Oқ рўмол қизлар!..
Ўтиб туринг кўчамдан гоҳ-гоҳ, Кўнгил яйрар кўрганим сари. Эй гулбадан, эй кийикнигоҳ, Ўзбекойим набиралари — Ойдин қизлар, ойжамол қизлар, Ойдан тушган оқ рўмол қизлар!..
Ерданми ё кўкдан сўрайми, Пойингизда жоним берайми? Сизни шундай кўриб қувончдан Ёрилмаган юрак — юракми?.. Ойдин қизлар, ойжамол қизлар, Ойдан тушган оқ рўмол қизлар.
Қонимда-ку абад-азалсиз, Аммо ёддан чиққан ғазал —сиз. Дарёларнинг ортида қолган Афсонавий Тожимаҳалсиз. Ойдин қизлар, ойжамол қизлар, Ойдан тушган оқ рўмол қизлар.
Юрса йўлга ёғдулар изи, Париларга орзулар изи. Сиз — онамнинг ёришган юзи, Сиз — отамнинг йўқотган қизи... Ойдин қизлар, ойжамол қизлар, Ойдан тушган оқ рўмол қизлар.
Ўсма ўпган қошми бу зулук, Бунча поксиз, бунчалар суюк? Сиз борсизки, муҳаббат ҳам бор, Сиз борсизки, Муҳаммад буюк. Ойдин қизлар, ойжамол қизлар, Ойдан тушган оқ рўмол қизлар.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф
|