February 28th, 2011 Ёдгор Обид Нафиса
Ўш вилоятининг Аравон туманида яшаган 28 ёшли Нафиса Алижонова қирғиз
миллатчилари томонидан ўғирлаб кетилган ва орадан бир неча кун ўтгач
унинг жасади топилган эди. Уйда эса унинг олти ойлик мурғак қизчаси
йиғлаб қолди.
Айни пайтда Австрияда яшовчи таниқли ўзбек шоири Ёдгор Обид қаламига
мансуб ушбу шеърни Фасебокдаги саҳифаси орқали тарқатган инсон
ҳуқуқлари фаоли Надежда Атаевага ўз миннаддорчилигимизни билдирамиз.
Таҳририят.
****
Бир сўз айтай дейман. Тополмайман сўз.
Кўрганим- даҳшатдир. Титрайди вужуд.
Кўриб-кўролмайман. Алам қотган кўз.
Ваҳшийлик шунчалар билмасми ҳудуд…
Қабрлар қошида эгилган бошим.
Руҳингиз-руҳимда. Чекадир фарёд.
Тасаввур қиламан. Етмас бардошим.
Энди сиз- шаҳидсиз. Мен эса- ҳаёт…
Асраб қололмадим, кечир, сингилжон,
Кечиринг, оналар, болажонларим.
Гуноҳкор- ўзимман. Юрак- бағир қон.
Виждоним ўртаниб ўтар онларим…
Асли ваҳшийликнинг бўлмас миллати,
Ёвуз тўдаларга бордир интиқом.
Сизни хўрлаганлар тортгай кулфатин,
Ёдингиз унутсак – умрлар ҳаром.
www.yangidunyo.com
|