Қирғизистон Бош прокуратураси "Шафқатсизлик фалсафаси. Шоқол даври" ва "Шафқатсизлик фалсафаси. Геноцид давом этмокда... Шоқоллар ҳали кетмаган" номли китоблари таъсирида миллатлараро адоватни қўзғатиш ҳаракатлари буйича жиноий иш очган.
Китобларга қарши Қирғизистон Жиноят кодексининг 299-моддаси (миллий, ирқий, диний ва минтақалараро адоват қўзғатиш) ва 299-1 моддаси (миллий, ирқий, диний ва минтақалараро адоват қўзғатишга йўналтирилган ташкилий фаолият юритиш) бўйича жиноий иш қўзғалган. Терговни Миллий Хавфсизлик Қўмитаси олиб боради.
Бош прокуратура матбуот хизматининг Би-би-сига айтишича, "Миллий хавфсизлик буйича давлат қўмитаси Ўш шаҳри, Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида содир этилган фожеали июнь воқеаларига ғараз билан ва бир томонлама баҳо берган мазкур икки китобнинг Қирғизистондан ташқарида нашр этилганлигини аниқлаган".
Нашрнинг мазмунини ўрганиш учун Қирғизистон Фанлар Академияси, Борис Ельцин номли Қирғиз-Россия Славян Университети ва Ҳусайн Қорасоев номли Бишкек Гуманитар Университети мутахассисларидан иборат учта алоҳида эксперт комиссияси тузилган.
Бош прокуратура мулозимларига биноан, "Комиссия мазкур нашрларда республика жанубида содир этилган даҳшатли воқеаларни бир томонлама баҳолаган маълумот, суратлар ва видеолавҳалар тақдим этилган, ҳамда улар миллатлараро адоватни қўзғатишга йуналтирилди деган хулосага келган".
Комиссиялар бу китоблар ва уларга ҳамроҳ компакт дискларнинг Қирғизистон ҳудудида тарқатилишига йўл қўймаслик ва уларнинг нашр этилишига алоқадор шасларга қарши чора кўришни прокуратурага тавсия этган.
Қирғизистон Бош прокуратураси мазкур икки китобни ноқонуний деб эълон қилиш, ҳамда уларни Қирғизистон ҳудудида чоп этиш, нусха кўчириш ва тарқатишни тақиқлаш юзасидан маҳкамага мурожаат этган.
Ҳафта бошида парламент йиғинида гапирган депутат Жилдиз Жўлдошева "Шафқатсизлик фалсафаси. Шоқол даври" ва "Шафқатсизлик фалсафаси. Геноцид давом этмокда... Шоқоллар ҳали кетмаган" китобларига муносабат билдира туриб, ушбу китоблар Финляндияда нашр этилганлигини айтган.
Жўлдошева хоним айни нашрларни Ўш ва Жалол-Ободдаги этник зўравонликларни ўрганиш учун тузилган халкаро комиссия раиси, финляндиялик сиёсатчи Киммо Кильюнендан норозилигини изҳор қилган.
Кильюнен жаноблари аввалроқ ўз комиссияси хулосаларини расмий Бишкекка топширгани ва уларнинг жамоатчиликка тақдим этилишини кутаётганини айтган.
"Шафқатсизлик фалсафаси. Шоқол даври" ва "Шафқатсизлик фалсафаси. Геноцид давом этмокда... Шоқоллар ҳали кетмаган" китобларида нашр ёки муаллифлар келтирилмаган.
Ундаги суратлар ва мақолаларнинг манбаи дея ferghana.ru, www.report.kg, White Sail интернет рўзномаси, Московский Комсомолец рўзномаси ва бошқа нашрлар келтирилади.
Китоблар нафақат июнь зўравонликлари, балки унгача ва ундан кейин бўлган воқеаларни, хусусан 7 апрель давлат тўнтариши, ва июнь можароси ортидан ўзбек аҳолисига қарши кучайган тазйиқни батафсил ёритади.
Уларда ўзбек маҳаллаларининг ишғоли, аёллар ва болаларга қарши ҳужумлар, тириклайин ёқиб юборилган инсонлар акс этган суратлар ҳам жой олган.
Мазкур нашрлар Қирғизистон ҳудудида, айниқса жанубда, норасмий ҳолда номаълум шахслар томонидан тарқатилмоқда.