Ўш шаҳар маҳкамаси уч кишини июн ойида кечган зўравонликларга алоқадорлик айблари билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этган.
Учовлон "оммавий тартибсизлик пайтида миллатлараро адоват ва безорилик, шафкатсизлик билан тўрт инсонни ўлдиришда" айбланган.
Айбланувчилардан бирининг ҳимоячиси Тоҳир Асановнинг айтишича, маҳкама ўз қарорида тергов давомида гумон қилинганлардан босим остида олинган кўрсатмаларга асосланиб ҳукм чиқарган.
Ҳукм этилганлар Дуйшон Мадатов, Исламиддин Айдаралиев ва Танзила Маматовалар, ҳимоячига кўра, бошпанасиз инсонлардир.
Унинг айтишича, қурбонлар ҳам бошпанасиз кишилар бўлиб, шаҳардаги Алишер Навоий истироҳат боғида кун кечириб келишган.
Айни маҳкама иши борасида Би-би-си мухбири кўпроқ аниқ маълумотлар олишга ҳаракат қилган.
Аммо мухбиримизга кўра, ҳимоячи ва бошқа мутасаддилар бу масалада очиқ гапиришга ботинмаганлар.
Номини сир тутишни сўраган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири, айни маҳкама жараёнлари "хўжакўрсинга" ўтказилаётгани, зўравонликларда қатнашганлар ҳамон озод юришганини айтган.
Қирғизистон жанубида июн ойида рўй берган этник зўравонликларда юзлаб инсонлар қурбон бўлгани айтилади.
Минглаб уй-жойларга ўт қўйилган.
Қурбонлар, жабрланганлар ва уй ёқиб юборилган инсонларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб эканлиги айтилади.
Зўравонликларда айбланиб маҳкама тортилаётганларнинг ҳам кўпчилиги ўзбеклардир.
Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, мазкур маҳкама жараёнларини адолатсиз дея қаттиқ танқид остига олишган.
Маҳкамага тортилган шахсларнинг қариндош-уруғлари ўз яқинларининг қийноқлар натижасида ўзларига қўйилган айбларга иқрор бўлишаётганини даъво қилишган.
Ҳибсга олинганларга нисбатан қийноқ қўллангани ҳақидаги хабарлардан халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари хавотирда экани айтилади.
Хабарларга кўра, бугунги кунда Жалолобод ва Ўшда минглаб асосан ўзбек миллатига мансуб оилалар муваққат бошпаналарда жон сақламоқда.