Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф Эрк партиясининг аъзоси, ҳамда партия раиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси Рашид Бекжон озод этилишига бир неча кун қолганда Навоий шаҳридаги қамоқхона карцерига ташланган.
Рашид Бекжон 12 йилдан бери панжара ортида сақланади. У 1999 йил февралида Тошкентда юз берган портлашлардан кўп ўтмай ҳибсга олинганди.
Тошкент портлашларини уюштиришда исломий экстремистлар ва Эрк партияси айбланганди.
Рашид Бекжоннинг рафиқаси 1 феврал куни Навоийдаги колонияга турмуш ўртоғини кўришга келганида, у "ички қоидаларни бузган"ликда айбланиб, карцерга ташлангани маълум қилинган.
Эрк партияси фаолларига кўра, бу билан Ўзбекистон ҳукумати таниқли сиёсий маҳбусни озодликка чиқариш нияти йўқлигини кўрсатмоқчи.
"Икки ҳафтадан сўнг чиқади деб фарзандлари, оиласи жуда ҳам қувониб юришганди," - дейди Тошкентдаги норасмий "Мазлум" инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотининг ижроий директори Дилором Исҳоқова.
Тошкентдаги портлашлар ортидан Ўзбекистон мухолифатининг лидери Муҳаммад Солиҳнинг уч укаси қамоққа олинганди.
Рашид Бекжондан ташқари Муҳаммад Бекжон Украинада ҳибсга олинган ва Ўзбекистонга топширилган, ундан аввалроқ Комил Бекжон Хоразмда қўлга олинганди. Ҳозирда Рашид ва Муҳаммад Бекжонлар тутқунликда қолишмоқда.
Рашид Бекжоннинг саломатлиги ўта абгорлиги хабар қилинган.
Би-би-си билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳ укасининг қисмати бутун халқ фожиасидан бир парча эканини айтди.
"Бу нарсани аввалдан қўрқиб кутаётгандик. Афсуски кутганимиздек бўлди. Каримов режими ўзига мухолифларга қарши шафқатсизлик билан курашаяпти. Бу бизнинг оилавий фожиамиз бутун Ўзбекистон халқи фожиасидан бир парча. Аммо дунё ўзгараяпти. Мана 30 йил мамлакатни бошқарган Миср президенти ҳокимиятдан кетишга ваъда берди. Умид қиламизки, Миср ва Тунисдаги каби воқеалар Ўзбекистонда ҳам такрорланади," - дейди Муҳаммад Солиҳ.
Дилором Исҳокованинг айтишича, Муҳаммад Солиҳнинг оиласи Ўзбекистонда таъқиб қилинишда давом этмоқда.
"Мен Муҳаммад Солиҳнинг бир жияни билан кўришдим. Ҳеч қаерга ишга жойлаша олмай юрибди. У Муҳаммад Солиҳнинг қиз жияни. Университетни аъло баҳо билан битирганига қарамай, ҳеч қаерга ишга олишмайди. Муҳаммад Солиҳга тегишли бўлган ҳамма инсонларнинг ҳаёти мана шу тарзда кечаяпти," - дейди Исҳоқова хоним.
http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/02/110202_rashid_bekjon.shtml