Ўғилчамга аталган ғазаллар
Сенга бергай Ҳақ Ўзи, имон зиёсидан улуш,
Ҳам расули Мустафо, хулқи-ҳаёсидан улуш.
Ҳам Абу Бакру Сиддиқ, хулқи боикромидан,
Ҳам яна Ҳазрат Умар, хавфу-рижосидан улуш.
Ҳазрати Усмон сахоси бирла, илми Муртазо,
Барча Асҳоби Киром, илмин зиёсидан улуш.
Барча ўтган тобеинлар, барча солиҳ бандалар,
Барча қуръон аҳлининг, топган сафосидан улуш.
Насиб этгай мужтаҳидларнинг шижоат ғайрати,
Ҳадис илминда Бухорийнинг закосидан улуш.
Бул фазилат аҳлини фазлин карам қилғай Худо,
Назм илминда Навоийнинг даҳосидан улуш.
Насиб этгай сенга, аждодларнинг иззатлик йўли,
Етмагагай лекин улар, қилган хатосидан улуш.
Сенга Жаддинг ҳусни одоби, насиб этсин болам,
Сени кўрганлар десун;»Олган бобосидан улуш».
Мен неки орзу-тилак, қилдим насиб этгай сенга,
Етмагай лекин манга, етган балосидан улуш.
Сен учун Ҳақдин тилак айлаб, ғазал ёздим бугун,
Жўживой етгай сенга, Саҳвий дуосидан улуш.
****
Эй ўғилчам бу сўзим мендан нидо бўлсин санга,
Сен ҳақингда Тангрига қилган дуо бўлсин санга.
Сенки бу дунёга келдинг, энди бу дунёгамас,
Ҳаққа банда бўлки, бу дунё фидо бўлсин санга.
Аввало олғил илм, бўлғилки ислом олими,
Ҳақ ризоси ҳаётингдан муддао бўлсин санга.
Билки бизга қолди кўп ибрат расулуллоҳдан,
Суннатини ушламоқ кўнглингда жо бўлсин санга.
Сенга бергай Ҳақ саодатли ҳаёт, касбу-камол,
Интилиб қилган улуғ мақсад раво бўлсин санга.
Тангрига килғил таваккул, доим истиғно килиб…,
Мосиваллоҳдан, келиб Шоҳлар гадо бўлсин санга!
Бу ҳаёт ҳодисларидин етмагай ҳаргиз завол,
Мададкоринг доимо, ёлғиз Худо бўлсин санга.
Жўживой сенга бағишлаб, мен бугун ёздим ғазал,
Не тилакларни тилабдир Саҳвиё, бўлсин санга!!!
|