Қозоғистон 29 қочқинни Ўзбекистонга топширди Ўзбекистонлик қочқинлар бундан роппа-роса бир йил аввал Тошкент сўровига кўра, ҳибсга олинган эди. 09.06.2011 Меҳрибон 9
июн куни Олмаота ҳибсхоналарида роппа-роса бир йилдан буён сақланиб
келган 29 ўзбек қочқинларининг барчаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Олмаота ҳибсхоналарида бир йил давомида сақланган 29 нафар қочқин Ўзбекистонга бериб юборилди.
Бу ҳақда Озодликка Олмаота шаҳар прокурор ўринбосари Ташкенбай Абубакиров маълум қилди.
- Ўзбекистон бош прокуратурасининг сўровига кўра, Қозоғистон бош
прокуратураси қочқинларни уларга топшириш ҳақидаги қарорни қабул қилди.
Бу одамлар Ўзбекистон ҳудудида ўта оғир жиноятлар содир этганликда
айбланган ва барчаси қидирувга берилган. Ўзбекистон билан Қозоғистон
ўртасида ўзара келишув бор. Шунингдек, Минск конвенцияси ва бошқа
халқаро ҳужжатларга кўра, бу одамлар Ўзбекистонга қайтарилди. Уларнинг
айримлари БМТнинг қочқинлар мақоми бўйича ҳужжатга эга эди. Шунинг учун
уларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судга апелляция тартибида
мурожаат қилиш имкони берилди. Яқинда суд уларнинг ишини кўриб бўлди.
Суд уларни экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдирди. Ва
уларга берилган қочқинлик мақоми қайтариб олинди. Эндиликда улар
Ўзбекистонга топширилди, деди Олмаота шаҳар прокурори ўринбосари
Ташкенбой Абубакиров.
9 июн куннинг иккинчи ярмида 12 нафар қочқин аёл эрларининг Ўзбекистонга
бериб юборилганига норозилик билдириб, Олмаота шаҳар прокуратураси
биносини пикет қилишди.
Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, пикет пайти аёлларга нисбатан
ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўпол муносабатда бўлиниб, аёллардан
айримлари ҳибсга олинган.
Олмаотадаги ўзбек қочқинларидан бири Умида Азимовага кўра, ҳибсга
олинган қочқин аёллардан тўрт нафари ҳам Ўзбекистонга жўнатилган.
Қозоғистонлик ҳуқуқ фаолларига кўра, расмий Остона кейинги тўққиз ой
ичида 29 қочқиндан ташқари яна тўрт ўзбек қочқини Ўзбекистонга
экстрадиция қилган.
Ўтган йилнинг 30 октябр куни Қозоғистон Ўзбекистонга экстрадиция қилган
Тожикистон фуқароси 36 ёшли Умарали Абдураҳмонов жорий йилнинг бошида
амнистияга тушмаслик шарти билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум
қилинди.
Ўзбекистонга экстрадиция қилинган бошқа уч қочқиннинг тақдири ҳозирча номаълум.
Олмаота ҳибсхоналарида бир йил давомида ушлаб турилган 29 қочқин ўтган
йилнинг 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган "Мигрант” рейди
чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмат ходимлари томонидан қўлга
олинган эди.
Ўзбекистон Бош прокуратураси бу қочқинларни оғир ва ўта оғир жиноятлар
содир этганликда айблаб, уларнинг ўз ихтиëрига берилишини сўраган.
Олмаота шаҳар Миграция департаменти ўтган йили Қозоғистон жанубий
пойтахтидаги икки ҳибсхонада сақланаётган ўзбекистонликларнинг бошпана
изловчи шахс мақомини бериш бўйича илтимосини рад этди. Ўзбек
қочқинларининг мазкур қарори юзасидан шикоят аризаси 2010 йил сўнггида
Олмали туман суди томонидан ҳам, жорий йил бошида Олмаота шаҳар суди
томонидан ҳам рад этилди.
2010 йилнинг 8 сентябр куни Олмаота шаҳар прокурорининг ёрдамчиси
Ташкенбай Аубакиров Қозоғистон Бош прокуратураси ҳибсхонадаги ўзбек
қочқинларини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарганини
билдирган эди.
Март ойида Олмали туман суди Қозоғистон Бош прокуратурасининг 32 ўзбек
қочқинини Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича қарорини қонуний деб
топди.
14 апрел куни куни ўтган маҳкамада Олмаота шаҳар суди судяси Ермахан
Дилдабаев Олмали туман судининг мазкур қарорини тўғри деб топиб, уни ўз
кучида қолдирди.
9 июн куни эса 29 қочқин Ўзбекистонга топширилди.
|