Муҳаммадсолиҳ Абутов
Кўрмай кетдилар, афсус.
Қўнғироқдек йиғи, ингоқларингни,
Ширин кулгичларинг, ёноқларингни,
Қора кўзларингни, қароқларингни,
Дадажоним кўрмай кетдилар, афсус.
Бидиллаган тили бийронларингни,
Ҳайрат билан боққан,мужгонларингни,
Ҳаётимга мазмун, илҳомларингни,
Онажоним кўрмай кетдилар, афсус.
Сен Ёлғиз Аллоҳга бир қул бўлганинг,
Боғимда очилган бир гул бўлганинг,
Дадамга невара, ўғил бўлганинг,
Бобожонинг билмай кетдилар афсус.
Ўзинг боққин дея, болаларингни,
Бизга ташлаб барча ғалваларингни,
Бешикинг устида аллаларингни,
Моможонинг айтмай кетдилар, афсус.
Мен сенга Дадамни исмин қўйгандим,
Исминга мувофиқ бўлгин ўғилчам.
Лойиқ йигит бўлгин, Бобонг исмига,
Сени Кўрса, хушнуд бўларди Дадам!
Илм ол, Олим бўл, ҳофиз қуръон бўл,
Заволи бўлмасин топган камолинг.
Сен менга Роббимнинг иноятисан,
Кўзларим қувончи ҳусни жамолинг!
——————
Агар дуо қилсанг, ўтсам дунёдан,
Аввал дуо қилгил, азиз Бобонгни!
Мағфират тиласанг менга Аллоҳдан,
Бобонгдан сўнг,менга қилгил дуонгни!
Сен менга ўхшама, Дадамга ўхша,
Мени фахрим бўлган Зот эди Дадам.
Шундай васият қил фарзандларинга,
"Бобомизга лойиқ бўл!, деган Дадам”.
Менга ўхшамагил ҳаргиз Полвоним,
Отангда кўп эрур, нуқсони ками.
Бобонга ўхшасанг, азиз ўғлоним,
Шу ғамгин дилимга, Ҳақнинг малҳами!
|