2010 йили июн ойида Қирғизистон жанубида рўй берган этник зўравонликларни текшириш юзасидан тайинланган ҳукумат комиссияси ўз хулосаларини эълон қилди.
Бишкекда бўлиб ўтган матбуот нажуманида Комиссия раиси Абдиғани Эркабоев муваққат ҳукумат "этник тўқнашувлар келиб чиқиши эҳтимоли ҳақидаги огоҳлантиришларни жиддий қабул қилмаган," деб айтган.
"Этник тўқнашувларни на қирғиз ва на ўзбек халқи, "балки радикал қарашлардаги шахслар, жумладан Қодиржон Ботиров каби раҳбарлар келтриб чиқарганлар," деб айтган Абдиғани Эркабоев.
Ҳукумат комиссияси маълумотларига кўра, этник тўқнашувлар оқибатида 426 одам ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлардан 381 нафарининг шахси аниқланган, қолган қурбонларни аниқлаш ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда.
Қирғизистондаги ўзбек жамоаси раҳбарларидан бири Қодиржон Ботиров ўтган йил октябр ойида интернет нашриялари орқали чиқиш қилиб, мамлакат жанубида этник можаронинг келиб чиқишида муваққат ҳукумат раҳбарларини айблаган эди.
Қирғизистон жанубидаги ҳодисалар юзасидан ҳозирда халқаро комиссия ҳам ўз ишини олиб бормоқда ва январ ойининг охирларига бориб, ўз хулосаларини маълум қилиши кутилмоқда.
Халқаро ташкилотлар ва Қирғизистоннинг ноҳукумат ташкилотлари қирғиз жанубидаги хунрезликларда асосан ўзбек аҳоли қурбон бўлгани, ҳусусан, ўлдирилган ва уйи ёқилган инсонлар асосан ўзбеклар эканини қайд қилишган.
Ўз мустақил терговларини олиб борган Human Rights Watch ва Amnesty International муваққат ҳукуматнинг хунрезликларга алоқаси текширилишига чақиришганди.
Улар, хусусан, ҳуқуқ-тартибот органлари ва армия қонли воқеаларни нима учун тўхтата олмагани ва БТРлар каби оғир қуролларнинг қандай қилиб ҳужумчилар қўлига тушиб қолгани текширилиши кераклигини айтганлар.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/central_asia/2011/01/110111_cy_kyrgyz_commission.shtml