ЕХҲТ Бишкек билан музокараларни давом эттиради Сўнгги
икки ой ичида Ўш ва Бишкек шаҳарларида маҳаллий расмийлар қўлловида
ЕХҲТ полиция кучларининг Қирғизистонга киритилишига қарши бир неча
норозилик акцияси уюштирилди. 02.09.2010 Элмурод Европада
хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти полициясини Қирғизистонга киритиш
юзасидан меморандумни имзолаш жараёни номаълум муддатга қолдирилди.
Маълумотларда айтилишича, ЕХҲТ ва Қирғизистон расмийлари халқаро полиция
мандати масаласида ягона фикрга кела олмаётганлари бунинг асосий
сабабидир. Қирғизистон президенти
матбуот котиби Авланбек Жумабоевнинг Озодлик радиосига айтишича, халқаро
полиция кучлари киритилиши тўғрисидаги меморандумни имзолаш жараёнининг
ортга сурилиши тарафларнинг айрим масалаларда муросага кела олмаётгани
билан боғлиқ.
- Ҳозирги кунда бу борадаги консултатив сўзлашувлар
ниҳоясига етгани йўқ. Қирғизистон қачонки ўз манфаатларига тўғри
келсагина, меморандумни имзолайди. Айни пайтда Қирғизистон ЕХҲТ
котибияти томонидан таклиф қилинаётган меморандум лойиҳасига қарши
чиқмоқда. Халқаро полиция гуруҳининг ҳозирлик муддати бўйича ҳам
Қирғизистоннинг ўз позицияси бор. Бундан ташқари, меморандумнинг бошқа
моддалари бўйича ҳам қарама-қарши фикрлар бор. Шунинг учун ҳам уни
имзолаш кечикмоқда, - деди Авланбек Жумабоев.
Хавфсизлик соҳаси
бўйича маҳаллий таҳлилчилар эса халқаро полиция тўғрисидаги
меморандумнинг имзоланиши сиёсий сабабларга кўра кечиктирилаяпти, деб
ҳисоблайдилар. Уларнинг айтишларича, республиканинг турли ҳудудларида
ЕХҲТ полицияси киритилишига қарши намойишлар ўтказилгани бунинг биринчи
сабабидир. Иккинчидан эса, миллатчи эканини матбуот орқали очиқ
билдирганидан сўнг мамлакат жанубида нуфузи ошиб бораётган Ўш шаҳар мэри
Мелис Мирзақматов ҳукуматнинг халқаро полиция тўғрисидаги қарорларини
тан олмаслигини эълон қилган.
Шундан сўнг Қирғизистон ҳукумати Ўш мэрини лавозимидан бўшатишга ҳаракат қилди, аммо бу уриниш муваффақиятсиз якунланди.
Қирғизистон
хавфсизлик кенгашининг собиқ раиси Алик Ўрўзов фикрича, бу воқеалар
мамлакатдаги сиёсий вазиятни мураккаблаштириб юборди:
-
Меморандумнинг имзоланиши билан боғлиқ вазият Ўш мэри Мирзақматовнинг
позицияси билан ҳам боғлиқ. У мамлакат жанубида хон бўлиб олиб, "менинг
рухсатимсиз бу ерга биронта полициячи киритилмайди”, деб эълон қилаяпти.
Иккинчидан, парламент сайловлари яқинлашаяпти. Полициячиларнинг
киритилиши Қирғизистон учун қанчалик муҳим бўлмасин, бу ишни сиёсий
қарама-қаршилик авжига чиқадиган сайлов палласида амалга ошириб
бўлмайди. Менимча, Қирғизистоннинг бундай позициясини ЕХҲТ ҳам тушуниш
билан қабул қилади, - дейди Алик Ўрўзов.
Айни пайтда ЕХҲТнинг
расмий вакили Виржиния Куллудон Озодлик радиосига берган суҳбати чоғида
халқаро полиция гуруҳи ҳозирча Қирғизистонга жўнатилмаслигини
тасдиқлади. Виржиния Куллудон Қирғизистондаги вазият қалтислиги туфайли
ЕХҲТ халқаро полиция кучларини мамлакатга киритиш борасида расмий Бишкек
билан олиб борилаётган музокараларни тўхтатмаслигини ҳам айтиб ўтди.
ЕХҲТ
Қирғизистон ҳукумати илтимосига биноан 52 полициячи сентябр ойида
мамлакат жанубига жўнатилиши ҳақида билдирган эди. Бу борадаги
меморандумнинг эса август ойи якунида имзоланиши кутилаётган эди.
|