай қаровсиз ва хор.
Юки йўқ карвонни равон йўл бўйлаб
Бир қарич тортгувчи қудрат қайда бор.

Қариганда турмуш ташвиши эзган
Кимсадай оламга боқаман хайрон
Ўйлайман: севгию гулларга қиёс
Одамзотнинг умри нақадар узун.

Тоқати тоқ бўлган орзу ва истак
Кўнгилни тарк этиб кетдилар бир-бир.
Қаро ер бағрини макон этмасдан
Мен нега тентираб юрибман хозир?

БУ ДУНЁ

Бу дунё бошдан-оёқ
Менга боққан баломи.
Дунёга келган куним
Ўлсам, минг бир аъломи.

Ер остида ётганлар,
Сизга хавас қиламан.
Ажалдан ҳеч дарак йўқ,
Айтинг, қачон ўламан.

Инсон деган даво ҳам
Кўнгилга оғир ботди.
Чекка қайғу аламим
Жонимдан тешиб ўтди.

Заҳар қўшиб ошимга
Дунё менга қасд қилди.
Севги эди гуноҳим
Баланд бўйим паст қилди.

Асли бало дашти бу,
Ғам эзади дилимни.
Икки кўзим тўрт бўлиб
Соғинаман ўлимни.

Дард чекиб, сўнг англадим,
Аён бўлди битта сир,
Аслида бу ҳаётнинг
Ўлим билан тили бир.

ДОРМАН ЎЗИМ

Бир тўйиб йиғлай десам,
Кўзларимда кўзёш йўқ.
Ҳаётим лаҳадмикан,
Осмонимда қуёш йўқ.

Боши берк кўча ўзим,
Юрадиган йўлим йўқ.
Мендек бир бедавога
Тайёр турган ўлим йўқ.

Йироққа кетай десам,
Ҳар недан йироқ ўзим.
Тупроққа кетай десам,
Бир сиқим тупроқ ўзим.

Бир ётиб ухлай десам,
Қирқ ёшли уйқу ўзим.
Заҳарми ичай десам,
Қирқ йиллик оғу ўзим.

Борадиган жойим йўқ,
Ҳар жойда борман ўзим.
Ўз ҳаёти осилган
Энг баланд дорман ўзим.

2007-йил, Қирқлар.

****

ҲАЛОЛ БЎЛАМАН

Лахадга қўйишар мурдамни – бадбўй,
Бир йилда топ-тоза тупроқ бўламан.
Бир қишни ўтказиб, келгуси баҳор,
Дарахтнинг шохида япроқ бўламан.
Қуёшни соғинмай бўларми ахир,
Адрнинг безаги - чечак бўламан.
Атига етти йил, бошим осмонда,
Қишлоқда энг баланд терак бўламан.
Айрилиқ узоққа чўзилмас, гулим,
Бир ойдир, қирқ кунда жилға бўламан.
Озгина сабр қил, яна биргамиз,
Сен учун аталган сирға бўламан.
Қуш тилин унутиб қўйма, севгилим,
Юрагим бир йилда булбул бўлади.
Мен сени севаман, дейман ҳар саҳар,
Яна қалбинг қувонч, завққа тўлади.
Вужуд қафасидан қутилган соғинч-
Сочингни тараган шамол бўламан.
Бу дунё севгини гуноҳ деб айтар,
Бир ўлиб, сен учун ҳалол бўламан.

****

ДУНЁ

Дунё серташвиш,
Тўрт фасли ҳам қиш.

Шодлик,қувонч кам,
Ҳамма кунлар ғам.

Бошга уриб тош,
Кейин берар ош.

Дўсту душман –бир,
Барин кўнгли кир.

Қози порахўр,
Шоҳнинг кўзи кўр.

Амирлар қотил,
Муллолар ботил.

Бу дунёни қўй,
Сассиқ ва бадбўй.

Эй инсон насли
Бу дунё асли

Дайди итга мос,
Қонхўр битга мос.

Боқ ўзинг, қара,
Гўнг титган қарға,

Балчиқда тўнғиз,
Сасиган қўнғиз,

Заҳарли илон,
Ақли йўқ ҳайвон

Бари хурсанд, шод,
Кулади ҳаёт.

Дилида ихлос,
Улар учун мос

Бу дунё асли,
Эй инсон насли.

****

КЕТГАНИМ ЯХШИ

Сен билан бир сафда юргандан кўра,
Бўйнимадан балчиққа ботганим яхши.
Кимҳоб чопонларинг ўзингга сийлов,
Кафанга ўралиб ётганим яхши.

Сен билан бир сафда юргандан кўра,
Ўзимни дарахтга осганим яхши.
Юмшоқ тўшакларинг тўшама менга,
Ёниб турган чўғни босганим яхши.

Сен билан бир сафда юргандан кўра,
Аму ёки Сирда чўкиб ўлайин.
Сенинг дастурхонинг мен учун – ахлат!
Очлик азобини чекиб ўлайин.

Сен билан бир сафда юргандан кўра,
Ўзимни бозорда сотганим яхши.
Бу шаҳар меники дейдиган бўлсанг,
Ҳайвонлар ичига кетганим яхши.

****

ҲАҚҚИМ БОР

Г.га бағишланади

У дунёга кетгим йўқ,
Бу дунё ҳам керакмас.
Қулаб тушсин коинот
Жонон омон бўлса бас.

Дерлар жаннат, кавсар бор,
Ҳатто аршга хушим йўқ.
Жонон бўлса ёнимда
Ҳар нарсадан кўнглим тўқ.

Мусибату ғам қайғу
Қила олмас қаддим дол.
Юрагимда Жонон бор
Юрагимда бахт, иқбол.

Дерлар:хаста, беморсан,
Ажал келиб этар хор.
Мен Жононни севаман-
Тирилишга ҳаққим бор

****

БАС

Дўзаҳ аҳли, олингиз,
Менга дунё керакмас.
Саҳар туриб ҳар куни
Қон йиғласам бўлди, бас.

Ана тилло, ана таҳт,
Қучоғингга бос, золим.
Сенинг билан бир куни
Туташмаса, бас, йўлим.

****

БИР КЎРСАМ ДЕЙДИ

Г.га бағишланади

Боқмай хаста ҳолимга менинг,
Жонон сари талпинар дилим.
Мен ёримнинг ёнига борай,
Ҳей, йўлимни тўсмагин, ўлим.
Мен ёримнинг ёнига борай,
Қоч йўлимдан, қорангни ўчир.
Сен мунча ҳам бемаврид келдинг,
Келган еринг- қаро ерга кир.
Ўз жонимда ҳаққим йўқ менинг,
У Оллоҳдан менга омонат.
Омонатни қайтар деган кун,
Нажот келди, дейман ниҳоят.
Мен хастаман, ночор, бечора,
Бир истакдан бағрим кўп куйди.
Жон танамдан чиқмасдан бурун
Жононимни бир кўрсам дейди.

****

КУЙГАН ДИЛИМ

Ай, дилим, куйган дилим,
Ҳақ сўзни суйган дилим.
Сенга тошлар отдилар,
Сассиқ сўзлар қотдилар.
Ҳақгўйлик оғир экан,
Сенга санчдилар тикан.
Ичинг тўла қайғудир,
Дунё сенга оғудир.
Бундан кетмоқ истайсан,
Мени қаттиқ қистайсан.
Юр, кетамиз, эй, дилим,
Ўзимнинг севган гулим.
Кўзёшинг артай ўзим,
Эй менинг кўрар кўзим.
Осмонларга кетамиз,
Омонларга кетамиз.
Вужуд у бир кир латта,
Ечармиз уни шартта.
Кўзёшинг артай ўзим,
Эй менинг синиқ созим.

*****

КЕНЖА СИНГЛИМ

Ўзимнинг дилим,
Эй кенжа синглим.
Кўзёшинг дарё
Сотқиндир дунё.
Гуллар узилган,
Боғлар бузилган.
Сенга макон йўқ ,
Дардга дармон йўқ.
Терс боқар жаҳон,
Ичинг тўла қон.
Дўст дея чопдинг,
Номардни топдинг.
Ёрни кутгандинг,
Қонлар ютгандинг.
Ёринг бўлди ёт,
Қилди хиёнат.
Йиғлама, дилим,
Эй кенжа синглим.
Куйиб кул бўлдинг
Йиғлаб сил бўлдинг.
Юзингни силай
Сен учун ўлай.
Юр кетдик бундан
Ғам ўтди жондан.
Ўзимнинг дилим
Эй кенжа синглим.

****

ЁРИМ, АЛВИДО

Г.га бағишланади

Охират йўли очиқ,
Севган ёрим, алвидо.
Бу шароб мунча аччиқ,
Севган ёрим, алвидо.

Кўзимда "дув-дув” ёшлар
Севган ёрим, алвидо.
Кўксимда ўлик қушлар,
Севган ёрим, алвидо.

Қотил заҳар қонимда,
Севган ёрим, алвидо.
Жон қолмади жонимда,
Севган ёрим, алвидо.

"Оҳ” менинг кўнглим синиқ,
Севган ёрим, алвидо.
Олтмиш эмас, ёшим қирқ,
Севган ёрим алвидо.

Ёргинамнинг кўзлари,
Сизга айтай алвидо.
Ойдай тиниқ юзлари,
Сизга айтай алвидо.

Ёргинамнинг бармоғи,
Сизга айтай алвидо.
Лола қизил яноғи,
Сизга айтай алвидо.

Бирга юрган йўлларим,
Сизга айтай алвидо.
Ёрга берган гулларим,
Сизга айтай алвидо.

"Оҳ”менинг кўнглим синиқ,
Севган ёрим алвидо.
Олтмиш эмас, ёшим қирқ,
Севган ёрим алвидо.

*****

СОҒИНДИМ

Г.га бағишланади

Бу ўткинчи дунёга
Келишимнинг сабаби-
Кўзларингни соғиндим.

Ойга боқиб "оҳ”тортиб
Дард чекишим сабаби –
Юзларингни соғиндим.

Кеча-кундуз гунг бўлиб
Юришимнинг сабаби-
Сўзларингни соғиндим.

Ҳар кўчада ит каби
Дайдишимнинг сабаби –
Изларингни соғиндим.

****

ОШИҚОНА

Г.га бағишланди

Ҳаридор бўл, ўзимни
Қул бозорда сотаман.
Ўпқон бўлсанг жонимни
Қучоғингга отаман.

Жаллод бўлгин, бошимни
Сенга қиламан тортиқ.
Ўткир бўлсин қиличинг,
Бахт борми бундан ортиқ.

Шамол бўлсанг, шам бўлай,
Бир лаҳзада ўчиргин.
Ёки нозик ниҳолман –
Илдизимдан кўчиргин.

Камон бўлсанг, нишонинг
Мана менинг юрагим.
Ўқ отарда мўлжалдан
Адашмагин, малагим.

Сендан келган жафолар
Жаннатдан минг аълодир.
Муҳаббатсиз бу ҳаёт
Бошга битган балодир.

****

ҚЎШНИ СИНГИЛ ЗИЛОЛАГА

Қўшни сингил Зилола,
Икки юзинг гул лола.
Нур сочади жамолинг,
Мунча етук камолинг.
Бахт пойласин йўлингни.
Шоҳзодалар қўлингни-
Сўраб ерга қўйсин бош,
Сен эса кўкда қуёш.
Кўнгли ёмон куяди,
Куйса, қаттиқ суяди.

Қўшни сингил Зилола,
Эй сочлари шалола.
Ойга бир бор қарагин,
Ундан ҳолин сўрагин.
Ҳуснингга қилиб ҳавас,
Дейди: Осмон жойиммас…
Атиргулга бир қара,
Атай ундан гап сўра.
У, бошидан учиб хуш,
Дейди: Ўнгмас, бу қиз туш.

Қўшни сингил Зилола,
Қадди нозик ҳилола.
Жамолинг кўрган ошиқ,
Шод бўлиб айтар қўшиқ.
Дейди:Ҳар куним байрам,
Бу дунё боғи Эрам.
Ҳеч бўлмасин кам-кўстинг,
Омад бўлсин чин дўстинг.
Тақдир сени сийласин,
Бахтли аёл айласин.
Яратгандан сўрайман,
Узоқ умр тилайман

****

ЎЗИНГСАН

Г.га бағишланади

Олов ёққан ўзингсан,
Энди сира ўчмайман.
Куйиб кул бўлсам, хатто,
Гулим, сендан кечмайман.

Олов ёққан ўзингсан,
Энди роса куяман.
Куйишимга куйинма,
Куйсам, қаттиқ суяман.

Қара, менга қўшилиб
Юлдуз ёнар, ой ёнар.
Чин роҳатим ўзингсан,
Жаннат деган жой ёнар.

Олов ёққан ўзингсан,
Оловга бир тўяман.
Ҳеч кимга йўқ омонлик,
Дунёга ўт қўяман.

Ишқ олови офтобдир,
Баҳор бўлинг куз, қишлар.
Ишқ асли бир кимёдир,
Тилло бўлинг кумушлар.

ҚИЗИМ МЕҲРИБОНГА

1
Эй Меҳрибон қизгинам
Менинг ёруғ юзгинам.
Юрагимнинг нақшисам,
Яхши, жуда яхшисан.
Менга ўхшар юз-кўзинг,
Ёруғ бўлсин юлдузинг.
Сен дунёга келганда,
Дилим хурсанд кулганди.
Қанду новвот асалсан,
Сен ҳаммадан гўзалсан.
Сен ўзингча ўйнардинг,
Сенга боқиб ўйлардим:
Оллоҳ тинглаб ноламни,
Қайтиб берди Энамни.
Шунинг учун қизгинам,
Менинг ширин сўзгинам-
Сизни Энам дейман кўп,
Энам яхши эди ҳўб.

2

Одам бир кун қарийди,
Куч-қуввати арийди.
Миниб ажал отига,
Қайтиб кетар ортига.
Қизим,Оллоҳ қўлласин,
Бахтли аёл бўласан.
Шунда сен ҳам нола қил,
Оллоҳ қодир, раҳмдил.
У арзингни тинглайди,
Ниятингни англайди.
Боқиб ўғил-қизингга,
Шодлик тошар юзингга,
Шунда дейсан бўлиб шод:
Мунча ширин бу ҳаёт.
Дейсан: Шукр Худога,
Меҳрибон ва Аълога.
Бор айлади адамни,
Қайтиб берди дадамни.

Шаҳнозага

Юлдуз бўлса ёнида
Ойнинг юзи ёришар.
Ой мунча гўзал дея
Унга таъриф беришар.

Юлдуз бўлса ёнида
Ойнинг юзи кулади.
Ойга боқиб одамлар,
Унга хавас қилади.

Юлдуз бўлса ёнида,
Ойнинг кўнгли яйрайди.
Шунда ҳамма севиниб,
Ойга тўйиб қарайди.

Юлдуз бўлса ёнида,
Ой ҳаммадан бой бўлар.
Ортар ҳусну чиройи.
Шунда тўлин ой бўлар.

ДАВО

Мен ҳастаман, дардимга
Бол каби сўзинг даво.
Кел, бир марта ўпайин,
Сал қисиқ кўзинг даво.

Мен хастаман, дардимга
Ой каби юзинг даво.
Кўчамизга келгин, ёр,
Ердаги изинг даво.

Мен хастаман, дардимга
Тенги йўқ хуснинг даво.
Минг бор такрор айлагум,
Эй Жонон, исминг даво.

Мен хастаман, дардимга
Қўнғироқ сочинг даво.
"Кўргани келдик сизни,
Эшикни очинг” даво.

БИТТА ГУЛИМ БОР

Сен бўлсангу мен жаҳонда мавжуд,
Бўлса яна коинот нобуд.

"Лайли ва Мажнун”достони,
Алишер Навоий

Бу дунёда битта гулим бор,
Гўзал жонон дерлар исмини.
Оч бўрилар ғажиб ташласин
Бу дунёнинг қолган қисмини.

Бу дунёда битта гулим бор,
Бу дунёнинг қолган қисми чўл.
Фақат менинг гулим кўкарсин,
Бу дунёнинг қолган қисми – сўл!

Бу дунёда битта гулим бор,
Доим унга тилайман иқбол.
Бу дунёнинг қолган қисмига
Соғинаман мусибат, завол.

Бу дунёда битта гулим бор,
У- кўксимдан отилган нола.
Фақат менинг гулим яшасин,
Кафан кийсин минг битта олам.

Бу дунёда битта гулим бор,
Уни дея тирик юрибман.
Туҳмат деган ҳаётга аранг
Йиғламасдан чидаб турибман.

ЯРАДОРМИЗ

Ярадормиз, дил оғрир,
Дардимизга дармон йўқ.
Кунлар кунмас, у бизга
Дўсту душман отган ўқ.

Ярадормиз, дил оғрир,
Дардимизга дармон йўқ.
Билиб қўйинг, душманлар,
Ўлсак, бизда армон йўқ .

Жаллод деди: Ишқ – гуноҳ,
Юрак-бағринг ғашлайман.
Севгингни юлиб олиб,
Ўт-оловга ташлайман.

Деди яна: Бошингга
Итнинг кунин соламан.
Ишқинга қўшиб энди,
Жонингни ҳам оламан.

Оҳ, бу жаллодлар бераҳм,
Не азоблар кўрмадик.
Ўлим яқин келса ҳам,
Ишқимиздан кечмадик.

Дилимизга аямай,
Тикан, игна санчдилар.
Сўкиб, қарғаб бизларни,
Оёқ билан янчдилар.

Ярадормиз, дил оғрир,
Дардимизга дармон йўқ.
Севги доим биз билан,
Ўлсак асло армон йўқ.

МАЛОЛ

Бу ерда малол,
Истагим висол.

Унвоним фоний,
Ҳаётим оний.

Кундуз мангу қиш,
Чин ҳаётим туш.

Вужудим хирмон,
Ҳосили сомон.

Емишим жабр,
Ичмишим сабр.

Кутганим қазо,
Топганим ризо.

Қўрққаним гумон,
Душмоним шайтон.

Умид нон-ошим,
Нажот кўзёшим.

Мақомим меҳмон,
Манзилим осмон.

ИЗЛАБ КЎРАЙЛИК

Мени излаб кўрайлик
Қайда юрган эканман.
Балки мўмин, ёйинки,
Озор бергич тиканман.

Мени излаб кўрайлик,
Борманми бу дунёда.
Балки чўкиб кетганман
Нафс деган дарёга.

Мени излаб кўрайлик,
Эшман мумкин ёмонга.
Имонимни олдириб
Қўйгандирман шайтонга.

Мени излаб кўрайлик,
Балки яқин заволим.
Учиргандир ақлимни
Қаҳру ғазаб шамоли.

Мени излаб кўрайлик,
Қайда экан бу Раҳмат.
Эзиб томом қилгандир
Чексиз қайғу,машаққат.

Мени излаб қўрайлик.
Боқиб кўзи шаҳлога,
Балки кетиб қолганман
Мажнун каби саҳрога.

Мени излаб кўрайлик,
Топиларман тез, осон.
"Раҳмат бунда” -дер балки
Бега кетган барг ҳазон.

Ўзни излаб кўрайлик,
Ростдан ҳамми биз инсон.
Қир йил бўлди, ўзимни
Тополмадим мен ҳамон.

ТОНГ ОТДИ

Яна сенга кўзим тушдию,
Яна бошдан йўқолди тинчим.
Яна дилни қийнар муттасил,
Чидаб бўлмас азоб – соғинчим.

Яна сенга кўзим тушдию,
Яна хомуш ўйларга толдим.
Юзларингга ўхшатиб яна,
Яна ойга термулиб қолдим.

Яна сенга кўзим тушдию,
Яна қалбда хаяжон, титроқ.
Яна улар сенинг кўзларинг-
Юлдузларга қарайман узоқ.

Яна сенга кўзим тушдию,
Сен ўшасан – тенги йўқ малак.
Ёш боладай севинар яна,
Ҳеч меҳрга тўймаган юрак.

Яна сенга кўзим тушдию
Яна ўйлар чалкашиб кетди.
То тонгача кўча айландим,
Кўз ўнгимда оппоқ тонг отди.

Яна сенга кўзим тушдию,
Яна тилда хиргойи, қўшиқ.
Ўн саккизга кирибди яна,
Қирқдан ошган сочи оқ ошиқ.

МАЛИКА

Маликага ошиқ бўлибман,
Ол, Маликам, қалбим сеники.
Тупроққа тенг гадодирман мен,
Жисминг эмас, исминг меники.

Шаҳзодангнинг ёнига боргин,
Ерда қолган изинг меники.
Шаҳзодалар бари бевафо,
Кўзёшларинг – кўзинг меники.

Сенга нисор айлайин десам,
Бойлигим йўқ жонимдан бошқа.
Ол, Маликам, жонимни олгин,
Арзийдими бир боқишингга.

Сочинг билан боғла бўйнимдан,
Сенинг содиқ итинг бўлайин.
Жаллод бўлиб жонимни олгин,
Фақат юзинг кўриб ўлайин.

Шаббодага айланиб хушбўй,
Сочларингни тарай оламан.
Юлдуз бўлиб, баланд осмондан
Ётоғингга қарай оламан.

Боғ айланиб кўнглинг шод бўлар,
Сочларингга қўнар капалак.
"Маликанинг бахти очилсин”,
Булбул сенга тилайди тилак.

Гуллар сени кўрибоқ, дейди:
"Маликамиз мунча ҳам кўркам”.
Бу боғ менинг қалбимдир, жоним,
Ишонмайсан, ўзим айтсам ҳам.

Маликага ошиқ бўлибман,
Ол, Маликам, қалбим сеники.
Тупроққа тенг гадодирман мен,
Жисминг эмас, исминг меники.

ЖОН БЕРДИМ

Г.га бағишланади

Жононага жон бердим,
Баттол ўлим мот бўлди.
Ҳаста, ночор юрагим
Қўш қанотли от бўлди.

Жононага жон бердим,
Етти осмон паст бўлди.
Саккиз жаннат пойимда
Қуриган чўп - ҳас бўлди.

Жононага жон бердим,
Еру осмон бир бўлди.
Жонни қайга яширдим,
Ажалга ҳам сир бўлди.

Жононага жон бердим,
Жонон бўлди исмим ҳам.
Ва тиллога айланди
Тупроқ тўда жисмим ҳам.

Жононага жон бердим,
Хайр, дедим дунёга.
Томчи эдим шўр, етим,
Етиб бордим дарёга.

БОШЛАНДИ

Яна ёмон кунлар бошланди,
Яна дунё айниган, бадбўй.
Яна дилни ўртар бетиним
Ўлиш керак деган қора ўй.

Яна ёмон кунлар бошланди,
Яна тундман, хаёлга банда.
Тупроқ ости нажот кўринар,
Яшашга жон қолмади жонда.

Яна ёмон кунлар бошланди,
Яна қалбни босиб олди куз,
Бу дунёга нимага, нечун
Келдим деган надомат, афсуз.

Яна ёмон кунлар бошланди,
Дар дақиқа, ҳар лаҳза - ханжар.
Нега келиб жоним олмайди,
Ҳозир қайда юрибди ажал.

Яна ёмон кунлар бошланди,
Душман бўлдим ўзимга ўзим.
Ҳеч нарсани кўрмас, пайқамас
Катта- катта очилган кўзим.

Яна ёмон кунлар бошланди,
Яқинларим, ҳозир қайдасиз?
Нега мени ташлаб қўйдингиз,
Мен ҳақимда қандай ўйдасиз?

Яна ёмон кунлар бошланди…

ДЕГАН

Ўлимни неъмат деган
Ичингдаги аслингдир.
Ўлимни даҳшат деган
Еб тўймаган нафсингдир.

Ўлимни неъмат деган
Дилиндаги Оллоҳдир.
Ўлимни даҳшат деган
Елкангдаги гуноҳдир.

Ўлимни неъмат деган
Қалбингдаги имондир.
Ўлимни даҳшат деган
Бу ноумид шайтондир.

Ўлимни неъмат деган
Дилдаги ишқ – гулингдир.
Ўлимни даҳшат деган
Лайлиси йўқ дилингдир.

ҲАВАС

Тиззангизга бошимни қўйиб,
Кўзингизга боқсам, қанийди.
Сочларингиз тўлқинларида
Тохир бўлиб оқсам, қанийди.

Юзингизга юзимни босиб,
Жоним сиз, деб айтсам, қанийди.
Тун-кечалар қучоғингизга
Қуёш бўлиб ботсам, қанийди.

Меҳрингизнинг наҳру баҳрида
Фароғатга ғарқ бўлсам эди.
Ишқ тилида ёзилган хатман,
Тилингизда шарх бўлсам эди.

Тонг-саҳарлар кўзимни очиб,
Фақат сизни, сизни кўрсайдим.
Ёнингиздан бир қадам жилмай,
Олтмиш эмас, юзни кўрсайдим.

Лекин булар ҳаммаси хавас,
Сиз чамансиз, мен қуриган хас.

ИШҚ

Пойингга тиз чўкарман,
Бундан улуғ тавоб йўқ.
Жаннат эшик очади,
Бундан аъло савоб йўқ.

Висолингга етай деб,
Ер остига кетяпман.
Жон берарда исмингни
Минг бор такрор айтяпман.

Қабрим ичин ёритган
Ойимсан, офтобимсан.
Машҳарда берилажак
Саволга жавобимсан.

Дунё менинг ичимда
Ўзга бир дунё кўрди,
Бўстонидан қувлади,
Саҳрони раво кўрди.

Дунё менинг ичимда
Ишқ деган бир гул кўрди,
Рашки келиб, аямай
Кўксимга ханжар урди.

Сен деб чеккан азобим
Бошга ёққан раҳматдир,
Борлигингни ҳис этиб
Жоним сезган лаззатдир.

Бир гуноҳим ишқ эди,
Кўрдим минг тур жафони.
Жаннатда сийлагайсан
Мендек жони фидони.

Пойингга тиз чўкарман,
Бундан улуғ тавоб йўқ.
Изланг, икки дунёда
Ишқдан аъло офтоб йўқ.

***

Нега бердинг бу жонни,
Уни фақат қийнайсан.
Қафасга қамаб қўйиб,
Қийнаб-қийнаб тўймайсан.

Бу жонга севги гулин
Экиб кўрсин, дедингми.
Сўнг айрилиқ азобин
Чекиб кўрсин, дедингми.

Нега бердинг бу жонни,
Яшатмасдан, ўлдирдинг.
Ҳақ сўз айтиш азоби
Не эканин билдирдинг.

Менга битта жон бериб,
Дард-аламни минг қилдинг.
Қалбим айтиб йиғлайди,
Нега тилим гунг қилдинг.

Жоним куяр, жонимдан
Чидай олмай, жон кетди.
Ўзинг буюрганмидинг,
Нодон унга тош отди.

Нега бердинг бу жонни,
Дўсту душман қийнайди.
Азобимни хуш кўрар,
Бир тортишда сўймайди.

Нега бердинг бу жонни,
Золимга нишон қилдинг.
Ўзинг берган бу жонни
Ўзингга қурбон қилдинг.

ЎЗГА ҲАЁТ БОР

Тушларимга кирар ўликлар,
Бари хурсанд, бари бахтиёр.
Бари менга кулиб қарайди,
Ер остида гўё жаннат бор.

Тушларимга кирар ўликлар,
Бир фикрни айлашар такрор:
Бунда экан ҳаётнинг зўри,
Ер устида юрибмиз бекор.

Тушларимга кирар ўликлар,
Бир нарсага бўламан иқрор:
Балки қора тупроқ остида
Биз билмаган ўзга ҳаёт бор.

Ўликларни кўраман фақат,
Кўринмайди лекин ой, юлдуз.
Қуёшни ҳам кўрмадим, ,бироқ
Ер остида ҳамиша кундуз.

Тушларимга кирар ўликлар,
Гоҳо улар қуш каби учар.
Тиригида душман бўлган ҳам,
Мени кўриб қучоғин очар.

Тушларимга кирар ўликлар,
Бари тирик, ҳаммаси омон.
Бир отанинг боласи каби
Бир бирига аҳил, меҳрибон.

Тушларимга кирар ўликлар,
Тарқалади дилимдан гумон.
Ер остида ўзга ҳаёт бор,
Инсон ўлди деган гап ёлғон.

ХАФАМИ

Г.га бағишланади

Нега дилдор – хафами -
Менга хатлар ёзмайди.
Ёки бағри тошмикан,
Соғинганим билмайди.

Нега дилдор – хафами -
Мени сира эсламас.
Тўрт энлик мактуб ёзиб,
Тирикмисан ҳам демас.

Нега дилдор – хафами -
Аҳволимни билмайди.
Неча ойки, кутаман,
Ёримдан хат келмайди.

Қор ва совуқ зимистон,
Мен томонда қишмикан.
Ёрим иссиқ ёқларга
Учиб кетган қушмикан.

Юзим куйди, лабим шўр,
Кўздан оққан ёшмикан.
Ёрга ёзган хатларим
Сувга тушган тошмикан.

Ёрдан хабар кутаман,
Мени бир ёдга олсин.
Соғинчимни, севгимни,
Худо дилига солсин.

Ёримдан мактуб келса,
Дарё бўлиб тошаман,
Умрим узоқ бўлади,
Яна юз йил яшайман.

Ёримдан мактуб келса,
Тилло топиб оламан,
Ўша кун ўзбекларнинг
Подшоси мен бўламан.

Содда ҳикматлар

1
Туғилдингми йўлинг шу:
Бир кун келиб ўларсан.
Шохликнинг шурти ушбу:
Охир гадо бўларсан.

2

Оллоҳ суйган бандасин
Ҳақ ишига ёр этар.
Мен-чун қурбон қил деб сўнг
Золимга дучор этар.

3

Дўстим кўп деб керилма,
Аслида сен бечора:
Бир келиб хор бўлиш,
Ёлғизликка ишора.

4

Халқим дея куюнсанг,
Мозоринг гулга тўлар.
Қотилинг ҳам шубҳасиз
Шу севган халқинг бўлар.

ЕР УСТИДА

Ер устида чекканинг заҳмат,
Ер оситида шафқат ва раҳмат.

Ер устида сабр ва бардош,
Ер остида ой ҳамда қуёш.

Ер устида Оллоҳдан ҳаё,
Ер остини тўлдирган зиё.

Ер устида мардлик ва ҳиммат,
Ер остида ётиш на роҳат.

Ер устида Ҳаққа бағринг оч,
Ер остида бошга кийин тож.

Ер устида очилса кўзлар,
Ер остида баҳор ва ёзлар.

Ер устида Ҳаққа таваккул,
Ер остида ёринг қизил гул.

ҲОЗИР

Ер устида йўқдирман ҳозир,
Ер остидан изламанг мени,
Осмон эса қулаб тушгандир.

ҲИС ЭТИБ БЎЛДИК

Ўлим – даҳшатини ҳис этиб бўлдик,
Дўзаҳ –азобини ҳис этиб бўлдик,
Жаннат –роҳатини ҳис этиб бўлдик,
Оллоҳ хузурига борурмиз энди.

ЯҚИНЛАШМА

Яқинлашма ёнимга,
Бермагин ҳар-хил савол
"Нечун келдим дунёга”,
Билолмайин ўзим лол.

Яқинлашма ёнимга,
Керак эмас сўз,савол.
Хануз тирик юрганим
Келаяпти кўп малол.

Яқинлашма ёнимага,
Бўлма бунча серсавол.
Дунё сассиқ бир ўра,
Сену мен бунда увол.

Яқинлашма ёнимга,
Бўлолмайман сенга эл.
Ажал бўлсанг мабода,
Секинлама,тезроқ кел.

БОШИМДАГИ ОҒРИҚЛАР

1

Қирқ ёшимда, Оллоҳим
Соғлигимдан айирдинг.
Бургутдайин қуш эдим,
Қанотимни қайирдинг.
Ўғил-қизим хали ёш,
Аёлим жуда кўркам.
Осмонда қуёш порлар,
Менинг эса бошим хам.
Қирқ ёшимда,Оллоҳим,
Касалликка чалиндим.
Йўлбарс эдим мард,қўрқмас,
Қопқонингга илиндим.
Ҳолим кўриб душманим
Лой-балчиққа белади.
Ўлаксахўр итларинг
Ҳар томондан талади.
Дўстларим ташлаб кетди,
Кимга керак хаста бош.
Дўстларим излаб кетди,
Қайда гўшт бор,қайда ош.
Кимдир йўқлаб келарми,
Эшикка кўз тикаман.
Бошга ташвиш келганда
Нега ёлғиз,яккаман.

2

Бошимдаги оғриқлар,
Қайдан келиб қолдингиз.
Жонгинамни минг азоб,
Қийноқларга солдингиз.
Бошимдаги азоблар,
Мунча ёвуз, бешафқат.
Мендан нима истайсиз,
Ўзини оссин(ми) Раҳмат!
Бошимда минг турли дард,
Яшагани қўймайди.
Уч йил бўлди,нега у
Мени қийнаб тўймайди.
Менинг болам,уйим йўқ,
Бошимда бордир оғриқ.
Менинг дўстим, ёрим йўқ,
Бошимда бордир оғриқ.
Бир жойда ётиб қолдим,
Қамоқдаман – қамоқ йўқ.
Тирик эмас, мурдаман,
Тупроқдаман, тупроқ йўқ.

3
Ичим йиғлар,Оллоҳим,
Кўр-чи,кўнглим синиқми?
Инсон деган маҳлуқни
Шарифлиги аниқми?
Ўзинг кўриб турибсан,
Ҳар одими гумон-ку!
Одам эмас буларинг,
Заҳарли бир илон-ку!
Нега золим қўлига
Ханжару қилич бердинг.
Эй Оллоҳим,кўнглимга
Ҳеч кетмас ўкинч бердинг.
Булбулга,эй Оллоҳим,
Туганмас хижрон бердинг.
Қарға,қузғун,зоғларнинг
Лабига хандон бердинг.
Бор, бахтингни топ дея
Жаллод бир замон бердинг!?
Ватан дея не учун
Қоронғу зиндон бердинг!?

4

Бошимга пичоқ санчган
Золимингдир, Оллоҳим.
Моховга қўш қилдилар,
Ҳақ сўз эди гуноҳим.
Бошимдаги оғриқлар
Куйдигувчи бир ўтдир,
Кўнглим осмонидан
Кетмаётган булутдир.
Бошимдаги оғриқлар
Сотқинларнинг ўқидир.
……………………………..
……………………………..
Бошгинамни оғритган
Ватан деган армондир,
…………………………………,
……………Ўзбекистондир.
5
Шеърим – қалбим ноласи,
Эгилмаган бошимсан.
Золимни нишон қилиб
Отган сўнгги тошимсан.
Шеърим – қалбим ноласи,
Менинг сўнгги ўқимсан.
Золимнинг бағри-дилин
Куйдиргувчи чўғимсан
Шеърим – қалбим ноласи,
Қишни қувган баҳор бўл.
Эркка ошиқ кўнгилнинг
Бўйнидаги тумор бўл.
Шеърим – қалбим ноласи,
Кундай юзи ёруғ бўл.
Қарға, қузғун, зоғлардан
Доим баланд, улуғ бўл.
Шеърим – қалбим ноласи,
Тунда ёнган чироқсан.
Халқингга тазим айла,
Пойидаги тупроқсан.

Бошимдаги оғриқлар,
Мунча ёвуз, бешафқат…

Тошкент,Себзор,2007-йил,декабр

СЎРА

Сен мени уясига қайтмаган қушдан сўра,
Остингда ким ётибди (деб) энг оғир тошдан сўра.

Баҳорга бермагин савол, гул фаслим бўлди увол,
Кимга қилич санчдинг деб қаҳратон қишдан сўра.

Мунча ширин экан жон, ҳаққа айладим қурбон,
Сен мени ҳақ сўз айтиб, узилган бошдан сўра.

Манзилим дашту бало, ошиққа қийноқ раво,
Руҳингга ваҳм солган даҳшатли тушдан сўра.

ЎЗБЕКНИНГ ШОИРЛАРИ

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқ ёшда отилади.
Отилмаса, нон дея
Золимга сотилади.

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқ йил яшайди, холос.
Қирқ ёшида ўлмаса,
Ёлғонга қўяр ихлос.

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқ ёшида ўлади.
Ўлмай қолса, ё ҳаммол,
Ё амалдор бўлади.

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқ йил умр кўрар, бас.
Қирқ ёшда омон қолса,
"Вой, халқим”, деб йиғламас.

Чин шоирнинг қирқида
Ётар жойи гўр бўлар.
Қирқда ўлим топмаса,
Икки кўзи кўр бўлар.

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқида қўксин тилар.
Қирқида ўлмаганлар
Халқига туҳмат қилар.

Ўзбекнинг шоирлари
Қирқ ёшда отилади.
Отилмаса, сотқиндек
Бир пулга сотилади.

http://yangidunyo.com/?p=14442
Категория: ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ | Просмотров: 1620 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024
ҚИДИРИШ

Бесплатный хостинг uCoz