"Шу куннинг масали”
Қанотини кенг ëйиб бургут, Кўкда мағрур қилади парвоз. Атрофида қора қарғалар Қанот қоқар унга жўр овоз.
Нурни тўсган қора қанотлар, Пастда зиë излар кабутар. Тўтиқушлар осмонга қараб, Қора зулмат мадҳини айтар.
Ризқин терар мусичалар жим, Қалдирғочлар хорижга кетган, Сайрамайди булбуллар ҳатто, Бечоралар тили кесилган.
Омадлидир чақимчи чумчуқ, Гап пойлайди панада туриб. Хўрозлар ҳам чақирмай қўйган, Чақиргани сўйилиб кетиб.
Ман-ман деган учқур лочинлар Катакларга қамалиб қолган. Пастқамларда чуғур чуғурлар, Тепаликда овоз бўғилган.
Мусиқачи бугун зағизғон, Какку куйлар тўтиқушга жўр, Оққушларчи четга қувилган, Оқлиги учун бўлиб қолган хўр.
Зулмат ичра оппоқ бўлмоқлик, Оғирлигин оққуш билади. Оққушларни қора демаган, Ўзи оққуш бўлиб қолади.
Ҳакка тинмай титади ахлат, Қатортолда қумрилар қатор, Калхатларчи ўлакса излар, Шолизорда лайлак мардикор.
Вайроналар устида бойқуш Қаср қуриш билан овора. Чиқинг, келинг жаннат юртга деб, Қизилиштон чалар ноғора.
Мадҳ айтади сўфи тўрғайлар Мусичадек бўлиб беозор. Ҳаққингизни туя қилса ҳам, Туяқушдан сўрмангиз савол.
Осмон узра қоп-қора булут Ëмғир эмас ëғади иллат. Пастқамларда мусичалар жим Сабр тагидан излайди ҳикмат.
Тошкентлик ҳаваскор шоир
Одил Аҳмад Ўзбекистондаги бугунги вазиятни ўзи ёзган масал орқали
гавдалантиришга ҳаракат қилибди. "Шу куннинг масали”да айнан бугунги
кунимизни кўрасиз”, дейди шоирнинг ўзи.
|