Прагада ўзбеклар сутенер билан фоҳишани ўлдиришда айбланишди Uznews.net
– Ўзбекистон фуқароси Соҳиббек Йўлдошбоев иккита шахсга нисбатан ўта
машъум қотиллик қилганликда айбланиб Чехия суди томонидан умрбод жазога,
унинг қолган уч нафар шериги 16 дан 23 йил қамоққа ҳукм қилинди, дея
хабар беради бугун чех матбуоти.
Чехияда чиқадиган "Dnes” газетасининг бугун ёзишича, 2 феврал куни Чехия
Олий суди 2010 йилнинг мартида Прага судининг тўрт нафар Ўзбекистон
фуқароси устидан чиқарган айблов ҳукмини ўз кучида қолдирди.
Бухоролик бир гуруҳ эркаклар 2008 йилнинг февралида Прагада украиналик
фоҳиша ва унинг сутенерини ўта шафқатсиз тарзда ўлдиришда айбланишган.
Соҳиббек Йўлдошбоев умрбод жазога, Наимжон Алимов 21 йил, Ҳусниддин Шодиев 23 ва Акмал Жабборов 16 йил қамоққа ҳукм қилинишди.
"Озодлик” радиосига берган интервьюсида, Прага шаҳар суди вакили Мартина
Лхотакова, қотиллик ўта ваҳшийлик билан қилингани ва суд
айбланувчиларни жамият учун хавфли одамлар дея ҳисоблаётганини билдирди.
Маълум бўлишича, бухоролик бу йигитлар сутенердан пул ундирмоқчи
бўлишган. Мақсади ҳосил бўлмагач, Йўлдошбоев эркакни пичоқ билан
бўғизлаб ўлдирган, унинг ёнидаги фоҳишани эса зўрлаган ва бошига
целлофан пакет солиб бўғган.
Судда кўрсатма берган экспертларга кўра, қиз оғир ўлим топган, чунки у
10 минут давомида ўлим билан олишган. Кейин тўрт нафар ўзбекистонлик
мурдаларни ёқишган.
Қотиллик Чехия бўйлаб овоза бўлди, аксарият чехлар жиноятчиларнинг
совуққонлиги ва ёвузлигидан ларзага келишди. Бу иш юзасидан суриштирувни
чех матбуоти кузатиб борди, Олий суд қарори телевидение орқали олиб
кўрсатилди.
Uznews.net
|