Вторник, 24-05-14, 01:15

Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир.

ҲИМОЯЧИ

ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ЖАМИЯТИ
O'ZBEKCHA  РУССКИЙ   ENGLISH   SVENSKA    AF SOMALI    العربيه
МАНЗИЛИМИЗ Бош саҳифа Рўйхатдан ўтиш КИРИШ
САЛОМНОМА, Гость · RSS
Б Ў Л И М Л А Р
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ [284]
ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ ХАЁТИДАН ЛАВХАЛАР [72]
ҲУҚУҚ ХИМОЯЧИЛАРИ ЁЗИШМОҚДА [211]
ИСЛОМ ВА МУСУЛМОНЛАР [183]
ШЕРИЯТ ГУЛШАНИ [85]
СОBРИНДОРЛАР [11]
ЭЪЛОНЛАР [16]
ОЧИҚ ХАТЛАР [24]
БАЁНОТЛАР [21]
МАХБУСЛАР ХАЁТИДАН [51]
МУХОЖИРЛАР ХАЁТИДАН [127]
АДАБИЁТ ВА САНЪАТ [18]
СИЁСАТ [73]
ТАРИХ [15]
ВИДЕОЛАВХАЛАР [27]
ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИ [2]
ЖУРНАЛИСТЛАР ХАЁТИДАН [49]
АМАЛДОРЛАР ХАЁТИДАН [31]
МУРОЖААТНОМАЛАР [29]
НОРОЗИЛИК НАМОИШЛАРИ [37]
БОЛАЛАР МЕХНАТИ [10]
ХАЛОКАТЛАР [12]
ЙИҒИЛИШЛАР [12]
ТАРИХИЙ ШАХСЛАР [11]
С П О Р Т [13]
ТАБОБАТ ХАЗИНАСИДАН [25]
РАДДИЯЛАР [6]
ТАЗИЯНОМАЛАР [9]
Д У Н Ё Х А Б А Р Л А Р И [139]
Қ И Й Н О Қ Л А Р [25]
АДВОКАТЛАР ХАЁТИДАН [6]
БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА [78]
ҒАЙРИДИНЛАР ХАЁТИДАН [0]
ЭШИТТИРИШЛАР [31]
ДИНИЙ МАРУЗАЛАР [15]
СУД, ПРОК, МИЛИЦИЯ [18]
ФАХШ ИШЛАР [16]
ЭКСПЕРТЛАР ХУЛОСАСИ [1]
Қ И Р Ғ И З И С Т О Н [177]
Б Б С Мехмонлари [22]
Қ О З О Ғ И С Т О Н [5]
МАЖБУРИЙ МЕХНАТ [2]
Т О Ж И К И С Т О Н [20]
Р О С С И Я [22]
ЖАЗОГА ХУКМ ҚИЛИНГАН [9]
Ў З Б Е К И С Т О Н [74]
Ш В Е Ц И Я [0]
МУХИДДИН ҚЎҚОНДИЙ ШАХСИЙ САХИФАСИ [4]





АЛЛОҲНИНГ  ГЎЗАЛ  ИСМЛАРИ

ШАЙХ МУХАММАД СОДИҚ МУХАММАД ЮСУФ ХАЗРАТЛАРИНИНГ МАРУЗАЛАРИ

Х А Л Қ И М

Б Е Н А М О З

КАРИМОВНИНГ ХАБАРИ ЙЎҚ

ЎЗБЕКИСТОН БОЛАЛАРИ

ЖАННАТДАГИ КУНДОШИМ

Pepsi ва Coca-Cola ХАРОММИ ?

Би-би-си мехмони Швециялик муҳожир

Е-322 МОДДАСИ

"МХХ билан келишув амалга ошмади"

Фан ҳижобнинг фойдали эканлигини тасдиқлади

"Гуноҳим рўмол ўраганимми?”

Эр - хотин кишининг ярим пири..?

Погон таққан
қиз ўғрилари

ТАШАККУРНОМА

Террорчилик - Ғарб маҳсули

Гегемонлик васвасаси

Ўзбекистонга   қайтган
аëл  қамоққа  олинди


Каримов ғарбни ўйинчоқ қилмоқда

Имомлардан маломатларни кўтариш

АҚШ элчиси Каримовни қизлари хақида айтганлари


 
Главная » 2011 » Март » 9 » СОФ ВА СОДДА ИСЛОМГА ДАЪВАТ - 4
12:11
СОФ ВА СОДДА ИСЛОМГА ДАЪВАТ - 4
ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ
ИСЛОМ ДИНИНИНГ ИБОДАТЛАРИ
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин, пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)га, у зотнинг саҳобаларига ва қиёматгача У зотнинг йўлидан юрадиган мўмин мусулмонларга салом ва салот бўлсин!

 "Мен жинларни ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилсинлар, дея яратдим” (Зориёт сураси 56)

"Осмонлар ва ердагилар Унга тасбеҳ айтадилар (Унинг Зотининг поклигини ва шаънининг буюклигини айтадилар ва эътироф қиладилар). У Азиз ва Ҳакийм бўлган Зотдир” (Ҳадид сураси 1)


Бу муҳкам оятлардан маълум бўлгани каби, еру кўкдаги барча махлуқотлар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтадилар. Яъни  Унинг Зотининг поклигини ва шаънининг буюклигини айтадилар ва эътироф қиладилар. Зориёт сурасининг 56 ояти эса Аллоҳ таоло жинлар ва инсонларни фақатгина Ўзига ибодат қилиш учун яратганини очиқ-ойдин изҳор қилмоқдадир. Демак, инсонларнинг бу дунё ҳаётида мақсадсиз ёки бўлмаса ўз билганларича яшаш ҳуқуқлари йўқдир. Бу инсонлар истасларда ёки истамасаларда Аллоҳ таолога ибодат қилишга мажбурланиши керак, деган маънони билдирмайди. Чунки инсонлар нисбий ирода билан яратилган ва улардан баъзиларининг залолатда бўлишлари илоҳий ҳақиқатдир. Аллоҳ таолога имон келтириб, ҳаётини Парвардигоримизга ибодат билан ўтказадиган мўмин бандаларга жаннат ваъда қилингандир. Ҳақ йўлдан воз кечиб, умрини шайтоний йўлларга эргашиш билан ўтказадиганларнинг жойи эса шубҳасиз жаҳаннамдир.
Ислом динида ўрин олган ибодатлар ҳақида баҳс юритар экан, аввало инсоннинг фитрати (табиати) ва ибодатларнинг моҳияти нимадан иборат, деган саволга жавоб берилиши керак. Чунки Аллоҳ таолога ибодат қилиш инсонлар учун фитрий заруратдир. Бунинг маъноси Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг зурриётларидан аввал бошданоқ сўз олган эди:
"Парвардигорингиз Одам ўғилларининг умуртқа поғонасидан зурриётларини олиб, улар қиёмат кунида "Биз бундан хабарсиз эдик”, демасликлари учун ўзларини ўзларига қарши гувоҳ қилиб: "Мен сизнинг Роббингиз эмасманми”, деганида, улар "Албатта, Сен бизнинг Роббимизсан, биз бунга шоҳидмиз”, дея давоб берган эдилар” (Аъроф сураси 172)
Демак, инсонларнинг Аллоҳ таолога имон келтиришлари уларнинг фитратида бор, яъни улар учун табиий бир эҳтиёждир. Худди чанқаганда сув ичиш, қорни оч қолганда таом ейиш табиий бир эҳтиёж бўлгани каби. Инсоннинг бундай эҳтиёжлари зоҳиран билинадиган ва кўринадиган эҳтиёжлардир. Аммо инсоннинг шундай эҳтиёжлари борки, улар зоҳиран маълум бўлмайди, улар ўз-ўзидан ерига келтирилади. Бунга мисол нафас олиш, юракнинг уриб туриши каби эҳтиёжлардир. Аллоҳ таолога ибодат қилиш истаги инсонларда мана шундай ботиний эҳтиёждир. Маълумки инсон вужуди юракнинг уриши билан ҳаётини давом эттира олади. Юрак уриб турар экан, вужудга қон оқиши давом этади ва бу орқали бутун органларнинг яшаши учун зурур бўлган кислород ва турли озуқалар уларга етказиб берилади. Худди шундай ибодат қилиш билан инсоннинг қалби ўз "озиғини” олади ва бу орқали ўзининг фитрий ҳолатини қўрийди. Инсон қалбининг фитрий ҳолати, дейилганда унда Аллоҳ таолога имоннинг ўрин олиши, қалбнинг меҳрибонлик, севги, шафқат, ихлос, яхши амалларга ташна бўлиш, ёмон амаллар қилинганда эса изтиробда қолиш каби хусусиятлар билан тўлиши назарда тутилади. Бунинг акси эса қалбнинг қаттиқлашиши ёки ўлишидир. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилади:
"Шундан кейин қалбларингиз қаттиқ ҳолга келди. Тошдан ҳам, балки унданда қаттиқроқ ҳолга келди. Ҳолбуки баъзи тошлардан ирмоқлар отилади. Баъзиларидан эса ёрилганда сув чиқади. Тошлардан баъзилари Аллоҳ қўрқусидан пастга қулайди. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабарсиз эмасдир” (Бақара сураси 74)
Қуръони Каримнинг бу оятларида таъриф этилганлар ҳақида халқимиз "бағри тош” инсонлар ҳам, дейди. Бунга сабаб уларнинг ҳақиқатан ҳам бағри тош, меҳрсиз, севги-муҳаббатсиз, шафқатсиз, ёмонлик қилишдан қайтмайдиган ва гуноҳ ишлар қилишдан уялмайдиган, тавба-тазаррудан узоқ кишилар бўлганликлари учундир. Уларнинг бундай аянчли ҳолга тушишларининг сабаби эса ўз ихтиёрлари билан фитратларини (табиийликларини) ёпиб қўйишга уринишларидир. Бундай уринишдан қайтмайдиганларни Аллоҳ таоло залолатга юошлайди. Бунга куфрга кетиш ҳам, дейилади. Араб тилида "кафаро” феъли бирон нарсанинг устини ёпиб, бекитиб қўйишни билдиради. Аҳли куфрлар эса Аллоҳга имон келтиришни рад қилиш билан ўзларидаги фитратнинг устини ёпиб, бекитиб қўядилар. Натижада уларнинг қалблари кўр бўлади, тош каби қаттиқ ҳолга келади ва охир оқибат қалблари ўрнида фақатгина вужуд органларига қон етиштириб берадиган гўшт парчасигина қолади...
"Улар ер юзида саёҳат қилганларида эди, тушунадиган қалбларга ва эшитадиган қулоқларга эга бўлур эдилар. Шубҳасиз, кўзлар эмас, кўкраклардаги қалблар кўр бўладилар” (Ҳаж сураси 46)
Демак, имон билан тўла қалб тирик ва кўрадиган қалбдир, имондан маҳрум қолган қалб эса тошданда қаттиқ, яъни ўлик ва кўрмайдиган қалбдир. Имонли қалбга эга кишилар Парвардигорларига ибодат ва итоатни табиий ҳолда амалга оширадилар. Яъни, улар бу ишни истак ва севги билан, ҳеч қийналмасдан амалга оширадилар. Улар Аллоҳга ибодат ва итоат қилмасдан ҳаёт кечира олмайдилар. Масалан, намозхон бир киши бирор сабаб билан намоз ўқишдан маҳрум бўлиб қолса, дарров юраги безовта бўлади, ўзини қўярга жой топа олмай қолади, изтироб чекади ва намоз ўқиши билан хотиржам ҳолга келиб, Аллоҳ таолога шукрлар айтади. Фақат шуни унутмаслик керакки, Исломда ибодат, дейилганда фақатгина намоз ўқиш, закот бериш, рамозон ойида рўза тутиш, ҳажга бориш каби махсус ибодат шакллари тушунилмайди. Аллоҳ ризоси учун (яъни ихлос билан) Қуръони Карим ва Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг Суннатларига мос равишда амалга оширадиган бутун ишлар ибодат ўрнида кўрилади. Маълум бўлгани каби инсоннинг фаолияти унинг қалбидаги холис ёки шум нияти, меҳр-муҳаббати ёки нафрати, нафсининг гўзал ёки қабиҳ  истаги, ақлининг яхши ёки ёмон режаси билан бошланади. Мўмин кишининг ибодати ҳам мана шу тарзда қалбидаги холис нияти, Аллоҳ учун бирон нарсани ёки инсонни севиши ёки севмаслиги, нафсининг гўзал истаклари, ақлининг яхши режаси ва қарорлари  билан бошланади. Ислом динидаги ибодатлар хусусий ибодатлар ва муомалатлар, дея иккига айрилади. Хусусий ибодатлар ҳар бир кишига фарз бўлиб, уларни мўминлардан ҳар бири шахсан амалга оширишлари керак бўлади. Бундай ибодатларга фарзи айн ибодатлар ҳам дейилади. Бу Исломнинг шартлари ҳисобланадиган намоз ўқиш, закот бериш, рамозон ойида рўза тутиш ва ҳажга бориш каби ибодатлардир. Мумолатлар эса Исломнинг ижтимоий ҳаётга оид қоидалари бўлиб, улар мусулмонларнинг ҳаётидаги сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа ижтимоий соҳалардаги исломий қоидалардан ташкил топади.
НАМОЗ ЎҚИШ ИБОДАТИ
Намоз ўқиш банданинг Аллоҳ таоло билан мулоқот қилишини билдиради. Албатта, бундай дейишдан мақсад Аллоҳ таолонинг пайғамбарларга ваҳий юбориш орқали қилган мулоқоти эмасдир. Аммо Ислом эътиқодига кўра мусулмонлар Парвардигорларига дуо-илтижо қилганларида Аллоҳ таоло уларнинг муножаатини эшитади ва уларни жавобсиз қолдирмайди. Мана шу мақсадда Аллоҳ таоло бутун пайғамбарларига ва бу пайғамбарларга эргашган умматларга намоз ўқишни фарз қилгандир.  
"Намозни тўкис адо этинг, закот беринг ва руку қилгувчилар билан рукуъ қилинг” (Бақара сураси 43)
"Сабр ва намоз ўқиш билан (Аллоҳдан) ёрдам сўранг...” (Бақара сураси 45)
 "Эй Марям! Роббингга ибодатда бардавом бўл, сажда ва руку қил” (Оли имрон сураси 43)

Ислом келишидан олдин Макка мушрикларининг Байтуллоҳда намозга ўхшаш ибодатлари мавжуд эди:
"Уларнинг (мушрикларнинг) Байтуллоҳдаги намозлари ҳуштак чалиш ва қарсакдан иборат эди. Бас, куфрингиз туфайли азобни татиб кўринг” (Анфол сураси 35)  
Қуръони Карим оятларининг нозил бўлиши билан Муҳаммад (сав)нинг илк ибодатлари намоз ўқишдан иборат бўлганди. Гарчи кунда беш вақт намоз ўқиш Исро ва Меърож вақтида фарз қилинган бўлсада, Исломнинг бошланиши билан бу ибодатнинг мавжуд бўлганлиги бир ҳақиқатдир. Чунки мусулмонлар фақат эътиқодлари билан эмас, ибодатлари билан ҳам мушриклардан ажралиб туришлари Исломнинг талабларидан бири эди:    
"Унга (Аллоҳнинг розилигига) қайтгувчилар ва тақводорлар сифатида намоз ўқингизлар ва мушриклардан бўлмангиз” (Рум сураси 31)
"Агар (мушриклар) тавба қилсалар, намозни тўлиқ адо этсалар, закотни берсалар йўлларига қўйиб юборинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир” (Тавба сураси 5)
"Агар (мушриклар) тавба қилсалар, намозни тўлиқ адо этсалар, закотни берсалар улар сизнинг диндаги оға-иниларингиздир. Биладиган қавм учун оятларимизни батафсил баён қилурмиз” (Тавба сураси 11)

Ислом дини ибодатнинг фақат Аллоҳ таолога қилиниши қоидасига асослангандир. Бу маънода намоз ўқишни зоҳиран ҳамда ботинан банданинг Аллоҳ таолога муножаати, интилиши, сиғиниши, дуоси, таваккал қилиши, дея аташ мумкиндир. Қуръони Каримда мўминларнинг асосий ибодати ҳисобланадиган намознинг амалий фойдалари ҳам марҳамат қилинади:
 "Сизга Китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни тўкис адо этинг. Чунки намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳни зикр қилиш энг буюк ишдир. ” (Анкабут сураси 45)
"Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир қисмида намозни тўкис адо этинг. Албатта, яхшиликлар (яъни намоз ўқиш ва Исломдаги бошқа ибодатлар) ёмонликларни кетказади. Бу хотирловчиларга бир эслатмадир” (Ҳуд сураси 14)
Яна бу ҳақда Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг ҳадиси шарифларида шундай дейилади:
"Агар сизлардан бирингизнинг уйининг ёнидан бир дарё оқиб ўтса ва бу киши у дарёда ҳар куни беш марта чўмиладиган бўлса, бу инсоннинг вужудида кир қоладими? Саҳаболар: "Йўқ, бу инсоннинг вужудида кир қолмайди”, дедилар. Пайғамбаримиз: Ҳар куни беш вақт намоз ўқиш ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ таоло у орқали хатоларни ўчиради, дедилар” (Имом Бухорий ривояти)
Қуръони Каримнинг бу оятлари ва пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифлари Исломга имон келтирган кишилар учун ҳар куни беш вақт намоз ўқишнинг фарзлигига далилдир. Зеро, Исломнинг асосий маъноси Аллоҳ таолонинг иродасига таслим бўлишдир. Исломнинг яна бир маъноси бўлган тинчликга ҳар шахс ва ҳар бир жамият Аллоҳга  таслим бўлиш орқали эришиши мумкин. Акс ҳолда на инсонлар ўзларининг нафсларида на да жамиятларида тинчлик-хотиржамлик ўрната олмайдилар. Бу маънода намоз ўқиш орқали мўминлар Аллоҳ таолонинг иродасига таслим бўлганликларини ва бу орқали ўз нафси билан ярашганликлари билдирган бўладилар. Чунки намоз ўқийдиган киши бу ибодат орқали имонини чиниқтиради, ақли ва руҳини уларни чалғитадиган дунёвий муаммолардан узоқлаштиради, нафсининг ноўрин истакларини жиловлайди. Шунинг учун ҳам намоз ўқийдиган кишилар ёмонликнинг барча турларидан узоқ турадилар. Яъни, улар ёлғон гапирмайдилар, бировларга зулм қилмайдилар, инсонлар орасидан фитна-фасод чиқармайдилар.
Қуръони Карим ва саҳиҳ ҳадислар бутун ибодатларни амалга ошириш учун ихлос, эҳсон, хушу, тақво каби маънавий талабларни ўртага қўйгандир. Намоз ўқиш зоҳирий, яъни вужуд билан амалга оширалидиган ибодат ҳисоблансада, бу ибодатни амалга ошириш учун юқоридаги маънавий қоидаларга амал қилиш шартдир:
"Шубҳасиз, мўминлар нажотга эриш(а)дилар. Улар намозларида хушу ичидадирлар...” (Мўминун сураси 2)
Хушу севги, умид, тавозе ва қўрқувнинг бир орада жамланишидир. Бошқача айтадиган бўлсак, хушу намозхон кишининг Аллоҳ таоло ҳузурида Парвардигорига ярашадиган даражада одоб билан туриши, бу ибодат асносида Аллоҳ таолага севгисини изҳор қилиши, тавозесини кўрсатиши, Павардигорининг ёрдамидан умидвор эканлигини билдириши ва Унинг азобидан қўрқишини изҳор қилиши, демакдир. Бундай маънавий чўққидан узоқлашган ҳолда, ибодатини Аллоҳ розилиги учун эмас, нафсининг манфаати учун ёки инсонлар орасида намозхон бўлиб кўриниш мақсадида хўжакўрсинга ўқийдиган кимсалар ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилади:
"Вой у намозхонларнинг ҳолига ки, улар намозларини унутадилар (яъни намоз ўқиганлари билан унинг маъносидан бехабарлар). Улар риёкордирлар (яъни намозларини хўжакўрсинга ўқийдилар) ва яхшиликларга тўсиқлик қиладилар” (Моъун сураси 4-7)  
Намозни бундай ҳолда ўқийдиганларнинг мунофиқ сифат кишилар эканлиги ўз-ўзидан маълумдир. Чунки мунофиқлар аслида намоз ўқишни яхши кўрмайдилар, аммо жамоатдан узоқ туриш дунёвий манфаатларига зарар бериши мумкинлигини ўйлаб ҳамма қатори масжидга борадилар. Улар намозларини дангасалик билан хўжакўрсинга ўқийдилар ва намоз ўқишдан олдин бошлаган фитна фасодларини намоз ўқиб бўлгандан кейин давом эттираверадилар..
Ўзини мусулмонлардан ҳисоблагани ҳолда намоз ўқимайдиган кишилар ҳақида эса қуйидагиларни айтиш мумкин:
Бир киши Исломнинг ҳақиқатларини билган ҳолда намоз ўқиш ва Ислом дини мусулмонларга фарз қилган бошқа ибодатларни амалга оширишдан бош тортадиган бўлса, бундай одамда имон бўлмайди. Бундай кишининг мусулмонми ёки мусулмон эмаслиги ҳақида Ислом олимлари ихтилоф қилганлар. Биз бу ерда бу ихтилофли масалага кирмасдан, шуни хусусни таъкидламоқчимиз:
Ислом дини маърифат, яъни динимизнинг асосларини инсонларга тушунтириш, даъват қилиш билан бошланади. Бизнинг вазифамиз инсонларнинг устидан ҳукм чиқариш эмас, илмимиз ва имонимиз даражасида инсонларга исломий ҳақиқатларни хотирлатишдан иборатдир. Мусулмонман дегани ҳолда намоз ўқимайдиган кишиларга эса Аллоҳ таолонинг Китобидан бир оятни ва Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг бир ҳадисини хотирлатамиз:
"Гуноҳкорлардан (сўрарлар): Сизларни дўзахга нима киритди? Улар: "Биз намоз ўқийдиганлардан эмас эдик. Ва мискинларга таом бермаган эдик. Ва ботилга шўнғувчилар билан бирга шўнғур эдик. Ва қиёмат кунини ёлғон, дер эдик. Токи бизга ўлим етиб келгунга қадар (шу ҳолда қолдик), дерлар” (Мудассир сураси 41-47)
"Намоз уни давомли ўқийдиганлар учун қиёмат кунида нур бўлади, далил бўлади ва қутулиш бўлади. Намоз ўқиймайдиганларнинг нури ҳам, дини ҳам, қутилиши ҳам бўлмайди. Бундай бенамозлар қиёмат куни Қорун, Фиръавн, Ҳоман ва Убай ибн Ҳалаф билан (жаҳаннамда) бирга бўлади” (Аҳмад ибн Ҳанбал ривоятлари)
Намоз ўқишни тарк қилиш нафақат шахсларнинг, балки жамиятнинг таназзулига ҳам бир ишоратдир:
"Ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган Пайғамбарлардан, Одамнинг зурриётларидан, Нуҳ билан бирга кемада кўтарганларимиздан (яъни қутилганлардан), Иброҳим ва Исроилнинг зурриётларидан бўлган, Биз ҳидоят берган ва танлаб олган кимсалардир. Уларга Раҳмоннинг оятлари тиловат қилинганда йиғлаган ҳолда сажда қиладиган зотлардир. Бас, уларнинг ортидан келган ўринбосарлари намозни зое қилдилар (йўққа чиқарадилар) ва шаҳватларига эргашдилар. Шубҳасиз, улар ёмонликка йўлиқувчилардир” (Марям сураси 58-59)
Намоз ўқиш учун шартларга кўра таҳорат олиш, ғусул ёки таяммум қилиш фарздир. Яна ҳар намозни ўз вақтида ўқиш,  вужуднинг маълум қисмини ёпадиган шаклда кийим кийиш, намозда қиблага қараб туриш керак бўлади. Намоз ўқиш "Аллоҳу Акбар”, дея  такбир келтириш билан бошланади. Оёқда тик турган ҳолда (қиём) Фотиҳа сурасини ва бошқа суралар ўқилади. Шундан кейин яна такбир айтиб вужуд эгилади ва  кафтлар билан тиззаларни ушлаган ҳолда  рукуъга борилади ва уч марта "Субҳона Роббийл Аъзийм”, дейилади. Кейин"Саъмиаллоҳу ли ман ҳамидаҳ”,  дея вужуд қайтадан тик ҳолга келтирилади ва вужуд тик ҳолга келгандан кейин эса "Роббана лакал ҳамд”, дейилади.   Яна такбир айтиб икки марта сажда қилинади, яъни кафтлар, тиззалар, пешона, бурун ва оёқ бармоқлари ерга тегизлади ва уч марта "Субҳона Роббийл Аъло” , дейилади. Намознинг бу шартларининг бутунини бир марта бажаришга ракаат, дейилади. Фарз намозлар вақтларга қараб уч ёки тўрт ракаат бўлиши мумкин. Ҳар икки ракаатда кейин ўтирган ҳолда  "Аттаҳияту..” ва қолган намозларда салом беришдан олдин "Аттаҳияту..” ва бошқа дуолар ўқилади. Намоз ўқиш аввал ўнг, сўнгра чап томонга "Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, дея салом бериш билан якунланади. Албатта, намоз ўқийдиган кишининг қалбида бу ибодатни амалга ошириш нияти бўлади. Фақат бу ниятни намоз ўқишдан олдин айтиш  ёки айтмаслик ихтилоф мавзусидир. Биз бу ерда келтирган намоз ўқиш таърифи умумий таъриф бўлиб, намоз ибодатини бошлашни истаганларга илми, имони ва амали солиҳ, тажрибали мусулмонлардан ўрганишни тавсия қиламиз.    
ЗАКОТ БЕРИШ
Мусулмон кишининг мол мулкидан закот бериши динимизда намоз ўқишдан кейин амалга ошириладиган муҳим бир ибодатдир. Закот бериш бой мусулмонларга фарздир. Яъни, мол мулки закот бериш даражасида бўлмаганлар закот бермайдилар, аксинча уларга закот сифатида тўпланган пул ва бошқа ашёлар тарқатилади. Маълумки инсонларнинг фитрати жамият бўлиб яшашга мос ҳолда яратилгандир. Турли ижтимоий соҳаларда ўзаро ёрдамлашиш эса жамият бўлиб яшашнинг асосий шартларидан ҳисобланади. Инсонларнинг мана шундай ўзаро ёрдамлашишларининг энг муҳими иқтисодий жиҳатдан бўлади..
Закот бериш худди намоз ўқиш, рамозон ойида рўза тутиш, ҳажга бориш каби ибодатлари каби Исломдан олдинги умматларга ҳам фарз қилинган эди.
"Ҳолбуки улар (аҳли китоблар) динни фақат Аллоҳга хос қилган ва Унинг ягоналигига имон келтирган ҳолда ибодат қилишга, намоз ўқишга ва закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу энг тўғри диндир” (Баййина сураси 5)
Қуръони Каримда закот бериш аксар ҳолларда намоз ўқиш билан бирга зикр қилингандир:
"Эй мўминлар! Касб қилиб топган пок нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан ундириб берган нарсаларимиздан инфоқ қилинг (закот беринг). Сизга берилганда, кўз юмишингиз  (яъни ночор, иложсиз қолишингиз) истисно,ўзингиз ҳам олмайдиган  нопок нарсаларни (яъни мол мулкингизнинг ёмон, арзимайдиган қисмини) бериш билан яхшилик қилишни ният қилманг (Яъни мол мулкингизнинг яхши, ўзингиз севадиган қисмларини закот сифатида беринг). Ва билингки, Аллоҳ бой ва мақталадиган Зотдир” (Бақара сураси 267)
"Ва мол-мулкларида тиланчи ва маҳрум (фақир ва мискин)ларнинг ҳаққи бордир” (Зориат сураси 19)
"Уларнинг мол мулкларида тиланчи ва маҳрум ҳолга тушиб қолганларнинг ҳаққи бордир” (Маориж сураси 24-25)

Бу оятларда бой кишиларнинг мол мулкида фақир фуқаронинг ҳаққи борлиги баён қилгандир. Ислом ақидасига кўра мол мулкнинг мутлақ эгаси Аллоҳ таоло ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўзи истаган кишига мол мулк беради ва Ўзи истаган кишидан уни олиб қўяди. Шунинг учун ҳам инсонлар ихтиёрларида бўлган мол мулкни фақатгина уларнинг ўзларига оид эмас, Аллоҳ таоло тарафидан омонат берилган нарсалар ўрнида кўришлари керак бўлади. Бу Ислом динида хусусий мулкчилик йўқдир маъносида талқин қилинмаслиги керак. Бир киши бировдан омонат оладиган бўлса, олган нарсани ўз билганича сарфлай олмайди. Омонатга берилган нарса омонат эгаси айтган шаклда сарфланиши керак. Аллоҳ таоло мол мулкнинг ҳақиқий эгаси экан ва мусулмонлар фақатгина омонатчи мақомида эканлар, у ҳолда улар ихтиёрларида бўлган нарсаларни Аллоҳ марҳамат қилган шаклда сарфлашлари керак бўлади.
 Закот беришнинг шартлари кишининг мусулмон бўлиши, мол мулкнинг нисоб (закот бериладиган) миқдорда бўлиши, закот бериладиган мол мулкнинг эгасига оид бўлиши (яъни бир киши бошқа кишининг мол мулкининг закотини бера олмайди) ва бир йил давомида соҳибининг ихтиёрида бўлишидир (яъни бир йилдан оз муддат сақланган мол мулкдан (нақд пул, тилло-кумушдан) закот берилмайди). (закот яна чорва-моллар, сотувга қўйилган моллар ва баъзи экинлардан ҳам чиқарилади. Тафсилоти фиқҳий китобларда батафсил ёрилган) Закот бериш билан мусулмон киши мол мулкини поклаган бўлади. Закоти берилмаган мол мулк эса покланмаган ҳисобланади.
Қуръони Каримда закот ва садақа калималари айни маънода ишлатилган бўлиб, закотнинг кимларга берилиши ҳам аниқ белгилаб берилгандир:
"Албатта, садақаларни (яъни закотни) фақирларга, мискинларга, закот маъмурларига (уни тўплаб тарқатувчиларга), кўнгиллари (Ислом динига) мойил қилинадиганларга, қулларга (уларни озод қилишга), қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига (бу йўлда курашадиганларга) ва йўлда қолганларга (сафар ҳолида мол мулксиз қолганларга) бериш Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир” (Тавба сураси 60)
Исломий жамиятда закот тўплаш ва уни эҳтиёж эгаларига бериш давлатнинг (ҳукуматнинг) вазифаси ҳисобланади. Исломий бўлмаган жамиятларда эса мусулмонларнинг ўзлари закотларини эъҳтиёж эгаларига беришлари керак. Мусулмон киши закотини ота-онасига ва бола-чақасига бера олмайди. Чунки бу яқинларини нафақа билан таъминлаш мусулмон кишининг вазифасидир. Закот эса кишининг эҳтиёжидан ортган мол мулкдан берилади. Қарздор кишилар ҳам, закот бериш нисобида мол мулки бўлишига қарамасдан, закот бермайдилар. Чунки улар аввало қарзларини узишлари керак бўлади.
Олтин, кумуш ва қоғоз пулларнинг нисоби қуйидагичадир, олтиннинг нисоби 20 мисқол, яъни тахминан 85 грамм, кумушники эса 200 дирҳам, яъни тахминан 560 граммдир. Бу ҳисобга кўра бир йил давомида 85 грамм олтин миқдорида бойлиги бўлган киши бу бойлигининг 40 дан бир қисмини (2,5 %) закот сифатида бериши керак бўлади. Масалан, 1 грамм олтин 35 доллар миқдорида бўлса, 85 х 35=2975 доллар миқдорида бойлиги (пули) бўлган киши тахминан 75 доллар миқдорида закот бериши керак (фарз) бўлади (Закот бир йилда бир марта берилади).
Фиқҳ китобларида қўй ва эчкиларнинг нисоби 40, сигир, ҳўкиз ва шунга ўхшаш катта бош ҳайвонларнинг нисоби 30, туяларнинг нисоби эса 5, дея билдирилгандир. Шунингдек, тижорат молларидан ҳам нисобларига кўра закот берилиши лозим бўлади. Зироат маҳсулотларининг закотига ушур, дейилади ва бу маҳсулотнинг 10 дан бирини закот сифатида беришни билдиради. Уламолар суғораладиган ва суғорилмайдиган ерларга кўра зироат маҳсулотларидан олинадиган закот миқдорининг фарқли бўлишини айтганлар. (Яъни суғорилмайдиган ердан маҳсулот олиш суғориладиган ердан маҳсулот олишдан қулайдир. Шунинг учун ҳам закот беришда фарқ бўлиши керак, дейилади).  
Мукаллаф бўлгани ҳолда, яъни мусулмон ва нисоб даражасида мол мулк соҳиби бўла туриб закот беришдан бош тортадиганларнинг ҳукми худди намоз ўқишга мукаллаф бўлгани ҳолда уни ўқимайдиганларнинг ҳукми кабидир. Шуни унутмаслик керакки, Ислом беш асосдан иборатдир: Калимаи шаҳодат келтириш, намоз ўқиш, закот бериш, рамазон рўзасини тутиш ва ҳажга бориш. Мукаллаф бўлган ва шаръий узрлари бўлмаган ҳолда  бу асослардан биридан бош тортган киши Исломнинг ҳамма асосларидан бош тортган ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Абу Бакр розийаллоҳу анҳу халифа бўлганликларидан кейин закот беришдан бош тортган қабилаларга қарши жиҳод қилган эдилар. Бу жиҳодлар ридда урушлари номи билан машҳурдир.    
РАМОЗОН ОЙИ РЎЗАСИНИ ТУТИШ
 "Рўза” форсча сўз бўлиб, бу ибодат араб тилида "савм ёки сиём”, деб аталади. Рўза тутиш ҳам аввалги умматларга фарз бўлгани каби мусулмонларга фарз қилингандир.
"Эй мўминлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангизлар. Саноқли кунларда (рўза тутиш сизларга фарз қилинди). Сизлардан ким хаста ёки сафарда бўлса, саноғини бошқа кунларда тутади (тамомлайди). Рўзани қийналиб (хасталик ёки кексалик туфайли) тутадиганларнинг (унинг ўрнига) бир мискинга фидя (сифатида) таоми (едириши) лозимдир. Яхшиликни ўз ихтиёрингиз билан амалга оширишингиз сизнинг учун афзалроқдир. Агар билсангиз, рўза тутишингиз сизлар учун яшироқдир” (Бақара сураси 183-184)
Эътибор бериладиган бўлса, юқорида келтирилган ояти каримада рўза тутишдан мақсад тақводор бўлиш, дея марҳамат қилингандир. Тақводор бўлиш эса Аллоҳ таолодан қўрқишни, Унинг ҳукмларига бўйин эгишни, мусулмон киши сифатида ибодат ва итоатни бузмасдан, асл ҳолида ихлос ва самимият билан амалга оширишни билдиради. Демак, рўза тутган киши имонини ва ҳатти-ҳаракатларини кўздан кечириб, уларни тараққий қилдириш учун куч сарфлайди. Рамозон ойида рўза тутиш масаласига келадиган бўлсак, бунинг сири ҳам Қуръонда баён қилингандир:
"(Рўза) рамозон ойидаки, унда инсонларга ҳидоят, унинг далили ва Фурқон (ҳақ ва ботилни бир-биридан айирувчи) сифатида Қуръон нозил қилингандир. Сизлардан ким бу ойда (рамозоннинг бошланишида) ойни (ҳилолни) кўрса, рўза тутсин. Ким хаста ёки сафарда бўлса, саноғини бошқа кунларда тутади (тамомлайди). Аллоҳ сизларга осонлик истайди, қийинчилик истамайди. Бу (рўза) муддатини мукаммал (тамом) қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шоядки шукр қилсангизлар” (Бақара сураси 185)
Рамозон ойи мусулмонлар учун ўта муҳим, имон ва тақвони мукаммаллаштириш ойи ҳисобланади. Бу ойда рўза тутишдан мақсад ҳам шундадир. Рўза тутган киши ўзини фақатгина еб-ичиш ва жинсий муносабатдан тийиб қолмай, алоҳида руҳий ва маънавий ҳолатда Аллоҳ таолога ибодат ва итоатда бўлади. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг ҳадислари рамозон ойининг ва бу ойда тутилган рўзанинг фазилатлари таъриф қилингандир. Жумладан, бу ойда шайтоннинг занжирланиши Аллоҳ таолонинг мусулмонларга нисбатан буюк раҳмати ва шафқатидир. Шунинг учун ҳам бошқа ойларда рўза тутишга қийналадиганлар рамозон ойида ҳеч қийналмасдан рўза тутадилар. Рўза тутиш фақатгина маънавий ибодат эмас, айни пайтда инсон вужудининг зарарли моддалардан тозаланиши ҳам, демакдир. Турли касалликларга чалинганларнинг ўз-ўзидан иштаҳаси бузилиб, оч қолишга мойил бўлишининг сири ҳам шундадир. Яъни, маълум муддат оч қолиш хасталикларга қарши туришнинг фитрий чораси ҳисобланади. Рўза кунлари саҳарда эрта туриб саҳарлик қилиш, ифтор пайтида уйларда ёки жамоат ҳолида ифторлик қилишнинг ўзига хос яхшиликлари бордир. Бу мусулмонлар ичида рўза тутиш ибодатининг қадриятини ортиради, улар бу билан тақвода, яъни яхшиликда мусобақалашадилар, сўзда эмас, амалда бирликликларини ифодалайдилар. Бундай бирликнинг рамзи эса шубҳасиз рамозон ойида жамоат ҳолида қилинадиган таровеҳ намозидир. Шунингдек, кечаларни бедор ҳолда, Аллоҳ таолога ибодат, тавба, истиғфор, зикир билан ўтказиш, Қуръони Карим тиловат қилиш, илм ўрганиш ва бу ойнинг сўнгги ўн кунини эса итиқоф нияти билан масжидда ўтказиш рамозон ойида тавсия қилинадиган маъруф ва солиҳ амаллар ҳисобланади.
Рамозон ойида рўза тутган киши қасддан еб-ичадиган ва жуфти ҳалоли билан жинсий муносабат қиладиган бўлса, рўзаси бузилади ва бунга каффорат сифатида қайтадан узлуксиз олтмиш кун рўза тутиши керак бўлади. Бу ишларни унутган ҳолда қилган рўзадорнинг рўзаси бўзилмайди. Шунингдек, рўза тутган кишининг бирор сабабдан (қасддан эмас) меъдасига сув, ўсимлик кетиши, ичагига ва сийдик халтасига, қон томирига даволаниш мақсадида дори-дармон берилиши ҳам рўзани бузадиган амалларга киради. Бундай ҳолатга йўл қўйганларнинг рўзаси бузилган кун учун қазо (яъни бошқа бир кун) рўза тутиши вожиб бўлади. Шаввол ойининг ҳилоли кўриниши билан рамозон ойи тугаб, рамозон ҳайити бошланган ҳисобланади.
ҲАЖГА БОРИШ
Ҳаж Исломнинг беш шартидан бири ва унга боришга йўл (моддий имкон ва хавфсиз йўл) топган мусулмонлар учун фарздир.
"Баккадаги (Маккадаги) уй (Каъба) инсонлар учун муборак ва ҳидоят манбаи қилинган биринчи уйдир. Унда очиқ оят-далил ҳисобланадиган Иброҳимнинг мақоми бордир. Унга кирадиганлар тинчлик-хотиржамликда бўлади. Унга боришга йўл (моддий имкон ва хавфсиз йўл) топган инсонлар Аллоҳ учун ҳаж қилсинлар. Кимки куфр келтирса (яъни ҳажни инкор қилса), Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли имрон сураси 96-97)
Бу оятда Маккада жойлашган Каъбатуллоҳнинг муборак бир жой, ҳидоят манбаси эканлиги, у ерда Иброҳим алайссаломнинг мақоми-оёқ излари борлиги ва бу муқаддас маконни ҳаж (зиёрат) қилиш имон эгалари учун фарз эканлиги марҳамат қилинади. Ҳанифлик динининг таблиғчиси бўлган Иброҳим алайҳиссалом замонидан бери Маккани ҳаж мақсади билан зиёрат қилиш одати бор эди. Ҳатто мушриклар ҳам ҳаж ибодатини қилишар, ҳаж ойларида Макка атрофида тўпланиб, турли маросимлар ўтказишар, ҳаж қилганларида ялонғоч ҳолда Каъбани тавоф этишарди. Ислом келгандан кейин Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассалам мусулмонларга умра ва ҳажнинг қандай амалга оширилишини кўрсатиб бердилар. Аввало шуни айтиш керакки, Ҳаж маълум ой ва кунларда қилинади. Ҳажга отланган киши аввало бу ибодатнинг сирларини ва унда амалга ошириладиган ишларнинг моҳиятини ўрганиши керак бўлади. Ҳаж мавсуми бошланиши билан бу мақсадда йўлга чиққанлар Ҳижоз бўлгасининг маълум ҳудудига келгандан кейин иҳромга кирадилар. Бу ҳажнинг илк фарзидир. Умра қилгандан кейин ниятларига қараб, иҳромдан чиқадилар ёки иҳромда бўлишда давом этадилар. Умра Арофатда вақфа туришдан бошқа кунлари Каъбани зиёрат қилишни билдиради. Бунга кичик ҳаж ҳам, дейилади. Умра қилган киши иҳромга кириб, аввал Каъбани тавоф қилади, сўнгра Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъйи қилади ( бориб келади) ва сочини олдириб, иҳромдан чиқади. Шу билан умра тугаган ҳисобланади. Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни иҳромга кирган ҳолда Мина, дейилган жойда бир кеча туналади. Эртаси кун Ҳажнинг асосий рукни бўлган Арофат, дейилган жойга вақфа туриш учун келинади. Бу ерда пешин ва аср намозлари жам қилиб ўқилади, тавба истиғфор қилинади ва ҳажни қабул бўлиши учун Аллоҳ таолога дуо, зикр ва шунга ўхшаш ибоатлар қилинади. Шом намозининг вақти кириши билан Арофат ва Минанинг ўртасида жойлашган Муздалифа, дейилган жойга вақфа қилиш учун борилади ва у ерда шом ва хуфтон намозлари  жам қилиб ўқилади.  Бу ерда ҳам Арофатдаги каби бошқа ибодатлар қилинади. Эртаси кун тонг отиши билан Минага шайтон тошлаш учун келинади ва бу ерда тўрт кун давомида уч жойда кетма кет шайтон тошланади. Шайтон тошлашнинг илк кунидан кейин қурбонлик сўйилиб, соч олдирилади. Қурбон байрамининг илк уч кунида зиёрат (фарз) тавофи, Сафо ва Марва тупаликлари орасида сайъи ва Ҳаж ибодатини тугатишдан олдин Видо тавофи ҳам қилинади.
Ҳаж Ислом динининг асосий ибодатларидан бўлиб, унинг ўзига яраша ҳукм ва қоидалари боридр. Масалан, иҳромга кирган мусулмонларнинг жуфти ҳалоллари билан жинсий муносабатда бўлишлари, уриш-жанжал ва гуноҳ ишлар қилиш тақиқлангандир. Шунингдек, Арофат ва Муздалифада вақфа турилганда бу жойларнинг чегараларини яхши билиш керак бўлади. Чунки бу чегаралардан ташқарида турган киши вақфада турган ҳисобланмайди.   
 Эслатма: Ислом динининг ибодатларига амал қилиш уларни ҳам илмий ҳамда амалий жиҳатдан  яхши ўрганиш билан бошланади. Бу эса албатта илм аҳллари ва мусулмонларни бир орага келтирган жамоат билан бирга бўлишни тақоза қилади. Динимизни саҳиҳ асосларга кўра ўрганишни ва унга тўғри амал қилишни истаган биродорларимизнинг бу масалада кимларга мурожаат қилишлари албатта катта аҳамиятга эгадир. Биз бу масалада фирқачиликни эмас, "Аҳли суннат вал жамоатнинг” саҳиҳ йўлини тутганлар билан бирга бўлишни тавсия қиламиз. Динимизда турли сабабларга кўра ва турли замонларда ўртага чиққан "Ҳизбут таҳрир”, "Акромия”, турли тасаввуф тариқотлари в шунга ўхшаш ҳаракатларга қўшилган киши , "Аҳли суннат вал жамоатнинг” умумий, саҳиҳ йўлига эмас, Ислом динидаги бир фирқага эргашганликларини яхши билишлари керак бўлади. Бу эса мусулмонларнинг умумий манфаатига зид бўлган ва уларни бир-биридан айирадиган йўлдан юришни билдиради. Демак, Исломни ўрганишни ва унга амал қилишни истаганларнинг аввал бошданоқ , "Аҳли суннат вал жамоатнинг”  саҳиҳ ва соф йўлини танлашлари мақсадга мувофиқдир

Категория: БАХС-МУНОЗАРА-МУХОКАМА | Просмотров: 1473 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Copyright MyCorp © 2024
ҚИДИРИШ

Бесплатный хостинг uCoz