Тошкентда болалар Ҳайит намозига қўйилди, Наманганда эса айримлари қайтарилди
Ўртоқлашинг Шарҳларни кўринг Ўзбекистоннинг аксар масжидларида 15 июнь куни ўқилган Рамазон ҳайити намозига болаларнинг кириши аввалги йилларга нисбатан эркинроқ бўлгани кузатилди. Лекин, Наманган вилоятининг айрим масжидларида аввалгидек болалар намозга қўйилмаганидан шикоятлар бўлди. Озодликка келган ва ижтимоий тармоқларда билдирилган шикоятларда Наманганнинг Косонсой туманидаги Эшон бобо, Бузурукхўжа жоме масжиди, Поп туманидаги Имом Зайнобиддин, Саид Жалолхўжа жоме масжидлари номи тилга олинди. Айтилишича, 15 июн кунги Ҳайит намози вақтида 18 ёшга тўлмаган болалар бу масжидларга киритилмаган. Хусусан, Косонсой туманидаги Эшон бобо масжидига борган Азимжон, Озодлик билан суҳбатда, фарзандларини қайтаришга мажбур бўлганини айтди. - Ўзбекистоннинг ҳамма жойида Ҳайит намозига болалар киритиляпти, бизни Намангандаги масжидларда ҳали ҳам эски замондан қолган тақиқлар сақланиб қоляпти. Нимагалигини тушунтириб берадиган одам борми? - дея савол ташлади 3 фарзанди масжидга киритилмаганини айттган наманганлик Азимжон. Facebook.com ижтимоий тармоғида Поп туманидаги Саид Жалолхўжа масжидига Ҳайит намозига борганини айтган фойдаланувчи: "Масжид ҳовлисига киритилмади, кўчада туришди", деб ёзди. Шунингдек, Намангандаги аксар масжидларда болалар Рамазон ойида таровеҳ намозига ҳам қўйилмаганидан ҳам шикоятлар кузатилди. Facebook тармоғида Дилшод Ҳалилов исмли фойдаланувчи бу ҳақда шикоят қилиб, президент Шавкат Мирзиёев қабулхонасига ёзгани, аммо аниқ жавоб олмаганини билдирди.
|